Мингга яқин одам Мирзиёевдан ёзувчини озод қилишни сўради

Мингга яқин одам Мирзиёевдан ёзувчини озод қилишни сўради
78 views
01 October 2017 - 16:31

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, мингга яқин Ўзбекистондаги ва хориждаги ўзбеклар Президент Шавкат Мирзиёевдан ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни озод қилишни сўраб очиқ хат ёзган. “Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга нисбатан қилинаётган адолатсизликка ортиқ бардош бера олмаймиз”, дейилади унда.

Facebook орқали тарғиб қилинган ва 904 киши имзо чеккан мактубда 27 сентябр тонгида Истанбулдан учиб келиши билан Тошкент аэрорпортида қўлга олинган ёзувчини адолатсизликдан ҳимоя қилиш сўралади.

“Аэропортдаёқ кишанлаб, хавфли жиноятчидек нафсониятга тегиш давлатимиз шаънига ярашадими? Бутун дунё жамоатчилиги қулоғи динг турган бир пайтда бўлаётган бу ишлар ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. “Бу кунлар” асарида тилга олинган оғриқли мавзуларнинг аксарияти хақиқат экани энди ҳеч кимга сир эмас”, дейилади мактубда.

Мактубда Мирзиёевнинг маърузаларда адолат, ҳақиқат ҳақида айтадиган “яхши” гаплари эсланади. Лекин, айни пайтда Ўзбекистон бир сиқим сохта ватанпарварларни деб, миллатининг асл фарзандларини йўқотиб қўймаяптими, дея савол берилади.

“Биз Ватанимизда бўлаётган ҳамма воқеа-ҳодисаларни кузатиб, мушоҳада қиламиз. Гувоҳи бўлаяпмизки, қабиҳ ниятли кишилар манфур ишлари билан ҳукуматга, аввало, халқимиз учун эзгулик эшикларини ланг очиб юборган Президентга ишончсизликни пайдо қилишмоқчи, Сизнинг обрўйингизни тўкишмоқчи. Улар яхши билишади, ҳар бир салбий ҳодисада содда одамлар Президентни айблашини”, дейилади унда.

Тошкент аэропортида ҳибсга олинган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш бўйича жиноий иш очилган.

“Нурулло Отахоновга 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244 1-модданинг 3 қисми, «г» банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган”, деган Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Туркияда юрган вақти “Бу кунлар” китобини чоп қилган.

Китобда Каримов режимидаги муаммолар рўйи рост кўрсатиб берилган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан ёзувчини зудлик билан озод қилишни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги зиёлилар ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ҳимоясига турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими