Нурулло Отахонов: Ватанга қайтганимдан афсусда эмасман

Нурулло Отахонов: Ватанга қайтганимдан афсусда эмасман
18 views
02 October 2017 - 22:33

1-октябр куни “Тоштурма”дан озодликка чиқарилган ёзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) “Америка Овози” билан суҳбатда аэропортда ҳибс қилиниши ҳам, минглаб ватандошлари унинг ҳимоясига чиқиши ҳам кутилмаган воқеа бўлгани ҳақида гапирди.

Ёзувчи озод, аммо тергов давом этади. Нурулло Отахонов, айниқса, халқда кузатилган уйғоқликдан хурсанд. Асарини эса диний идора эмас, адабий жамоатчилик баҳолаши керак, деб ҳисоблайди.

27-сентабр куни Тошкент аэропортида қўлга олинган таниқли ўзбек ёзувчиси уч кундан сўнг ҳибсдан озод қилинди. Сўнгги икки йил Туркияда яшаган ёзувчи президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбекистонликларни ватанга қайтишга ундашидан, шунингдек, мамлакатдаги “қора рўйхат”дан ўчирилганидан сўнг Ўзбекистонга қайтишга қарор қилганини айтади. Аммо, Туркиядан ватанга учиб келган ёзувчини Тошкент аэропортининг ўзидаёқ ҳибс қилишди.

“Айниқса, президент АҚШга борганида, БМТдаги нутқидан кейин (нутқ ҳам ажойиб, яхши бўлди) бир гуруҳ ватандошлар билан учрашдилар. Ўша учрашувда ватанга қайтинглар, айниқса, мутахассислар, керак бўлса, йўлкира бераман, маош, уй қилиб бераман, дедилар. Мен бундан жуда катта руҳ олдим, албатта. Лекин мен кириб келдим, қўлимга кишан солишди, ҳибсга олишди, ҳайронман, ҳамон ҳайратдаман, бу ёқда давлат бошқача сиёсат юритяпти, лекин эски сиёсатни юритаётганлар ҳам борми, деб ўйлаяпман, ҳалигача бунга ақлим етмаяпти”, – дейди ёзувчи.

АО: Яъни, давлат иккиюзламачи сиёсат юритмоқдами?

– Энди, шунақага ўхшаяпти, аммо мен президент иккиюзламачи демоқчи эмасман. Мен президент яхшиликлар истаяпти, яхшиликлар қилмоқчи дейман. Аммо бунга қарши қандайдир кучлар борми, мени гумон қилишга ҳақим йўқ, аммо воқеалар шуни кўрсатяпти. Бир томонда бундай гаплар айтиляпти, бир томонда бундай ишлар қилинмоқда. Масалан, тасаввур қилинг, мен “қора рўйхат”дан 8-9-август кунлари ўчирилганман, лекин шу йил 18-майда мени ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилган, қидирувга берилганман. Яъни май ойида жиноий иш очилган, август ойида эса “қора рўйхат”дан ўчирилганман, буларнинг қай бирига ишонай? Мантиқ бўйича, “қора рўйхат”дан ўчирилди дегани, аввалги ишлар бекор қилинди дегани-ку. Қолаверса, энди келаверсинлар деган, таклифлар билдиришди. Хуллас, президентнинг чақириқларидан илҳомландим, гарчанд мени шахсан таклиф қилмаган бўлса ҳам. Туркиядаги ватандошларни ҳам ватанга қайтишга, ўзгаришлар бўлаётганига тарғиб қилиб юрган одам сифатида ўзим буни бошлаб беришни ният қилдим ва мана ватанга қайтиб келдим.

АО: Бу қарордан афсусда эмасмисиз?

– Албатта, ичкарида ўтирганда (ҳибсхонада) бундай афсус хаёллари ҳам келди, нима қилардим қайтиб деган… Лекин мен афсусда эмасман, чунки нима бўлган тақдирда ҳам бу ўзимнинг ватаним. Менга нима қилаётган бўса ҳам, бу ўзимнинг давлатим. Мен давлатимдан бегона эмасман, ўзимни ватаннинг жонкуяри деб ҳисоблайман. Албатта, яхшилик осонлик билан ўрнатилмайди, буни ҳам биламан.

27-сентабр куни ёзувчининг Тошкент аэропортида қўлига кишан урилганча ҳибс қилиниши жамоатчиликда, айниқса, ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлди.

Оддий аҳоли, адибнинг ўқувчиларидан ташқари мамлакатдаги бир нечта таниқли ёзувчилар ҳам ҳукуматнинг бу қарорига нисбатан ўз норозиликларини билдирди. Нурулло Отахоновни озодликка чиқаришни сўраб Президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган мактубга юзлаб ўзбекистонликлар имзо чекишди.

Ёзувчига кўра, ҳали қамоқдалигида адвокатидан унинг ҳимояси учун кўтарилаётган ташаббуслардан хабар топган, озодликка чиққач эса бу ташаббуслар билан бевосита танишишда ҳамон давом этяпти, ўзбекистонликларда уйғонган бу фаолликдан хурсанд, уни қўллаётганлардан миннатдор.

“Тоштурма”далигимнинг иккинчи кунида адвокат бордилар ва ҳозир сизнинг ҳимоянгиз учун бутун дунё оёққа қалққан, халқаро ташкилотлар, ижтимоий тармоқлар ҳам, шу билан шуғулланяпти деб айтдилар. Мен ҳам ҳайратда қолдим, ҳам хурсанд бўлдим. Майли халқаро ташкилотлар ўз йўлига, мен давлатим устидан ҳеч қачон чет элга шикоят қилмаганман, мен халқимга шикоят қилганман, китобим халқимга мўлжалланган, у ерда ўзимизнинг ички муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилайлик, деган ғоя бор. Шунинг учун бу китоб бирон тилга таржима қилинмаган, фақат ўзбек тилида, ўз халқимиз учун сайтимга қўйилган. Мени энг қувонтирган нарса шу бўдики, бу нарса халқимизнинг ичидан чиқяпти, қамалишим шунчалик сиёсий акс-садо берибди, мана чиққанимдан буён ижтимоий тармоқлар мен билан шуғулланганини кўрсатишяпти, таништиришяпти. Мен бу нарсани, Худо хоҳласа, катта бир ўзгаришлардан дарак деб биламан. Халқимиз уйғоняпти, ўз фикрини очиқ билдириш малакаси пайдо бўляпти. Энг яхши томони эса давлатимиз ҳам очиқ фикрларга кўникяпти”, – дейди ҳибс қилиниши ижтимоий тармоқлардаги кескин норозиликка сабаб бўлган ёзувчининг ўзи.

Нурулло Отахонов қамоққа олиш ҳақидаги эҳтиёт чорасининг очиқда юриб терговда қатнашиш шартига ўзгартирилиши муносабати билан озодликка чиқарилган.

Ёзувчига нисбатан конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш айби бўйича жиноий иш очилган.

Бу айблов диний идора томонидан адибнинг “Бу кунлар” романи бўйича берилган экспертиза хулосасига асосланган.

Ёзувчининг ўзи бу айбловларни инкор қилади.

Манба: Америка Овози