Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаев бедарак йўқолди

Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаев бедарак йўқолди
29 views
29 September 2017 - 13:46

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаев бедарак йўқолган. Турмуш ўртоғининг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, журналист чоршанба куни тушдан сўнг уйидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган.

“Тушдан сўнг машинани устадан оламан деб чиқиб кетган эди. Шундан сўнг қўнғироқларимга ҳам, мактубларимга ҳам жавоб бермади”, дейди журналистнинг турмуш ўртоғи.

Бобомурод Абдулла Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

Унинг танқидий мақолалари Ўзбекистондаги футболга асосланган веб саҳифаларда чоп қилинган.

У бир вақтлар “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Атаеванинг маълум қилишича, журналист сўнгги вақтларда уни кимдир кузатиб юрганини сезган.

Human rights watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ижрочи директори Ҳю Уиллиамс Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда Ўзбекистонда журналистнинг йўқолиб қолиши хавотирли эканлигини билдирди.

У агар журналист ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ушланган бўлса яқинларига хабар берилиши кераклигини айтди. Халқаро ташкилот масъули бундай ҳолатлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсига салбий таъсир қилиши мумкинлигини билдирди.

Бобурод Абдуллев Би-би-сига Ўзбекистондаги муаммоли мавзуларда ўзининг эркин фикрларини бериб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими