Урушдан баттар бир тинчлик турибди юртим устида

Урушдан баттар бир тинчлик турибди юртим устида
36 views
29 September 2017 - 18:35

УРУШДАН БАТТАР БИР ТИНЧЛИК ТУРИБДИ ЮРТИМ УСТИДА

Золимлар тарафидан ҳибсга олинган ватаннинг асл фарзандлари Нуруллоҳ Рауфхон ва Бобомурод Абдуллоҳларга бағишланди

Урушдан баттар бир тинчлик бор ватаним устида
вабодан баттар бир соғломлик.
хурсандчилик бор жанозадаги табассумлар каби
сархушлик бор худди ўлим мастлиги мисол!

Эй, муборак миллат, ухлаш санъатини менга ҳам ўргат
30 йил бедор ахир қум тулган бу кўзларим
Бир чимдим уйқу бер шу асрлик уйқунгдан
шу маҳобатли хотиржамликдан юқтир шууримга

фарзандинг эмишман ахир мен ҳам, фарзандинг,
қалбимдан қув исённи, бўйсунмоқни ўргат,
бир тин олайин сенинг кабир ТИНчлигингдан
Бир хўрсинайин асрлик xўрлигинг билан

Зулмми сени юмшатди бу қадар,
на кучли малҳаммиш у, на қувватли афюн!
Шунчалар осойишсанки, шунчалар йўрғин
Сени кўриб ўлмак истайди одам!

Урушдан баттар бир тинчлик турибди юртим устида.

Муҳаммад Солиҳ
29.09.2017

facebook.com