“Ўша жой”

“Ўша жой”
129 views
03 October 2017 - 8:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

9-қисм

Тўртинчи боб

 Баҳром миллий хавфсизлик идорасидан чиққач, Катя берган қоғозни чўнтагидан олди. Бир парча қоғозда “111-12-12” сонлари битилганди. Бунинг телефон рақами эканлигини у бошида илғаганди. У кўзлари билан кўча телефонини қидира бошлади. Ҳар эҳтимолга қарши соткасидан қўнғироқ этмоқчи эмасди.

У рақамни терганда, гўшакдан:

– Эшитаман! – деган овоз янгради.

– Мен  Баҳромман! – деди унинг юраги ўйноқлаб.

– Қаердасан?

–  Метрога яқин жойдаман!

– Вақтинг қанақа?

– Етарли!

– Бир ярим соатдан сўнгра ўша жойда учрашсак бўладими? Мен ишдан чиқиб бораман!

– Бўлади!

– Машинасиз кел, илтимос!

– Тушундим!

Телефон гўшагини қўйганда, унинг ўйноқлаётган юраги бўғзига тиқилди. Шунда ҳаво етишмасдан нафаси сиқди. Кўзларининг олди қоронғилашиб, устидан биров бир челак сув қуйиб юборгандек, вужудини бир нима ювиб кетди. Кўйлагининг тугмаларини ечди, бўлмади… Бир стакан муздек сув ичгач, кўзларига ёруғлик инди. Катя у билан йигирма тўрт йил бурунги мақомда суҳбатлашганди. Унинг ярадор кўксига ҳижроннинг зангли пайкони санчилганди. Хотираси уйғониб, заҳарли қон борлиғига ўт пуркаганда, у кўринмас бир олов ичида ёна бошлади. “Ўша жой” дегани ўша жой эди…

Учрашувнинг бир ярим соатдан кейинга белгилангани айни муддао бўлди. У уйига бориб, ювиниб, кийимларини алмаштиришга улгурарди. У тонгдан буён тўрт томонга бўзчининг мокисидай, югуриб, ғишт терга ботганди. Катянинг олдига бундай бориб бўлмасди.

 У ювиниб-таранди. Метрога тушганида, келишилган вақтга ярим соат бор эди. Чаққон бўлиб кетаётганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. Оёқлари олдинга чопар, юраги кўксидан отилиб чиқиб учмоқчидек ҳаприқарди. У Пушкин бекатидан чиққанида, учрашувга йигирма дақиқа қолганди. Бироқ кайфиятида аллақандай англаш қийин ланжлик бўлиб, кўнгли безовта эди.

 У ҳайкал остида ўтириб Катяни кута бошлади. Унинг нима учун чақирганига минг ўйласин ақли етмасди. Уни Амира Кимёнинг хуфиялари билан кўриб, ҳуши бошидан учгач, хулоса чиқаришга ожизлик этаётганди. Тафаккур этолмасди фикрлари уни, ташлаб қочган, руҳияти қақраган саҳрода сув тилаб ёлвораётган Мажнунга менгзарди. У бетийиқ ўйлари қаршисида нотовон эди. Нохуш ҳислар қамраб, кўксини ёмон хаёллар эзар,  икки ўт орасида қолганди. Муаммо олдида у кичрайиб, шубҳа-гумонлар пўртанаси соҳир туйғуларини емира бошлаганди. У қалбининг қат-қатларида милён йиллардан буён ардоқлаб келаётган қадрятларидан ажраш арафасида эди. Устига ҳалокатли кўланкалар бостириб келар, ичида ҳаёт-момот жанги борарди. “Наҳотки”, “наҳотки”, деган саволлардан бошқа тилидан ҳеч нима чиқмасди. Катяни Амира Кимё билан бирга деб ўйларди…

– Сенга нима бўлди? Юзинг докадек оқариб кетипти-ку! – деди елкасига қўлини қўйган Катя.

У ўрнидан ирғиб турди. Қизни рўпарасида кўриб каловланиб қолди.

– Чарчаганман, шекилли! – деди сўнгра ўзини ўнглаб.

– Сенинг ўрнингда ким бўлса ҳам чарчайди!

У Катянинг сўзларидан ҳушёр тортди. Юзларига иссиқ қон уфуриб, вужудида жонланиш пайдо бўлди.

– Мана, мен келдим! – деди сўнгра.

– Келишингни билардим! – деди ҳайратини яширмаган Катя.

– Бўлмаса, нимага ҳайрон бўляпсан?

– Нима учун ҳайрон бўлмаслигим керак?

– Мен қаердан биламан!

– Қаерларда йўқолиб қолдинг?

– Сен ўзинг-чи!

– Ёлғон!

– Рост!

– Ёлғон!

– Сен ҳақсан! – деди тан олишга мажбур бўлган Баҳром. Бироқ сени изладим, тополмадим!

– Мен бунинг учун келмадим. Муҳим бир ҳаётий масалада сенга илтимос билан мурожаат этишга бурчлиман!

 Баҳромнинг кўзлари олдига Амира Кимёнинг қиёфаси келди. Кайфияти тушиб, яна вужуди музлади.

– Қанақа ҳаётий масала? Қанақа бурч?

Унинг овози ўзгарди. Кўзлари совуқ боқиб, тунд қиёфага кирди.

– Сен ўйлагандек эмас! – деди маъюс тортган Катя. – Баъзи бир одамлар билан менинг алоқам йўқ. Ўзимнинг шахсий масалам, ўзимнинг ўзимга яраша дардларим бор!

– Сени тўғри тушунган бўлсам, иккаламизга тегишли қандайдир иш устида сўз кетяпти! – деди Баҳром. – Бировларга алоқанг йўқлигини эшитиб хурсанд бўлдим. Қўлимдан келадиган иш бўлса, бажараман, қўлимдан келмаса, аввалдан узр сўрайман!

– Ер куррасида олти милярддан кўп одам яшаса, бу иш биргина сенинг қўлингдан келади!

– Мен шунақа зўр одамманми?

– Бу масалада, ҳа!

Баҳромнинг боши қотди. Амира Кимё билан боғлиқ бўлмаган қандай иш бўлиши мумкин, деб ўйлади. Сукут сақлади, тилини тишлади, нафасини ютиб, Катянинг кўзларига боқди. Кўзларидан унинг хийла улғайгани билиниб турарди. Боқишлари тароватли, нигоҳида меҳр жилвалари ўйнарди. Бу нигоҳларда ҳийла ва риёдан дарак йўқ эди. Бўлса ҳам, уларни Баҳромнинг кўзлари кўрмас, юраги сезмасди. Барчалари муҳаббатнинг асиралари эдилар…

–  Сўзсиз бажаришга ваъда берсанг, айтаман! – деди у.

Жиддий бир масала хусусида гап кетаётганини Баҳром англаб етганди. Аммо у аросатда турар, нима дейишини билмасди. У Катянинг ўша Катялигига ишонгиси келар, уни Амира Кимёнинг гумашталари билан кўрмаганига ўзини ишонтирмоқчи бўларди. Бошқасига тупурганди. Бироқ ўз-ўзини алдаш билан иш битмасди. Муаммо ечимини топмасди. У таваккал этди. Бошқасига фаҳми етмай:

–  Бажараман! – дея ваъда берди.

Уни чарос кўзлар афсун этиб, ақиқ лаблар титроққа солганди. Боқишларга дош беролмаётган ҳислари, найсон фасли мисоли, унинг бошида сел қуярди. Юраги қанотлари куйган парвоналар каби армонининг товонларига тўш уриб, жон таслим қилмоқни орзуларди. У тағин бир вақтлардаги ёш ва ғўр йигитчага айланиб қолганди. Катя буни сезиб турар, нуқул билинтирмасдан кулимсирарди…

– Иш битгач, сўрасанг, сабабини айтаман! – деди у. – Истамасанг, талоғимни бериб, орқангга қайтиб кетаверасан!

– Нима демоқчисан?

– Қайга шошасан?

– Шошаётганим йўқ?

– Мени никоҳингга ол!

 У қулоқларига ишонмади. Унинг нима учун буни талаб этаётганига ҳайрон қолди. Бу нима учун зарур? Уни яна ваҳима босди. Яна қалбини шубҳа-гумонларнинг қора булутлари қоплади. Кўзлари олдида Саидмат Сотти билан Амира Кимёнинг жирканч қиёфаси намоён бўлди. У ҳозиргина сўз берганди, тилидан илинганди, ҳеч нимани сўрай олмасди, суриштира олмасди. Соткасини ёқиб, таниш имомга қўнғироқ этди. Сўнгра индамасдан Катяга эргашди. У машинасини ўт олдирди.

Масжидга борганларида, имом икки ёшга никоҳ ўқиётганди. Тугатгач, уларни чақирди. Уларнинг қўлида никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги расмий ҳужжат йўқ эди.

Имом таниш бўлса ҳам:

– Ўқимайман! – дея оёқ тиркади.

– Сиз ҳукуматнинг масжидга бириктириб қўйилган вакилимисиз? – дея Катя луқма ташлади. – Ёки Тангрининг хизматкоримисиз?

– Тангрининг қулиман! – деди ҳушёр тортган имом. – Бироқ подшо Тангрининг ердаги сояси. Подшо амри вожиб, деганларидай, йўриғидан юримаслик яхши оқибатларга олиб келмайди.

– Тангрининг ердаги сояси Тангри ҳукмига қарама-қарши иш юритса-чи? – деди чўрт кесган Катя ҳам. – Қулининг қулоқлари Хожасининг овозидан бошқасини эшитмаслиги жоиз. Бу каби янглиш қадамлар фуқароларни тўғри йўлдан адаштиради, нуқтаи назарларда чалкашликлар пайдо этади!

Аллақандай бир рус аёлининг соф ўзбек тилидаги кескин иддаоси имомни довдиратиб қўйди. Уни дуруст билмайдиган Баҳром ҳам анграйиб қолганди. У илгариги масжид имоми Зокиржон домланинг фожеали тақдиридан воқиф эди. Унинг бошига хавфсизлик ташкилотлари, имон-эътиқоди бутлиги боис, мудҳиш мусибатларни солгандилар. У зулумлардан ўлиб қутулганди. Янги имомнинг ташвишида асос бор эди.

 Лом-мим демаган имом уларга гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқиди. Баҳром Катянинг Камола дея исм олганини шу ерда билди.

Ишлар осон кўчди. Улар машинага ўтириб ортларига қайтдилар.

– Нима учун ҳақиқий исмингни имомдан яширдинг? – дея сўради Баҳром.

– Ҳақиқий исмим Камола! – деди Катя. – Қулоғимга азон айттириб, паспортимга ҳам шундай деб ёздириб олганман. Бу исм менга ярашмаптими?

– Нега, ярашиб турипти. Бироқ ўзингнинг исминг ҳам гўзал эди!

– Бунинг ўзига яраша сабаби бор, тушунтира олмайман. Вақт етиб ўзинг билиб оласан. Хоҳласанг, албатта!

– Хоҳлайман!

– Никоҳдан ўтганимиз сени қизиқтирмайдими?

– Қизиқтиради. Оғзингни пойлаяпман!

– Сўрамасдан оғзимни пойлайсанми?

– Мана, энди сўрадим!

– Рози бўлсанг, уйга борамиз. Ўшанда ўзинг билиб оласан!

– Сен билан жаҳаннамга боришга ҳам тайёрман!

– Қўрқмайсанми?

– Қўрқаман!

– Қўрқсанг, нега рози бўляпсан?

– Билмайман!

– Нимани билмайсан?

– …!

Улар қайтиб гаплашмадилар. Баҳром ҳақиқатан қўрқаётганди. У кўзларини юмиб, ўзини жангга отаётган аскарга ўхшарди. На олдида, на орқасида бошқа йўл қолмагандек эди. Аслида, унинг минг битта йўли бор эди. Ўзи хоҳламаётган нарсасини хоҳлаётганини англамасди, холос. У кеча билан кундуз орасидаги пардага қақнус сингари қанотидан илашганди. На унисидан, на бунисидан кўнгил уза оларди.

(давоми бор)