Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг уйида тинтув ўтказилди, унинг ўзи қўлга олинган

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг уйида тинтув ўтказилди, унинг ўзи қўлга олинган
54 views
29 September 2017 - 16:44

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкентлик 44 ёшли журналист ва спорт шархловчиси Бобомурод Абдуллаевнинг уйида 29 сентябр куни пешиндан кейин Юнусобод туман ИИБ тезкор гуруҳи тарафидан тинтув ўтказилди. 3 кундан буён қаердалиги номаълум қолаётган Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи эса, 27 сентябр куни ўғирликда гумонланиб қўлга олингани “Озодлик” радиосига бир неча соат олдин маълум бўлган.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг исми айтилишини истамаган зобити маълум қилди.

Унга кўра¸ Бобомурод Абдуллаев 27 сентябр куни Юнусобод ИИБ ва МХХ тезкор кучлари иштирокидаги тезкор амалиëт натижасида қўлга олинган.

Бундан олдин журналистнинг турмуш ўртоғи Катя Балхибоева эрининг “йўқолиб қолгани” ҳақида “Озодлик” радиоси мухбирига айтган эди.

Балхибоева Тошкент шаҳар¸ Юнусобод туман ИИБсига Бобомурод Абдуллаев йўқолиб қолгани ҳақида 29 сентябрь куни эрталаб ариза топширди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг исми айтилишини истамаган зобити “Озодлик” радиоси мухбирига, қонунга биноан, қўлга олинган шахснинг яқинларига бу ҳақда ўша куннинг ўздаëқ маълум қилиниши кераклигини эслатди.

«Аммо оператив операция самарадорлилги юзасидан баъзи ҳолларда қўлга олиш жараëни сир тутилади. Абдуллаев масаласида МХХ талаби билан унинг оиласига хабар берилмади»¸ деди.

Мулозимнинг айтишича¸ Юнусобод туманида юз берган ўғирлик жиноятида Абдуллев гумон қилинувчи сифатида кўрилмоқда.

Абдуллаев яқинларининг айтишича¸ унинг уйи тинтув қилиш давомида махсус компютер муҳандислари журналистнинг компьютери файлларини текширди.

Журналистни яқиндан таниган ҳамкасби Қудрат Бобожоновнинг фикрича¸ Бобомурод Абдуллаев касбий фаолияти учун «жазоланмоқда»

– Шахсан мен Бобомурод Абдуллани, узоқ вақтлардан бери бирга ишлаганим учун, ниҳоятда тўғри ва ҳалол журналистлардан бири сифатида билардим¸деди Қудрат Бобожон “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.

28 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда журналист Бобомурод Абдуллевнинг бедарак йўқолгани ҳақида ҳавотирлар пайдо бўлган эди.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда Бобомурод Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи Балхибаева “26 сентябрь куни соат 13.30 да кимдир машина устасиман деб эримни ташқарига олиб чиқиб кетди. Шундан сўнг қўнғироқларимга ҳам, СМСларимга ҳам жавоб бермади”, деди журналистнинг турмуш ўртоғи.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Атаеванинг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, у Бобомурод билан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали алоқа қилган ва ўшанда Бобомурод сўнгги вақтларда уни кимдир кузатиб юрганини сезганини айтган.

Бобомурод Абдуллаев футбол шарҳловчиси сифатида Стадион.уз сайтида ишлаган.

Кейинги пайтларда мамлакатдаги футбол мулозимларини кескин танқид қилиб келган.

Абдуллаев, шунингдек, ўз сиëсий қарашларини “Озод овоз” мустақил веб сайтида баëн қилиб келган. Аммо сайт Ўзбекистон матбуот ва ахборотлаштириш қўмитаси талаби ортидан ëпиб қўйилган эди.

Журналист бир неча йил муқаддам Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири сифатида ва «Интерньюс» халқаро ташкилоти медиа лойиҳаларида ишлаган.

Бобомурод Абдуллаев “Озодлик” радиоси давра суҳбатларида қатнашиб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими