Уч милён ўзинг олган, уч милён шерикларинг олган пулларни қайтар…

Уч милён ўзинг олган, уч милён шерикларинг олган пулларни қайтар…
120 views
30 September 2017 - 9:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

6-қисм

Нозима Муниснинг ҳақорати Рано Кулиевнанинг қулоғига чалинганди шекилли, у момоси ўлган каштачи қиздай қовоғини осиб олди. Бошқалар тугул Зоҳид билан Абдинабининг башараси ҳам унга ёқмаётганди. Акбар бундан хурсанд кўринарди. Аммо Саидмат Соттининг отамонлардек, юз-кўзинг демай, оғзига келганини қайтармаслиги унинг мавқеи тушганидан дарак бераётганди. Мажлисда қатнашаётган ажнабийлар, Саидмат Соттини тушунмасалар ҳам, унинг кўзларига термулиб, садоқатларини изҳор этишга уринардилар.

– Меҳмонларни Абдинаби билан Зоҳид кутиб олди! – деди ниҳоят Нозима Мунисни қайириб олганига кўзи етган Саидмат Сотти русчалаб. – Уларнинг бир ҳафта яшаб ишлашлари учун домулламиз жой ҳозирлаганлар. Бу масалани кун тартибидан тушириб қолдирамиз. Дўстимиз Раймон Павлуснинг ёрдами билан Ослога махсус рейсларда ишизловчиларни жўнатишга мувафақ бўлаётганимиз ширкатнинг навбатдаги ютуғи бўлади. Мен дўстимга, ишчи гуруҳ билан ўзинг ҳам Тошкентга учиб келмасанг бўлмайди, деб илтимос қилгандим. У таклифимни эътиборсиз қолдирмади. Бунинг учун унга чексиз миннатдорчилигимни билдираман…

Буни эшитиб Нозима Мунис жинни бўлёзди. Сўнгра худди ҳақиқий Раймон Павлусдек ораста кийинган Раймон Павлусга боқаркан, у ҳам Нозима Мунисга илтифот кўрсатиб, мийиғида кулиб қўйди.

– Яқиндагина муҳтарам доммулламиз билан учрашиб, Раймон Павлус барча ишларни йўлга қўйишга сўз бериб кетганди! – дея Саидмат Сотти сўзида давом этарди. – Ўшанда домулламиз билан келишиб, сизларга индамагандик. Тўғриси, ишнинг охири кўринсин, дегандик. Ҳа, у она Шарқнинг гавҳари бўлмиш Тошкентга яна қайтиб келди. Буни ваъдага вафо дейдилар. Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккатуллодан қайтиб келади деб шуни айтасалар керакда. Яна бу киши ўзлари билан бутун бир ишчи гуруҳни кўчириб келипдилар. Меҳрибонликни қаранг, ана санъат, мана санъат, қулинг ўргилсин! Бу кишининг нозик муомаласини қўяверинглар, ало-оқ-жало-оқ. Ҳеч бир ўлчовга сиғмайди. Домулламиз пул билан ҳужжатларни тайёр қилган бўлсалар, мингдан ошиқ ишизловчилар эрта-индин Ослога учиши аниқ бўлиб қолди. Ишчи гуруҳни устозимизга икки қўллаб топширишдан олдин, улар билан сизларни, сизлар билан уларни таништирсам, ёмон бўлмасди!

У шундай дея меҳмонларга ширкат ходимларини бир-бир таништирди. Таништирув  Баҳромга етганда, уни ташлаб ўтди.

– Номимизни Туркистонга таратган ширкатимиз бошқаруви ҳайъати мана шу кишилардан иборат! – деди сўнгра. – Раймон Павлусни бизга Худони ўзи юборди. Бу инсон ўтган гал домулламизнинг меҳмони бўлганда, домулламиз бу кишининг бўйинларига катта момоларидан қолган сийнабандга ўхшаш зебигардонни илиб қўйгандилар. Ўзбекчада бўйинтириқ деб юритиладиган ўша матоҳ Ослодаги жаҳон музейининг энг тўридан жой олиптимиш. Буни Раймон Павлусдан эшитиб қувониб кетдим. Ота-боболаримизнинг санъатини томоша этинг, эшитиб қалбларингиз фахр-ифтихорга тўлсин. Бунақа бўйинтириқни замонавий фан-техника билан ҳам бунёд этиб бўлмаслигини билгач эса, теримга сиғмай кетяпман. Японлар Курил ороллари эвазига шу бўйинтириқни берсангизлар ҳам бўлаверади, деяётганмиш. Хитойликлар, ундай қилманглар, туркистонликлар Шарқий Туркистонни талаб этиши мумкин, дея Руссияни гиж-гижлаётганмиш. Жаноб Путин, ўйлаб кўраман, депти экан. Воҳ, валлоҳи аълам, ўзинг оздирмагайсан, бизлар кимларни зуриёдларимиз! Оқсуяклармиз, киборлармиз, чипорлармиз… Толемиз осмонда, осмонда! Фақат оёғимиз бироз ердан узулиб қолган, холос. Бу кичик бир тушунмовчилик бутун миллатни силкитяпти. Президентимизнинг сўзларига қараганда, бу муаммомиз йигирма иккинчи асрда ўз ечимини топармиш. Ўшангача президентимиз ўлмаса бўлди, ўлса ҳаммаси ўлда-жўлда қолиб кетади…

У сув ичиб, эҳтиросларини босиб олгач, Раймон Павлусга юзланди.

– Жаноб, энди хоним афандиларни ўзингиз таништирсангиз!

– Жоним билан! – деди бағрига босиб турган сумкасини кўтариб ўрнидан қўзғалган Раймон Павлус. – Тошкентда иккинчи марта бўлаётганимдан бағоят хурсандман. Ёнимда ўтирган бу хоним афандининг исмлари Кларк Семичкина. Элчихонамизнинг биринчи рақамли таржимонлари бўладилар. Қоҳирадаги олий мадрасани беш баҳога тугатганлар, Оксфорднинг лабараториясида коҳинларга “Черков қурилиши”дан таълим берадилар. Етмиш икки тилда сўзлашга мойил бўлсалар ҳам, амаллаб ўзларининг тилларида базўр гапирадилар. Иккинчи хонимнинг исмлари Жанна Дарон. Саксония уруши қаҳрамони. Спитаменни бошини Искандарга туҳфа этган зот шу киши бўладилар. Элчихонада бош маслаҳатчи лавозимида фаолият олиб борадилар. Элчимизга яқинликлари туфайли муҳим масалалар Жанна Дарон хоним орқали амалга оширилади. Таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчилик нақадар кучли восита. Бунинг нималигини туркистонликлар биздан кўра яхши англайдилар. Шу қурол бўлмаганда, ер юзининг қудрати ва маънавиятига айланган ислом динини ҳеч бир восита бу қадар кучсизлантира олмасди. Мусулмонлар инқироз билан юзлашмаганларида ва исломдан орқада қолмаганларида, Туркистон парокандаликка учрамасди. Ҳаммаслаклар ўртасида йўқ муаммолардан ва сабаблардан – зиддиятлар келтириб чиқариш санъати ривожланмасди. Сизлар мана шу маъракалар қурбонлари бўлмаганларингизда, мен заруратга айланмасдим…

 Ўзига кела бошлаган Рано Кулиевна Раймон Павлуснинг ислом ҳақидаги гўзал фикрларидан ҳаёжонланиб кетди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди. Яйраганидан қарсак ҳам чалиб юборди. Унга бошқалар жўр бўлдилар.

Қарсаклар ва олқишлар жарангги остида Нозима Мунис ўрнидан ирғиб турди. У қутурган арслон сингари ғазабнок эди. Саидмат Соттининг олдидан кесиб ўтиб, Раймон Павлуснинг қулоқчаккасига тарсаки туширди. Акс садо деворлага урилиб, чақмоқ чаққан сингари юракларни ваҳимага солди. Раймон Павлуснинг кўзойнаги учиб гиламга тушди. У кўзойнагини олиш учун энгашганда, навбатдаги зарба кетига йўналди. Бечора депсиниб, Рано Кулиевнанинг кўксига калла урди. Улар ўриндиқ билан қўшилиб ағдарилдилар.

Ҳаммаси кутилмаганда, кўз-очиб юмгунча содир бўлди.

– Ушланглар, лапашанглар! – деди ҳушига келган Саидмат Сотти.

Зоҳид билан Абдинаби иккалови сапчиб туриб Нозима Муниснинг билакларига ёпишдилар.

Ғазабга минган Нозима Мунис икки эркакка дов бермади. Собиқ миршаб Абдинаби тажрибасига суянган ҳолда унинг билагидан маҳкам ушлаб, қўлини орқасига қайирмоқчи бўларди. Саидмат Соттининг югурдаклигидан бошқасини ярамайдиган Зоҳид унинг қўлини қўйвориб, олдига ўтди. Кўкрагидан итармоқчи бўлганда, баттар аччиғи чиққан Нозима Мунис тиззаси билан унинг икки чотининг орасига тепди. Олдини чангаллаган Зоҳид жон аччиғида бўкириб юборди. Нозима Мунис унинг сочидан ушлаб судраклашга тушди. Абдинаби ожиз қолди.

– Ёрдам бермайсизми? Зоҳидни ўлдириб қўяди! – деди у пинагини бузмай томоша қилиб турган Акбарга.

– Бир аёлдан ўзини қутқара олмаган эркакнинг кимга кераги бор?  – деди у. – Ўлса ўлаверсин!

Зоҳиднинг бўкиришига чидаш бера олмаган Саидмат Соттини ваҳима босди. Тасбеҳ тутган қўллари титрай бошлади. У Баҳромга илтижо билан термулар, Акбарга бир нима дейишга юраги бетламаётганди.

– Бу ифлослар билан ади-бади айтиб ўтиргандан фойда чиқармиди! – деди ўрнидан туриб Нозима Муниснинг қўлига ёпишган Баҳром. – Қўлингиздаги тирранчанинг ошхонанинг мушугидан фарқи йўқ. Уни қийнаб нима қиласиз? Ана у мўллайиб ўтирган Саидмат Сотти деган қари туллакни ўлдириш керак? Ҳамма бало ўшанинг оёғи остидан чиқяпти!

 Нозима Мунис Зоҳидни қўйиб юбориб, қўлларини юзига босди. Бутун тортган хўрликлари бўғзига келиб, фарёд солди. Баттар қўрққан Зоҳид тиззалаб Саидмат Соттига қараб қочди. Унинг ҳалиям икки қўли олдида, иштонини чангаллаб олганди.

– Вуй, вуй-й, моягимни пачоқ қилди моччахар! – дерди у. – Битта ўзини ёлғиз ушлаб олсам, йиртаман аммо. Аяб ўтирмайман, синдириб, суякларини Қичқириқ сойга чочиб юбораман жаллабни. Яратгандан сўра, сени менга дуч этмасин. Аммо кулинингни кўкка совураман, занғар. Жаллаб, ким билан ҳазиллашвотганини билганда эди…

– Бор-э, хотинчалиш, ландавур, ишингни қил! – деди Зоҳиднинг бошидан итариб ташлаган Саидмат Сотти. – Чочармиш, сени чочиб қўйди-ю, безинг боми ўзи?

Олтин гардишли кўзойнагининг синиқларини Раймон Павлус пайпаслай-пайпаслай базўр топди. У тиззаларида тураркан, юзларида Нозима Муниснинг беш бармоғини изини кўрган Саидмат Соттини кўзлари чиқиб кетай деди.

– Мени Москвадан калтакка тутиб бериш учун чақиргандингизми? – дея у Саидмат Соттига ўшқирди кўзойнагининг бўлакларини сумкасига солгач. – Тошкентни ҳам, Нозима Мунисни ҳам, чумчуғи билан тариғини ҳам елкамнинг чуқури кўрсин. Бугуноқ учиб кетаман!

У шахдам қадамлар билан юриб хонадан чиқаркан, хонимлар ҳам ҳуркак оҳулар сингари унга эргашдилар.

– Бор ҳунаринг шуми ёки бошқа трюкларинг ҳам борми? – деди шунда Саидмат Соттининг тепасига келган Нозима Мунис. – Оламшумул янгилик бор, эмиш. Ўзбекнинг Жеки Чани бўлиб кет-э, шоввоз!

– Қанақа ҳунар, қанақа оламшумул янгилик, домуллажон? – бошини тиклаб сўради Саидмат Сотти. – Ҳаммасини ўзингиз расво қилдингиз-ку. Шундай нуфузли инсонлар олдида қора ер билан битта бўлдим. Энди ишларингизга аралашмайман. Мингдан ортиқ ишизловчиларни маблағларини керак эмас десам ҳам, Норвегия элчихонаси ҳисоб рақамига ўтказгансиз. Улар билан қанақа келишасиз, ўзингизни муаммонгиз. Менга бунақанги ғавғоли ишнинг фойдаси ҳам, зарари ҳам керакмас. Орқасидан чопсангиз, Раймон Павлусга етиб оласиз, қолган пулларингиз ўшанда…

– Бекорларни айтибсан! – дея Нозима Мунис бақириб юборди. – Олган пулларингни  тийин-тийинигача қайтарасан. Бу Раймон Павлусингни умуман танимайман. Илгариги Раймон Павлус сенинг туғишган уканг Оқилматлигини яхши биламан. Катта бир фирибгарликни амалга ошириб, у Москвада яшириниб юрган экан. Анна Курапаткина билан Албинани учоқ зинопоясида бирга кутиб олганимиз эсингдан чиқмагандир?

