Нуриллоҳ акага ачинишдан кўра кўпроқ ҳавас қиляпман

Нуриллоҳ акага ачинишдан кўра кўпроқ ҳавас қиляпман
72 views
30 September 2017 - 7:55

Май ойида учрашгандим. Ўшанда шундай деган эдим:

– Ака, юртга қайтишингиз мутлақо тўғри эмас. Мен бир бошидан ўтган одам сифатида айтяпман. Улар сиздан китобингиз ҳақида сўраб ҳам ўтиришмайди. Сизга хаёлингизга ҳам келмаган саволларни беришади. Эртага давлатни олишсанг, сен қаерга ҳоким бўлишинг керак эди? Қуроллар қаерда? Бошлиғинглар ким? Қандай режаларинг бор? Мана шу саволларига жавоб олмагунича қийнайверишади, азоблайверишади. Кўзингизнинг олдида бурунларига оқ дорини шимиришиб, мана энди сен билан гаплашаман, дейишади ва ваҳшийларча азоблашни бошлашади. Жон ака, бу фикрингиздан қайтинг, юртга қайта кўрманг!

Учадиган куни эрталабгача ухлолмадим. Нима бўлди, деб бировдан сўролмадим ҳам. Кейин эса ўша хабарни эшитдим. Ўзим ушлангандек, ҳамма жойим қалтираб кетди. Қаттиқ қўрқдим. Менда ўша эски хотиралардан таъсирланиш асорати ҳалигача кетмаган экан.

Кейинроқ уйидагилари билан учрашгани ва гаплашгани ҳақида хабар келди. Бироз енгил тортдим. Ичимда у қадар оғир эмас шекилли, деган илинж пайдо бўлди.

Ҳозир эса ачинишдан кўра кўпроқ ҳавас қила бошлаяпман. Нега, дейсизми?

* Нуриллоҳ аканинг болалардек ишонувчанлигига, соддалигига, беғуборлигига;
* Халқ уйғониб, ҳақ ҳимояси сари одим отишига сабаб бўлаётганига;
* ”Бу кунлар”га қизиқишнинг кучаётгани ва олдин ўқимаган минглаб одамларнинг ўқиётганига;
* Ўз жонини хатарга солиш эвазига ёзган фикрларига жон ато эта билганига;
* Ҳатто оғзига мум солиб ўтирганлар ҳам виждон азобидан қийналаётгани ва бу нарса уларни бир кун портлашга олиб келиши мумкинлигига;
* Эски даврда шаклланган зулм машинаси янги даврда ўзини яширишга, хаспўшлашга уринаётганига қарамай, кенг миқёсда фош бўлаётганига…

Ва айни пайтда адибнинг тез кунларда озод этилишига умид пайдо бўлди…

”Қалам” учун
Муқим Маҳмуд

facebook.com