Малоҳат Эшонқул: Бобомурод Абдулланинг суди бўлиб ўтди

Малоҳат Эшонқул: Бобомурод Абдулланинг суди бўлиб ўтди
20 views
01 October 2017 - 17:39

Бугун, 2017 йилнинг 1 октябр, якшанба куни соат 16.00 ларда журналист Бобомурод Абдулланинг суди бўлиб ўтди

Мен бугун, 1 октябрь, якшанба куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумналараро суди биносида МХХ ходимлари томонидан ўғирлик жиноятида гуомнланиб қўлга олинганлиги айтилаётган журналист Бобомурод Абдулланинг суди бўлиши ҳақида эшитгач, воқеа тафсилотларига аниқлик киритиш мақсадида суд биносига отландим.

Менда Бобомурод Абдулланинг на рафиқасини, на–да адвокатини телефон рақами йўқ эди. Шу сабаб суд соат неччига тайинланганлигидан бехабар эдим. Шундай бўлса-да, таваккал қилиб Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносига тахминан соат 14.30 ларда етиб келдим.

Якшанба бўлганлиги сабабли суд биноси олдида сув қуйгандек жим-житлик ҳукмрон эди.

Суд биносининг ўнг томонидаги, асосий кириш дарвозаси олдидаги навбатчилик қисмида ўтирган милиция ходимларига яқинлашдим:

-Бугун шу ерда ҳамкасбимиз Бобомурод Абдулланинг суди бўлади деб эшитиб келгандим, суд бўлиб ўтдими, ёки энди бўлармикин? Бу ҳақда кимдан сўраб билсак, бўларкин? – деб сўрадим.

– Бугун якшанба, якшанба куни одатда суд бўлмайди. Лекин эрталабдан то тушликка қадар, таҳминан соат 12.00 ларга қадар бир нечта эркак ва аёллар ҳам келиб, кутиб ўтириб-ўтириб, кетишди. Эрталабдан буён бирорта ҳам суд бўлган эмас, – деди.

– Айтишларича, Бобомурод Абдуллани  қандай эҳтиёт чораси асосида ушлаб турилиши бўйича маҳкама бўлиб ўтиши керак экан. То шу пайтгача маҳкама ўтмаган бўлса, нима деб ўйлайсиз, энди бўлиши мумкинми? Илтимос, шу ҳақда бирорта бир ходимдан сўраб аниқлаштириб беринг, беҳуда кутиб ўтирмай дегандим, – илтимос қилдим суд биноси дарвозасидаги навбатчилик қисмидаги милиция ходимидан.

– Опа, одатда якшанба кунлари суд бўлмайди, аммо санкция бериш масаласи кўриладиган бўлса, якшанба куни ҳам маҳкама бўлаверади. Аммо бизга ҳеч ким ҳеч қандай ахборот бермайди. Бугун суд бўладими, йўқми, бунисидан бехабармиз. Сизга бир нарса дея олмаймиз. Бугун якшанба бўлганлиги сабабли ичкарида одам йўқ. Истасангиз, кутишингиз мумкин, ҳоҳласангиз суд бўлиш, бўлмаслигини ҳамкасбингизни ҳибсга олган ИИБ ходимларидан сўраб, аниқлаштиришингиз мумкин, – деди навбатчилик қисмидаги ИИБ ходими.

Суд бўлиш-бўлмаслиги мавҳум бўлганлиги сабабли ҳам бироз кутишга қарор қилдим.

Соат 15.00 дан ўтганда суд биносининг дарвозаси олдига таҳминан 35-40 ёшлардаги озғиндан келган, новча, башанг кийинган фуқаро кийимидаги йигит келди-да навбатчилик қисмидаги милиционерлардан бирига гувоҳномасини кўрсатиб, нималардир деди.

Кейин суд биноси олдидаги дарахтлар тагига бориб, кутиб турди.

Мен нотаниш йигитга яқинлашдим ва “Мабодо сиз журналист Бобомурод Абдулланинг суди масаласида келмаганмисиз?” деб сўрадим.

Йигит “Йўқ, мен бошқа масалада…, деди-да, кейин қизиқиш билдирди:

  • Ким у Бобомурод Абдулла?
  • Журналист.
  • Қариндошимисиз?
  • Ҳамкасбиман… Бугун эҳтиёт чорасини қўллаш масаласида суди тайинланган экан, – дедим.
  • Уни қамоққа олган ички ишлар бўлимидан бориб аниғини сўрамайсизми? –сувол берди суҳбатдошим.
  • Йўқ, Бобомуродни ИИБ эмас, МХХ ҳибсга олган. Ҳарҳолда уни уйида тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга ММХ ходими имзо чекканди адашмасам, – дедим.
  • Унда билмадим, – бош чайқади фуқаро кийимидаги нотаниш йигит, – Нега қамоққа олинган экан?
  • Аниғи ҳали номаълум. Айтишларича, ўғирликда гумонланиб қўлга олинган. Ҳамкасбимиз қай бир ўғирликда гумонланаётганлигига қизиқиб келгандим, – дедим.

Суҳбат узилди.

Мен телефонда гаплаша-гаплаша суд дарвозаси томон кетдим. Телефонда суҳбатлаша туриб, кузатиб турдим. Мен суҳбатлашган йигитнинг сафига қорин қўйган, юмалоқдан келган, оқиш кастюммиди, енгил  куртка сифат нарсамиди, жудая оч ҳаво рангдаги кийим кийган 50 ёшлардан ўтган киши келиб қўшилди. Тўлача киши новча йигит билан қўл олишиб, калла уриб кўришишди.

Бир зум нимага чалғидим, билмайман, қарасам, икковлон кўздан ғойиб бўлишибди. Яхши бўлди дедим-да, суд биноси дарвозасидаги ёзувни суратга олдим.

Шу пайт қарасам, фуқаро кийимидаги икковлон дарахтлар панасида мени зимдан кузатиб туришибди, секингина гаплашишмоқда. Адашмасам, озғин, новча йигит телефонида мени суратга ҳам олгандек бўлди.

Бу орада мен уларнинг қайси хизматдан эканлигини тушуниб бўлгандим.

Кўп ўтмай уларнинг сафига 35 ёшлардаги (адашмаётган бўлсам) озғинроқ, ўрта бўйли йигит келиб қўшилди.

Учовлон суҳбатлашиб туришди-туришди.

Мен “Гапирсаммикин, гапирмасаммикин?” деган хаёлда уларга яқинлашдим.

Аммо фуқаро кийимидаги уч киши суд биносининг олд томонидаги панжаралар – катта йўл бўйлаб Шаҳристон метроси томон қараб юришди.

“Ўз иши билан юрган бегона кишилар шекилли” деб ўйлаб, мен ҳам “Метрога тушиб кетсаммикин?” деган хаёлда бироз иккиланиб тургач, уларнинг ортидан эргашдим.

Қарасам, тўғри йўлда учовлон йўқ. Кўзим билан уларни қидира бошладим.  Кўрсам, маҳбусларни олиб келган машиналар кириши учун мўлжалланган суд биносининг чап тарафидаги дарвоза олдига бориб туришибди экан.

Мен ҳам улардан 50 метрча берида, йўл ёқасида уларга қараб, кетиш-кетмаслигимни билмасдан туриб қолдим.

Ички сезгим “Булар Бобомуроднинг суди масаласи билан боғлиқ одамлар” дегандек бўлди.

Улар ҳам менга қараб-қараб қўйишди, менам уларга қараб турардим. Охийри, шунчаки қараб туриш менга ноўнғай бўлди. Шу сабаб учовлонга қарата “Суд биносига кирасизларми? Кирсангиз, мени ҳам олиб киринглар, илтимос” дедим имо қилиб.

Улар сўзсиз шартта ўгрилиб, махбусларни олиб келган машиналар киришига мўлжалланган дарвоза томон юриб, ғойиб бўлишди. Мен панжара ортидан суд биноси ҳовлисини кузатдим. Уч эркак киши киришган бўлса, ҳовли орқали бинога киришганларини кўраман деган умидда бироз кузатиб турдим, учовлоннинг қораси кўринавермагач, кетишга оёғим тортмасдан яна кириш учун мўлжалланган бинонинг ўнг томонидаги асосий эшик томонга қараб юрдим.

Етиб келиб, не кўз билан кўрайки, фуқаро кийимидаги уч эркак киши суд биносини орқа томонидан айланиб ўтиб, (эҳтимол, мени чалғитиш мақсадидадир) мен бу томондан, улар эса у томондан асосий навбатчилик қисми эшигига яқинлашишмоқда эди.

Мен учовлонга кўзим тушиши билан кулдим ва “Барибир йўлимиз бир экан шекилли” дедим. Улар менга парво ҳам қилмасдан шошилганча милиционерга гувоҳномаларини кўрсата-кўрсата  суд биносига кириб кетишди.

Улар судя эмас эди. Судья бўлса, навбатчилик қисмидаги милиция ходимига  ҳужжат кўрсатишмасди. Постдаги милиция ходимлари судьялардан ҳужжат сўрашмайди. Барчасининг чеҳралари таниш. Милиция ходимлари судьялардан ҳужжат сўрашмайди,  аксанча, судьяларга  честь беришади.

Уч нафар эркак кишилар суд биноси ичкарисига кириб кетишгач мен навбатчилик қисмидаги милиционерни чақирдим ва “Ана, МХХ ходимлари келиб, кириб кетишди-ю, демак, Бобомуроднинг суди бўларкан-да?” дедим.

Милиция ходими:

– Ҳа, ҳозиргина келишди-ку, энди бўларкан, лекин ҳали йигитни олиб келишмади. Олиб келишаётган экан, –  деди.

-Судда иштирок этмоқчи эдим, кимдан рухсат сўрасам бўлади, бирорта ходимни чақириб берасизми? – илтимос қилдим милиционердан.

-Опа, овора бўлманг, бугун якшанба, битта судьядан бошқа ҳеч ким йўқ. Санкция масаласи кўриладиган суд ёпиқ тарзда бўлади. Ёпиқ суд мажлисига барибир сизни киритишмайди, –  деди навбатчилик қисми ходими.

Билдимки, ҳадемай, Бобомурод Абдулланинг суди бошланади.

Мен суд жараёнига Бобомуроднинг адвокатини чақиришни жудаям истагандим. Бироқ, афсуски, юқорида айтиб ўтганимдек, менда Бобомуроднинг турмуш ўртоғини телефон рақами йўқ эди. Унинг адвокатининг телефон рақами қандай эканлигидан ҳам бехабар эдим. Шу сабаб бўлажак суд хусусида Бобомурод Абдулланинг яқинларини огоҳлантиришнинг имкони бўлмади.

Хулоса шуки,  бугун, 2017 йилнинг 1 октябр, якшанба куни тахминан соат 16.00 ларда  Бобомурод Абдуллани Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносига олиб келишди ва уни қандай эҳтиёт чораси асосида ушлаб турилиши бўйича маҳкама бўлиб ўтди.

Маҳкама жараёнига киришимга рухсат тегмаганлиги сабабли, ҳозирча суд қандай қарорга келганлиги менга номаълум.

Қисқаси, мен жиноят ишлари бўйича Юнисобод туман суди биноси эшиги олдида ўтирган навбатчилимк қисми милиция ходимининг сўзларига таянган ҳолда 2017 йилнинг 1 октябр куни тахминан соат 16.00 лардан ўтганида Бобомурод Абдулланинг суди бўлиб ўтди деган тўхтамга келдим.

Менга навбатчилик қисми ИИБ ходими: “Санкция масаласи кўриладиган суд ёпиқ тарзда ўтказилади. Ёпиқ суд мажлисига сизни киритишмайди” деди. Мен ундан “Суд натижасини қандай билсак бўлади унда?” деб сўраганимда, милиция ходими “Ўша йигитни хибисга олган ИИБ бўлимига борасиз ва суд натижасини сўрайсиз. Суд натижасини ўшалардан оласиз” деди.

Назаримда, Бобомурод Абдулланинг суди бўлиб ўтганидан унинг яқинлари, дўстлари ҳам бехабар қолишди.

Негаки,  соат тахминан 14.30 лардан то 16.07 га қадар мен суд биноси олдида юрдим. Йўлимда учраган ёшу-кекса борми, эркагу аёл борми, барча-барчасидан “Мабодо сиз Бобомурод Абдулланинг суди масаласида келмаганмисиз?” деб сўрадим ва саволимга “Йўқ” деган жавоб олдим.

Қизиқ, нега энди бугун соат 11.00 га тайинланган маҳкама Бобомуроднинг қариндошлари кута-кута кетишгач, соат 16.00 лардан ўтгандан кейин бўлиб ўтди экан?

Бу саволнинг жавоби хусусида тахмин қилишимиз мумкин, аммо биз аниқ бир жавоб айта олмаймиз.

Малоҳат Эшонқул
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, мустақил журналист