МХХда сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга якшанба куни айблов эълон қилинади

МХХда сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга якшанба куни айблов эълон қилинади
19 views
30 September 2017 - 19:20

Би-би-си радиосининг хабар беришича, 27 сентябр куни бедарак йўқолган журналист Бобомурод Абдуллаев иши билан Миллий хавфсизлик хизмати шуғулланмоқда.

Журналист нимада айбланаётгани маълум эмас. Якшанба куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида бўлиб ўтадиган жараёнда журналистга қўйилган айблов эълон қилинади.

Унга қандай эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳам ўша куни маълум бўлади.

Бобомурод Абдуллаев Тошкентдаги Гвардейский деб ном чиқарган Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида ушлаб турилибди.

“Кеча қаерда сақлашаётганини эшитганимдан сўнг устига кийим-бош олиб бордим. Тунги 11:30 бўлиб кетган эди. Ҳеч ким нарсаларимни олиб қолмади. Икки куннинг ичида ҳаво совуб кетди. Қорнинг совуғи бор. У киши енгил кийиниб чиқиб кетганди”, – дейди журналистнинг рафиқаси Катя Балхибоева.

29 сентябр куни Бобомурод Абдуллаевнинг уйида 4 соат тинтув ўтказишган.

Журналистга тегишли компьютер техникалари олиб кетилган.

Маълум бўлишича, тинтувга келган орган ходимлари журналистнинг компьютерига кириш учун пароль сўрашган. Уйдагилар билмаймиз, дейишганидан сўнг қаергадир телефон қилиб пароль сўзни аниқлашган ва киришган.

Тинтув ўтказиш қарори Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармаси бўлим бошлиғи адлия подполковниги Н. Д Туракулов томонидан чиқарилган.

“Уйга келганлар турмуш ўртоғимни ўғрилик қилишда айбланаётганини айтишди. Аммо ўғрилик қилган бўлса нима учун СНБ шуғулланаяпти, деган саволимга жавоб беришмади. Опажон биз сизга ҳеч нарса айтолмаймиз”, – дейишди дейди Катя Балхибоева.

27 сентябр куни бедарак кетган журналистни МХХ (СНБ) Ички ишлар органи ходимлари билан биргаликда қўлга олган.

Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

Унинг танқидий мақолалари Ўзбекистондаги футболга асосланган веб саҳифаларда чоп қилинган.

У бир вақтлар “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

Бобомурод Абдуллаев Би-би-сига Ўзбекистондаги муаммоли мавзуларда ўзининг эркин фикрларини бериб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими