Oзгина танти бўлсангизчи, жаноблар!

Oзгина танти бўлсангизчи, жаноблар!
24 views
01 October 2017 - 8:37

Во ажаб!: Бир пайтлар Бальзак “Қонун майда пашшачалар илиниб, йириклари қутилиб қоладиган тўр бўлмаслиги керак” деганида қанчалар ҳақ эди!

Бугунга кунга келиб Бобомурод Абдулланинг зиндонбанд этилишини айтмайсизми? Журналист МХХ ертўласида сўроқ беришга арзигулик қандай иш қилган бўлиши мумкин?

Ҳамкасбимиз Нарзулло Охунжонов эса вояга етмаган 5 нафар фарзанди билан Украина заминида саргардон, кўргани зиндон бўлди.

Радиожурналистнинг интерпол қидирадиган даражадаги гуноҳи нима эканлигини ҳечам тушунмайман.

Нарзулло ака Ўзбекистонда эканлигида уни пора олишда айблаб жиноят иши қўзғатганларидан хабарим бор.

Билмадим, аслида, бу модда ҳам нотўғри қўйилган. Негаки, Охунжонов масъул мансабдор шахс эмас эди. Унинг ихтиёрида эфирга бериш ҳуқуқи бўлмаган. Эфир фақат бўлим бошлиғининг рухсати билангина узатилган. Аслида масъул мансабдор шахс бўлмаган кишига “пора” моддаси эмас, “товламачилик” моддаси қўйилиши керак… Умуман олганда, журналистдан кир топа олмаган пайтларида “пора” статьясини ёпиштириш Ўзбекистондаги орган ходимлари учун энг сўнгги ИМКОН! Икки минг доллар-а? Бўлмаган гап!

Нарзулло Охунжоновнинг интерпол қидирадиган биргина оғир гуноҳи борлигини мен биламан: Нарзулло Охунжонов “Мамлакатни ким бошқараяпти”?” туркум мақолаларида бугун Ўзбекистоннинг иқтидордаги бош вазири Абдулла Негматович Ариповни, ҳамду уларнинг қудалари ЎзМТРК раиси Алишер Жўрақулович Хаджаев жанобларини қаттиқ танқид тиғи остига олган, кирдикорларини фош этган.

Шунинг учун ҳам айтишади-да, “Ўйнашмагин арбоб билан…” деб….

Мамлакатнинг Бош вазирига тил теккизади-ю, оддий бир журналист омон қоладими, интерпол қидирувига берилади-да!

Ҳамкасбимиз 5 боласи билан ватандан айрилибди, озодлигидан ҳам жудо қилманглар энди. Танти бўлинг, ростанам, оддий бир журналистни тинч қўйинг, жаноблар!

Инсон учун беватанликдан оғир мусибат йўқ аслида! Шунингдек кулфатдаги киши бошига яна қандайин жазо қўллаш иштиёқидасиз-а, жаноблар!

Ўзингизга рақиб, ёв деб билган одамларга нисбатан озгина танти бўлсангизчи, жаноблар!

Малоҳат Эшонқул

facebook.com