МХХ журналист Бобомурод Абдуллаев оиласига босим ўтказмоқда

МХХ журналист Бобомурод Абдуллаев оиласига босим ўтказмоқда
21 views
02 October 2017 - 16:34

Би-би-си Ўзбек хизмати хабар беришича, МХХ (СНБ) ҳибсхонасида сақланаётган журналистнинг яқинлари айнан Миллий хавфсизлик хизмати босими остида мустақил адвокатдан воз кечган. Журналист устидан дастлабки маҳкама бўлиб ўтган бироқ унинг нимада айбланаётгани яқинларига маълум қилинмаган.

“Бобомуроднинг хотинига терговчидан босим бўлгани аниқ. МХХ шунақа ишларга уста бўлиб кетган. Оиласига таҳдид қилади. Жим юрсанг тез чиқади, деб алдайди. Шу сабабдан ҳам мустақил адвокатдан воз кечишган”, – дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов.

Терговчи журналистнинг оиласига дастлабки маҳкама бўлиб ўтганини ва унга айблов эълон қилинганини билдирган.

Бироқ Бобомурод Абдуллаев яқинларига ҳануз унинг нимада айбланаётгани борасида ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмаган. Яқинлари мустақил адвокатдан СНБ босими остида воз кечган.

Журналистга давлат томонидан адвокат тайинланган, бироқ унинг кимлиги ва нима ишлар қилаётганини ҳатто оила аъзолари ҳам билмайди.

Бизга маълум бўлишича, терговчи томонидан Бобомурод Абдуллаевнинг яқинларига очиқдан очиқ таҳдид бўлган.

Журналист иши билан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармаси бўлим бошлиғи адлия подполковниги Н. Д Турақулов шуғулланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда журналистнинг МХХ (СНБ) томонидан қийноқларга тутилаётгани ҳам айтилмоқда. Би-би-си боғланган манбалар ушбу гапларда жон борлигини айтишди.

27 сентябр куни бедарак йўқолган журналист иши билан МХХ шуғулланаётгани маълум бўлган.

Тошкентдаги Гвардейский, деб ном чиқарган МХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев тўғрисида барча маълумот сир тутилмоқда.

1 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида Бобомурод Абдуллаев нимада гумон қилинаётгани ва қандай эҳтиёт чораси асосида ушлаб турилиши бўйича дастлабки маҳкама бўлиб ўтиши керак эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокат ва журналистнинг яқинлари суд жараёнини бир неча соат Жиноий ишлар бўйича Юнусобод судида кутишган.

Бироқ ўша вақт суд бўлмаган. Суднинг кейинчалик журналист яқинларисиз ёпиқ тарзда бўлиб ўтгани айтилмоқда.

29 сентябр куни журналист уйида МХХ ходимлари 4 соат тинтув ўтказган. СНБ ходимлари Бобомурод Абдуллаевнинг яқинларига журналист МХХ ҳибсхонасига йўқолганидан бир кун ўтиб 28 сентябрда келтирилганини билдиришган.

Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган. Футбол федерацияси ва терма жамоа мураббийларини кескин танқидлари билан ажралиб турган.

Унинг танқидий мақолалари Ўзбекистондаги футболга асосланган веб саҳифаларда чоп қилинган.

У бир вақтлар “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

Бобомурод Абдуллаев халқаро оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистондаги муаммоли мавзуларда ўзининг эркин фикрларини бериб турган.

ЎХҲ хабарлар бўлими