Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг уйида тинтув ўтказилмоқда

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг уйида тинтув ўтказилмоқда
81 views
29 September 2017 - 17:38

Би-би-си ўзбек радиосининг хабар беришича, Тошкентда журналист Бобомурод Абдуллаевнинг уйида ҳамон тинтув ўтказилмоқда. Турмуш ўртоғининг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, чоршанба куни бедарак кетган журналист орган ходимлари томонидан ушланган.

“Ҳозир гапира олмайман, уйимизда одамлар тинтув ўтказишяпти. Эримнинг қаерда сақланаётгани тўғрисида ҳам ҳеч нарса дейишмади. Тинтув ўтказишимиз керак дейишди. Тинтув сўнггида телефон номери беришаркан, ана шундан қаердалигини билиб оласиз дейишди”, – дейди Катя Балхибоева.

27 сентябр куни бедарак кетган журналистни МХХ (СНБ) Ички ишлар органи ходимлари биргаликда қўлга олганлиги айтилмоқда.

“Озодлик” радиоси ўз манбасига таяниб ёзишича, Бобомурод Абдуллаев Юнусобод ИИБ ва МХХ тезкор кучлари иштирокидаги тезкор амалиëт натижасида қўлга олинган.

Расмийлар журналистнинг нимада айбланаётгани борасида изоҳ бермаган.

Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

Унинг танқидий мақолалари Ўзбекистондаги футболга асосланган веб саҳифаларда чоп қилинган.

У бир вақтлар “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Атаеванинг маълум қилишича, журналист сўнгги вақтларда уни кимдир кузатиб юрганини сезган.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ижрочи директори Ҳю Уильямсон Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда Ўзбекистонда журналистнинг йўқолиб қолиши хавотирли эканлигини билдирди.

“Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг икки кун аввал бедарак кетганидан ҳам жиддий хавотирдамиз. Бедарак кетишлар халқаро инсон ҳақлари ҳақидаги барча битимларга зиддир. Расмийлар унинг қаердалигини аниқлаб, яқинларига, оила аъзоларига зудлик билан хабар беришлари даркор. Агар унга қарши жидий айбловлар бўлса, буни жамоатчиликка ошкор қилишлари ва ҳибсга олинишини асослаб беришлари лозим. Унга қарши айблар маҳкамада кўрилиши керак. Бу каби бедарак кетишларнинг бугунги Ўзбекистонда содир бўлаётгани бизни жуда ҳам қаттиқ ташвишга солаяпти”, дейди у.

Бобомурод Абдуллаев Би-би-сига Ўзбекистондаги муаммоли мавзуларда ўзининг эркин фикрларини бериб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими