Матбуот баёноти

Матбуот баёноти
20 views
03 October 2017 - 12:30

2016 йилда Каримов ўлимидан сўнг халқда ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга умид учқунлари пайдо бўлди. Янги давлат раҳбарининг иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги баёнотлари, шунингдек, Самандар Қўқонов ва Муҳаммад Бекжон сингари 18-20 йил умрини қамоқда ўтказган сиёсий тутқунларнинг озодликка чиқарилиши кўпчиликни умидлантирди.  Ҳатто бутун бу йиллар давомида Каримов бошқарувига муросасиз қаршилик кўрсатиб келган биз каби мухолифлар ҳам соғлом скептицизм билан янги раҳбарнинг “халқимиз ҳаётини яхши томонга ўзгартириш” йўлидаги  интилишларига ишондик. Биз ўз тарафдорларимизни янги раҳбариятга фурсат бериш ва конструктив мулоқот йўлини танлашга чақирдик.

Лекин, кейинги кунлардаги воқеалар Ўзбекистоннинг қисқа бир танаффусдан сўнгра янгидан сиёсий репрессиялар муҳитига кираётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Ўтган ҳафтада Тошкент ва Киев шаҳарларида бирданига учта диссидент ҳибсга олинди.

Биринчиси хорижда яшаб келган ёзувчи Нуруллоҳ Отахон. У 27 сентябр куни  Истанбулдан Тошкентга учиб борган пайт Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ушланди. Беш кун Тоштурмада ҳибсда бўлиб, олтинчи куни озод қилинган ёзувчи собиқ президент Каримов бошқарувини танқид қилувчи “Бу кунлар” китобида конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланган эди.

Иккинчи маҳбус Нарзулла Охунжонов 26 сентябр куни оиласи билан Истанбулдан Киевга учиб борганда, паспорт контролида Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинди. У Ўзбекистон Радио ва Телевидение тизимларидаги коррупция, бу ташкилот раҳбари Алишер Хўжаевнинг порахўрлигини фош этувчи қатор мақолалари учун жиноятчи деб эълон қилиниб, Интерполга берилган эди. Шу кунларда у Киев шаҳрида турмада сақланмоқда.

Учинчи маҳбус Бобомурод Абдуллаевни эса, 26 сентябрда куппа-кундузи Тошкентдаги уйидан ўғирлаб кетишган. Икки кунгача унинг қаердалиги ҳеч кимга маълум эмасди. Унинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида экани ҳақидаги маълумотни олиш осон бўлмади. Кейинроқ журналистнинг уйи тинтув қилинди.

Бобомурод Абдуллаев Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) ҳамда “Internews” халқаро медиа ташкилотларида ишлаган ва шунингдек… “Усмон Ҳақназаров” таҳаллуси остида бошқа нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган.

Ҳа, ўтган ҳафта Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинган камсуқум спорт журналисти ўша афсонавий Усмон Ҳақназаровнинг ўзи бўлади!

“Сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров” имзоси билан чоп этилган мақолалар нафақат интернетни, балки ўзи фош этган Каримов тузуми ва унинг махфий хизматларини ҳам ич-ичидан ларзага келтирди. Каримовнинг ўлимидан сўнг эса, Бобомурод Абдуллаев яна айни таҳаллус остида МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва махсус хизматларнинг коррупцион схемаларини фош этувчи туркум мақолалар эълон қилди.

У Ўзбекистоннинг янги президентини МХХ томонидан либерал ислоҳотларнинг саботаж қилинаётгани ҳақида огоҳлантирди. (Бизда айнан шу тизим мамлакатдаги ислоҳотларнинг асосий душмани эканини тасдиқловчи кўплаб далиллар мавжуд). Бобомурод Абдуллаев мамлакатнинг янги лидерига чин дилдан ишонди ва СНБни фош этиш орқали президентга чириб кетган тузумни қайта қуришда ёрдам бераяпман, деб ўйлади.

Бизнинг Бобомурод Абдуллаев МХХнинг тергов изоляторида психотроп моддалар воситасида қийноққа тутилмоқда, деб ишонишга жиддий асосларимиз бор.

Бизнинг шубҳаларимиз ушбу изоляторда қийноқларни бошидан кечирган мухолифатчиларнинг кўрсатмаларига асосланган. Биз унинг узоқ муддатга қамоққа ташланишидан қўрқмаймиз. Биз унинг ҳаётидан хавотирдамиз. Биз Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти худди Абдували Мирзаев, Абдулла Ўтаев, демократ-мухолифатчи Шовруқ Рўзимуродов, ёзувчи Эмин Усмон ва режим ҳамда МХХнинг бошқа мухолифлари ҳаёти каби якун топишидан хавотирдамиз. Биласиз, бу арбобларнинг ҳаммаси режим томонидан ўлдирилган эди.

Бобомурод Абдуллаев ўз мақолаларини фақат Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг нашрида эълон қилар экан, бу билан ўзининг адолатсизлик ва қулликка қарши актив мухолифатда эканини намойиш этди.

Ўтган 14 йил мобайнида у катта психологик босим ва муқаррар ҳибсга олиниш таҳликаси остида яшаб келди. Ва бу содир бўлди.

Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназар) бир мансабдорнинг, бир вазирнинг ва ёки ҳатто МХХ раисининг ҳам душмани эмас. Бобомурод Абдуллаев Каримов диктатураси мерос қолдирган ваҳший режимнинг душманидир. У 14 йил давомида калласини қўлтиқ остига олиб, бу системага қарши курашди ва Каримов ўлиб, унинг ўрнига келган киши халққа бироз эркинлик берганидан руҳланиб, уни ҳеч иккиланмай қўллай бошлаган ва халқи учун ҳар қандай муросага тайёр эканини дарҳол намойиш қилган мард шахсиятдир.

Мана, орадан бир йил ўтди ва биз янги раҳбарнинг ислоҳотларни бошлаш ва мамлакатни ўзгартиришга қаратилган уринишларини МХХ намойишкорона бир саботаж қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Нарзулла Охунжонов, Нуруллоҳ Отахон ва Бобомурод Абдуллани ҳибсга олишлар ҳам эски каримовча усулда амалга оширилди.

Биз бу диссидентларнинг зудлик билан озод этилишини талаб қиламиз!

Шундагина мамлакатда ўзгаришлар юз беришига халқ ишончини қайта тиклаш мумкин.

Муҳаммад Солиҳ 
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
3.10.2017