– Домуллажон, нималар деяпсиз? Тушунмадим! – деди елкасини қисган Саидмат Сотти. – Қанақа Оқилмат? Анна Курапаткина билан Албинангиз ким? Сиз билан мен қачон қўналғага чиқдик? Кимларни учоқнинг зинапосида кутиб олдик? Нималар деб алжираяпсиз? Ўлай агар, ҳеч нарсага тушунмаяпман! Туш кўрмаяпсизми?

– Мен сени тушундим! – деди Саидмат Соттининг ўзини овсарликка солаётганини англаган Нозима Мунис. – Уч милён ўзинг олган, уч милён шерикларинг олган пулларни қайтар. Бўлмаса устингдан маҳкамага арз қиламан. Амира Кимё ҳам, сен ҳам қамаласан!

– Амира Кимёнгиз ким бўлди? – деди у. – Домуллажон, сиз жуда қаттиқ чарагансиз, уйингизга бориб дамингизни олинг. Ўзингизга келганингизда, бафуржа гаплашиб оламиз. Ўпкалаб чиқиб кетган Раймон Павлуснинг менинг укам эмаслигини ўтирганлар яхши биладилар. Мая Михайловна билан Албина дейсиз, мен уларнинг ҳеч бирини танимайман. Кимлардир сизни лаққа тушириб, пулларингизни ўмарганга ўхшайди. Фирибгарларга учраган бўлсангиз, аҳволингиз вой! Ишизловчилардан олган пулларингизни қандай қайтарасиз, билмадим. Ширкатни бадном этмасангиз гўрга эди. Топширган ҳужжатларингизни йиғиштириб олиб кетинг. Бу қутлуғ даргоҳга қайтиб оёқ босманг. Бизга тинчлик керак!

– Барчасини тушуниб туриб, ўзингни гўлликка солма, ҳезалак!

– Майли, бақиринг, асабларингиз юмшайди! – деди Саидмат Сотти. – Домуллажон, сиз менинг устозимсиз, мени сенсирашга, ҳақоратлашга тўлиқ ҳаққингиз бор. Устознинг шогирдга илм йўлида берган ситамлари отанинг меҳридан авло, деган доноларнинг гапи бор. Аммо сиз ноҳақсиз. Мен сизга яхшиликдан бошқа нарса соғинмаганман. Вилоятларда ширкатнинг ўқув марказларини очиб бердим. Норвегия элихонаси билан сизни боғламоқчи бўлдим. Барчасини сизга яхшилик истаганимдан қилган эдим. Сиз бўлсангиз ҳаммамизни чув тушириб, олдингизда муттаҳамга айлантириб ўтирипсиз. Тавба, бу замонда бировга яхшилик этиб бўлмас экан!

– Сен билан ётиб турганимдан кўра эшак билан ётиб турганим авло эмасмиди?! – деди хомуш тортиб қолган Нозима Мунис. – Оёғимнинг учидан бошимгача ялаб-юлқимаган жойинг қолмаганди. Нимага эканлигини энди фаҳмладим. Сени одам деган менинг ўзим одам эмасман. Эркаклик сенга ҳайф, ҳезалак бўлмай ҳар бало бўл! Туф, туф-ф…

У Саидмат Соттининг юзига тупуриб, хонадан чиқиб кетди.

Саидмат Сотти кўзларидан кўзойнагини олиб, қўлини чўзганди, Рано Кулиевна унга рўмолча тутқазди.

– Садқайи одам кетсин! – деди у. – Ўлмайдими, парво қилманг, Саидмат Сотти Қўйтопарович!

– Ҳар нарсага бурнингизни тиқавермасдан, бориб ишингизни қилмайсизми? – дея аламзада Саидмат Сотти Рано Кулиевнага ўдағайлаб берди.

– Оғзимиз ошга етганда, бурнимиз тошга тегмасин, деяпманда, Саидмат Сотти Қўйтопарович. Шунга шунчами?

– Дийдиёни, бас қилинг. Чиқинг деяпман!

(давоми бор)