Журналист Бобомурод Абдуллаев тўғрисида хамма нарса “сир тутилмоқда”

Журналист Бобомурод Абдуллаев тўғрисида хамма нарса “сир тутилмоқда”
20 views
01 October 2017 - 14:15

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Тошкентдаги Гвардейский, деб ном чиқарган МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев суди номаълум муддатга қолдирилди. Журналист тўғрисида барча маълумот сир тутилмоқда.

1 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида Бобомурод Абдуллаев нимада гумон қилинаётгани ва қандай эҳтиёт чораси асосида ушлаб турилиши бўйича маҳкама бўлиб ўтиши керак эди.

Маҳкама Тошкент вақти билан соат 11:00 ўтиши айтилган. Бироқ суд биносида олдида журналистнинг яқинлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокати 2 соат кутиб қайтиб кетишган.

“Ҳеч ким ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Бобомурод Абдуллаевнинг иши борасида ҳамма нарса сир сақланаяпти. 2 соатдан ортиқ кутиб қайтиб келдик. Бугун судда журналистга нисбатан айблов эълон қилиниши ва уни ҳибсда сақлаш ёки очиқликка қўйиб юбориш тўғрисида суд бўлиши керак эди. Қонун бўйича шахс ушлангандан кейин 72 соатнинг ичида бу суд бўлиб ўтиши керак”, – дейди ҳуқуқбон Суръат Икромов.

Журналист Бобомурод Абдуллаев 27 сентябр куни бедарак йўқолганди. Кейинчалик унинг Тошкентда Гвардейский, деб ном чиқарган Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланаётгани маълум бўлган.

29 сентябр куни журналистнинг уйида МХХ ходимлари 4 соат тинтув ўтказган. СНБ ходимлари Бобомурод Абдуллаевнинг яқинларига журналист МХХ ҳибсхонасига йўқолганидан бир кун ўтиб 28 сентябрда келтирилганини билдиришган.

Ҳамма судья пахтада

Бобомурод Абдуллаевнинг суди бўлиб ўтиши керак бўлган жиноят ишлари бўйича Юнусобод суди ҳакамлари ва барча ходимлари бугун пахтага чиқиб кетгани маълум бўлди.

“Кутиб ўтирган вақтимиз суд биносида навбатчилик қилиб ўтирган милиционер билан гаплашдим. Унинг айтишича, бугун ҳамма судья бошқа ходимлар билан қўшилиб пахта теришга кетган. Лекин одатда якшанба куни фавқулотда ишлар учун у ерда бир судья навбатчи бўлиб ишлайди”, – дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг Бобомурод Абдуллаевнинг яқинлари томонидан олинган адвокатга таяниб айтишича, ҳибсга олиш тўғрисидаги суд бу адвокатнинг иштирокисиз ҳам ўтиши мумкин.

“Суд балки бугун, балки эртага яқинлари томонидан олинган адвокатсиз ҳам ўтиши мумкин экан. Давлат томонидан ҳам адвокат тайинланган, ўша адвокат иштирокида суд ўтказилиши ҳам мумкин экан қонун бўйича”, дейди Суръат Икромов.

Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

Унинг танқидий мақолалари Ўзбекистондаги футболга асосланган веб саҳифаларда чоп қилинган.

У бир вақтлар “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

Бобомурод Абдуллаев Би-би-сига Ўзбекистондаги муаммоли мавзуларда ўзининг эркин фикрларини бериб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими