Бу нарса президент қулоғига етса, сизларни шахсан ўзи қамоққа ташлаттиради

Бу нарса президент қулоғига етса, сизларни шахсан ўзи қамоққа ташлаттиради
78 views
02 October 2017 - 8:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

8-қисм

Баҳром Нозима Муниснинг бутун имкониятни бой берганини англаб турарди. Унинг учун қамоқхонанинг нақдлиги кўриниб қолганди. Буни у сезиб турган бўлса ҳам, юзига очиқ айтиб бўлмасди. Саидмат Сотти билан Амира Кимёнинг тонглари оқара бошлаши билан тунлар унга қора кийгизарди. У ботаётган қуёш мисоли мотамсаро эди. Тақдир жаллоди бу шўрлик аёлнинг бошида шамшир ушлаб турганда, ундан ўн икки минг доллар олиш қароқчилик эди. Юзсизлик рўй берарди. Номуссизлик, таъмизсизлик бўларди. У ўроғлик пулни чўнтагидан чиқариб, унга узатди.

– Бу нима? – дея пичирлади Нозима Муниснинг қурқшаган лаблари.

– Берган пуллингиз! – деди Баҳром. – Икки юзини Жалолга берганимни кўрдингиз. Бу ёғига сизга пул зарур бўлади, бирор корингизга ярар!

– Булар ўзингиз берган пуллар, қайтариб ололмайман!

– Булар ҳеч қанақасига менинг пулларим эмас. Бу пуллар менга ўхшаб аҳмоқ бўлган бошқа бировларнинг пуллари. Мен пулларимни ширкатга тўлаганман, энди улар қайтмайди. Тамом, вассалом, буларни олиб қўйинг!

 У Баҳромнинг аҳди қатъийлигини англагач, пулни олиб сумкасига тиқди. Шунда кўзларидан тўкилган ёшлар ёноқларидан сизиб, лабларига тўкилди. Баҳром унга, “ортиқ йиғламайман”, дея берган ваъдасини эслатди. У кўз ёшларини дарров артиб, билинар-билинмас, кулиб қўйди. Бу пайт йўлни кесиб ўтаётган Ғиёс уларга яқинлашиб қолганди.

У Баҳромни обдон тинглади.

– Адвокат олишни ўйлаб, яхши қилипсизлар! – деди сўнгра. – Адвокатнинг қўлидан бир иш келмаса ҳам, зарурат туғилганда маслаҳат беришга ярайди. Аммо ички ишларга шикоят аризаси бериб бирор натижага эришишларингизга кўзим етмайди. Барчасини ошкор этмасдан олдин, ими-жимида бажариш керак эди. Ўшанда ҳам Саидмат Сотти билан Амира Кимёни жавобгарликка тортиш қийин бўларди. Уларнинг ҳомийлари хавфсизлик ташкилотидагилар бўлгач, юрак ютиб ким уларга бир нима дея оларди. Шу сабаб, Амира Кимё билан келишиб, ишни бости-бости этсангизлар, ютасизлар.

– Ишизловчилардан олинган пуллар ортига қайтарилмаса, ишни бости-бости қилиб бўладими?

– Келишилса, уларнинг қўлидан шашвар ҳам келмайди! – деди Ғиёс Баҳромга. – Улар опага дўқ-пўписа қилганлари билан хавфсизлик ташкилотларига мурожаат этишдан қўрқадилар. Битта-яримтаси шикоят қилганида ҳам, оғзи ёпиб ташланади. Ҳаддидан ошганларини хавфсизлик ташкилотлари ходимларининг ўзлари тинчитадилар. Сўнгра улар пул бериб ҳам қутулолмайдилар. Қолганлари фурсат борида жуфтакларини ростлайдилар.

– Бу йўл бизга тўғри келмайди! – деди  Баҳром. – Бизга бўлиб ўтган ишларни тафтиш этиб, холис хулоса чиқарадиган ташкилот керак.

– Унақа ташкилот Туркистон ҳудудларида йўқ! – деди пешонаси тиришган Ғиёс. – Холисона иш юритадиган идораларни излаётган бўлсаларингиз, қамалиб чиқиб, яна бир неча йиллар кутишларингизга тўғри келади. Умрларингиз етса, орзуларингизга эришасизлар, етмаса, болаларингизга васият қолдирасизлар. Болаларингиз болаларига, улар яна болаларига васият этаверадилар. Ё подшо, ё эшак ўлади, деганларидек, охирзамонгача ўзгариш бўлади. Бўлмаса қиёмат кунида ҳисоб-китобларингизни тўғирлаб оласизлар.

– Ҳозир юракка ҳазил сиғадими?! – деди жиғибийрон бўлган Нозим Мунис. – Бир чорасини топмасак, бўлмайди.

– Битта усул қўлласа бўлади! – деди Нозима Муниснинг Амира Кимё билан келиша олмаслигини пайқаган Ғиёс. – Нозима опани туман миллий хавфсизлиги билан боғлаб қўяман. Бу киши ҳеч кимга билдирмасдан бор маълумотни етказиб туради. Баҳром ака, сиз кетини узмасдан, бўлаётган жиноятлар хусусида президент номига хатлар жўнатаверасиз. Миллий хавфсизлик бошлиғининг шунда боши қотади, жиноятчиларнинг ҳомийлари билан оғиз-бурин ўпишишдан ўзини олиб қочади. Икки ўртада нима этишини билолмасдан, у ахири юқори ташкилотларга маълумотларни тақдим этишга мажбур бўлади. Шунда ишнинг чуви чиқишидан ҳадиксираган “кўринмас қўл”лар гумашталарини ўз ҳолларига ташлаб қўйсалар, бирор нарсага эришиш мумкиндир. Яна билмадим!

– Жуда тўғри! – деди иложи топилганидан суюниб кетган Нозима Мунис. – Баҳром айни пайтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига ҳам ёрдам сўраб мурожаат этсин. Шунда хавфсизлик ташкилотларининг ишни холисалинно кўриб чиқишларидан бошқа йўллари қолмайди.

– Мутлақо мумкин эмас! – деди Ғиёс унинг оғзига уриб. – Бу нарса президент қулоғига етса, сизларни шахсан ўзи қамоққа ташлаттиради. Бу фикрни миянгиздан чиқариб ташланг!

Аллалхусус, Нозима Мунис таклифга рози бўлгач, Ғиёс иккаловларини эргаштириб миллий хавфсизлик идорасига бошлаб борди. Уларни хавфсизлик ходими Бекзод деган йигит қарши олди. У узун бўйли, сўрриқдан келган, арвоҳсифат бир махлуқ эди. Унинг сўниқ кўзлари ўлган ҳўкизнинг кўзларидек ҳиссиз боқарди. “Ҳақиқий чекист”лардай кўрсатиш учун у ўзини совуққон тутарди. Унинг ҳолатидан фахр туйиши юз ифодасидан барқ уриб турарди. Ўта мансабпарастлиги ўлимтик каби қиёфасига урганди.

Ғиёс уларни қолдиргач, учовлон ўтириб суҳбатлашдилар. Кўп ўтмай бақалоқ бир одам эшикни очиб, Бекзодни ҳузурига чорлади. Бирпас ўтиб у қайтиб чиқди. Афтидан, чақирган кимса унинг бошлиғи эди.

– Сиз кетаверинг! – деди у Баҳромга. – Буёғига Нозима Муниснинг ўзи билан гаплашамиз. Зарур бўлсангиз, чақиртирамиз. Ғиёс ака бу масалада бошлиғимизга етарли маълумотларни тақдим этган экан.

 Баҳром бугун тўрт девор ичида, тутқунликда ўтириб, бошидан ўтган ҳар бир нарсанинг устида соатлаб бош қотираркан, ўшанда Бекзоднинг сўзларини эшитиб ҳам Ғиёсдан шубҳаланмаганига ҳайрон қоларди. “Ғиёс ака бу масалада бошлиғимизга етарли маълумотларни тақдим этган экан”, деган сўзлар унинг барчасини аввалдан миллий хавфсизликка етказиб турганини тасдиқларди. Ғиёснинг уларни хавфсизлик идорасига судраклаб боргани тасодиф эмасди. У бир вақтнинг ўзида икки тарафга ишларди. Баробарида, Баҳромга ҳам маълумот етказарди.

Хулоса қилиб айтганда, бу жабҳада Ирисматнинг ўрни беқиёс эди.  Баҳром билан Нозима Мунис учрашгунларича, у Қайим гарангнинг атрофидагилар ҳақидаги маълумотларни Ғиёс билан баҳам кўрарди. Янаям кўпроқ пул ишлаш иштиёқи билан ёнган Ғиёс ички ишлардан яшириб, билганларини миллий хавфсизлик билан бўлашарди. Ҳароми бола тўғри келганни эмади, деганларидек, у барча нарсалардан хабардор бўлгач, феъли айний бошлаганди. Баҳром билан Нозима Муниснинг йўқ қармоққа илиниши унинг омади келганидан эди. Қувлаб юрган ўлжасининг ўзи келиб унинг чангалига тушганди…

(давоми бор)