Бу оддий тошни гавҳар деб сотишдек бир гап эди…

Бу оддий тошни гавҳар деб сотишдек бир гап эди…
84 views
01 October 2017 - 7:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

7-қисм

Учинчи боб

 Барчаси Қамара айтгандек бўлиб чиқди. Нозима Муниснинг қароқчилар тунаган йўловчидан фарқи қолмади. Ёинки уни бийдек саҳронинг қоқ ўртасида адашиб юрган бўталоққа ўхшатиш мумкин эди. У билан Баҳромни бирга кўрган Саидмат Соттининг ҳайратга тушмаслиги бу аёлнинг ҳукми ўқилганлигини билдирарди. Вазиятни парда ортидан кузатиб турган “кўринмас қўл”ларнинг яна ниманидир мўлжаллаб, ҳукм ижросини чўзаётгани эса бошқа масала эди. Содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисотнинг бир кун эрта ёки кеч рўй бериши энди аҳамиятсиз эди. Тузум сенарийси асосида саҳналаштирилган спектакл, четдан қараганда, жуда жўн ва мантиқсиз туюларди. Воқеалар ривожи гўёки бир-бирига зид, тизимда боғлиқлик кўринмасди. Аслида эса ҳар бир лавҳада чуқур маъно бор эди. Мувафаққият томошанинг ҳаммабоп эмаслигида, мазмун, манзаранинг телба-тескарилигида намоён бўларди. Ишоралар иштирокчилар учун ҳозирланганди, актёрлар ҳам уларнинг ўзлари эдилар. Таассуротлар навбатдаги йўналишлар жараёнини белгилаши лозим эди. Рамзларни англаш учун воқеалар тарихини билиш талаб этиларди.

Шижоат ва эътиқод суст маконларда рамзларнинг ҳаддан ошишини ҳисобга олсак, чаплашган рангларнинг ёрқинлиги ҳеч кимда таажжуб қўзғатмайди. Ҳеч ким айтолмаган сўзни айтдим, деб хаёл этиш қалбга таскин беради. Бу оддий тошни гавҳар деб сотишдек бир гап эди. Айниқса, ўзингга ўхшаган кимса сени мувафаққиятинг билан табриклаб қўйса, ўзингнинг даҳолигингга шубҳанг қолмайди. Модернизмнинг улуғвор чўққилари тескарига ўсади, усуллар виждонга таскин бериш учун қўлланилади ёки қуруқ овозларда ён-атрофга ғулу солиб турилади. Уч ҳолатда ҳам чириган тузумнинг бир япроғи узилмайди, заҳарли илдизларига нуқсон етмайди. Бор-йўғи золим билан мазлум орасидаги масофа қисқаради. Модеринизм, дея ҳар ким ўзини-ўзи овутиб юраверади. Халқни эси паст деб камситиш кўнгилларни тўқлайди. Чунки улар халқни тушунишни истамаганлари каби, халқнинг ҳам уларни тушунишни истамасликларини тан олиш учун “модернизмчилар”да ҳалоллик етишмайди. Демократ бўлишдан олдин модеринизмни англаш зарурлигини улар ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Модернизм анархизм эмас…

Нозима Мунис шу каби бир мавҳумот ичида қолди. Унинг сездирмасдан Баҳромни домига тортаётгани эса барчасидан ёмон эди. Йўқдан бор этмаса, у энди қирғоққа сузиб чиқолмайди. У сароб ичра саробга айланиши жоиз. Қақраб ётган саҳрони жўшиб оқаётган дарё хаёл этиб, унга ўзини отмаса, у узилган гул каби қовжираб қолади. Айбсизларни ҳам ўзи билан нобуд этади. Халоскорларини хашакка айлантиради, ёнғин бошланади… Саитмад Соттининг саҳна асаридан у етарлича сабоқ олди. Унинг, “хоҳлаган қиррам билан намоён бўламан, масалага хоҳлаганимдек нуқта қўяман”, деган шамасини кеч бўлсада у охири англади. Типирчиласа, Саидмат сотти унинг бошини пичоқсиз кесади. Бола-чақаси, уй-жойини вайронага айлантиради. Тузум каби ижрочиларда ҳам шакл-шамойил йўқ, раҳм-шафқат йўқ. Ҳар лаҳзада улар минг бир мақомда йўрғалайдилар, тусларини буқаламун сингари ўзгартирадилар…

– Мен, яна хато қилдим! – деди у тилга киргач. – Индамасдан маҳкамага бориб шикоят аризаси ёзишим керак эди. Нима учун сўзингизга кирмадим, ўзим ҳам ҳайронман. Ўзбилармонлигим бошимга етади!

– Бўлгани бўлди! – деди Баҳром. – Пушаймондан фойда йўқ, буёғига нима қилишимизни ўйлашимиз лозим.

Баҳром оғир аҳволда қолганди. Минг ўйласин, бошига тузук фикр келмасди. Сўнгги нажот эшигини Нозима Муниснинг жоҳиллик билан ёпиб қўйгани унинг ҳафсаласини пир қилди. Кайфиятида тушкунликка ўхшаш ҳиссиётлар кеза бошлади. Боши хум бўлиб, қовоқлари осилиб қолди. Иложсизлик уни карахтлик афюни бўлиб элита бошлади. Марат билан Қамара билиб-билмай қўлига тутқазган далиллар, тўфонга учраган кемадек, кўзлари олдида пораканда бўлгач, у ўзини қуролсиз жангчи мисоли ожиз ҳис этди. Йўл-йўлакай у барча маълумотларни Қамара билан Маратдан олганини Нозима Мунисга айтаркан, ундан ҳеч қачонда сирни ошкор этмаслигини сўради.

– Мени тўғри тушунишингиз учун айтяпман! – деди сўнгра у. – Бўлмаса, икки дунёда ҳам сизга буни айтмасдим. Уларнинг номи тилга олинмаслиги, биринчи навбатда, ўзимизга асқотади. Бизнинг бошқа бировдан бу каби маълумот олиш имконимиз йўқ. Қолавераса, уни фош этиб, ўзимизга бало орттирамиз, душман кўпаяди.

– Ҳеч қачонда унинг номи оғзимдан чиқмайди, хавотир олманг! – деди у. – Ичимдан чиққан қизим душманим, эрим Амира Кимёнинг хуфияси. Дунёда битта сирдошим бўлмаса, энди ким билан сирлашаман? Ўзимга ўзимни едирдилар. Шу чоққача ўзимнинг қўлларим ўзимни ўмараётган экан, сезмапман!

Йигирма ёшлардаги киракаш унинг тинмай гапириб йиғлаётганидан ҳайрон эди. Баҳромнинг қулоқларида эса Қамаранинг овози жаранглаётганди. У эшитганларини эслаб, таҳлил этарди. Илинадиган бир нима топса, шу йўл билан тузоқдан чиқишни ўйларди. Қараса, билганларининг барчасини ишга солиб бўлган, қўлида ҳеч вақо қолмаганди. Эътибордан четда қолгани, Амира Кимёнинг чошгоҳда бориб ўтириб оладиган анҳор бўйидаги жойи бор эди. Ўрдадаги ўша қаҳвахонада у иссиқ кунларда жон сақларди. Бўзсувнинг салқин шабадасига кун қайтгунича кетини ёғ боғлаган ўрдак сингари тўшини тутиб турмаса, ёғ босган вужуди эриб оқарди. У ўргимчак тўридай дунёга тўрлаган хуфияларини шу ерда қабул этарди. Бу маълумотни Нозима Мунис Баҳромдан эшитгач, ялинишга тушди.

– Жон укажон, узоқдан бўлса ҳам ўша малъунларнинг башарасини бир кўрай! – дея у оёқ тиркади. – Яна кимлар бор экан? Тушимга ҳам кирмаган воқеалар содир бўляпти!

– Бариси ошкор бўлди-ку! – деди Баҳром. – Кимлар бўлганда, нима ўзгаради? Вақтни беҳудага кеткизамиз. Ғиёс бизларни кутяпти, учрашиб, тайинли бир маслаҳат олганимиз маъқул эмасми?

– Албатта бориб маслаҳатлашамиз. Йўл-йўлакай бирров кириб ўтайлик, жон укажон!

Ўрдага етгач, улар кўприк устида таксидан тушиб қолдилар.

– Ортиқ йиғламайман! – деди кўз ёшларини артган Нозима Мунис. – Мен йиғлаб бўлдим, энди улар йиғласинлар!

Қаҳвахона кўприкдан пастда, анҳор қирғоғида жойлашганди. Улар орқа томондан айланиб, овлоқдан тушишни режалаштирдилар, шунда кўзга ташланмасдилар. Қуюқ ўсган дарахтлар, уларни ўтирганлардан тўсиб турарди. Ҳеч бир қийинчиликларсиз шундай ҳам бўлди. Қирғоққа қурилган сўри остида Амира Кимё иккита курсини бирлаштириб, савлат тўкиб ўтириб олганди. Настя унинг елкаларини силарди.  Айида билан Ноила дастурхондаги ортиқча идиш-товоқларни дастёрга узатаётганди. Қамара янги олиб келинган чойни шопирар, Мудак кабоб ейиш билан овора эди. Яна нотаниш иккита кимса бор эди. Улар яқинда келган икки аёл, бир эркакни тўрга ўтқазгандилар. Эркак деётганимиз Раймон Павлус эди. Аёллар Кларк Семичкина билан Жанна Доран эдилар. Улар бўлиб ўтган воқеа хусусида бири қўйиб бири ҳикоя қиларди. Кўп ўтмасдан Зоҳид билан Курапаткина келиб қолди. Курапаткина лабига сигарета қистириб олганди. Хомушлиги бутун қиёфасидан кўпчирди. Юзи мўматалоқ бўлиб, шишиб кетганди. Уни кўрган Раймон Павлус, энсасини қашлаб қўйди. Унинг юзида ҳам Нозима Муниснинг беш панжасининг изи бор эди.

Нозима Мунис бир оғиз гапирмади.

– Юринг, кетдик, укажон! – деди, холос.

Изоҳга ҳожат йўқ эди. Тушунарсиз нарсанинг ўзи қолмаганди.

Улар туман ички ишлар бошқармаси олдида таксидан тушиб қолдилар. Баҳром Ғиёсга келганларини билдириш учун қўнғироқ этганида, у йўлнинг нариги бетида кутиб туришларини айтди. Улар узоқдан миршабхона дарвозасига тикилиб ўтирдилар. Нозима Мунисга кўра ўша кундан буён Ғиёс Таваккалга кўз-қулоқ бўлиб турганди. Эвазига ҳар куни эллик доллардан ҳақ оларди.

– Ҳар ҳолда, Ғиёс Ирисматдан тузукроқ экан! – деди Нозима Мунис.

– Миршабларнинг орасида тузуги бўлмайди! – деди Баҳром. – Уларнинг ўрнида ўзимиз бўлганимизда, бешбаттар бўлардик. Барчасига тузум айбдор. Ҳукумат ваҳшийликлар, хиёнатлар содир этишни талаб қилиб турганда, уларнинг қўлларидан нима келарди. Истамаганлар ишдан кетиб, қабоҳатга мойиллар ўн беш йил ичида сараланиб бўлдилар. Ҳар қандай миршаб билан эҳтиёт бўлиб муомалада бўлмасангиз, охирида пушаймон еб қоласиз. Ғиёс қўлига пул кириб тургани учун ён бериб турипди. Бўлмаса, туққанини ҳам аяб ўтирмайди. Ҳозир ундан маслаҳат сўраш учун учрашяпмиз, холос. Тайинли гап айтса, ўйлашиб кўрамиз!

(давоми бор)