Бобомурод Абдуллаев конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда

Бобомурод Абдуллаев конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда
29 views
03 October 2017 - 12:25

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўтган ҳафта Тошкентда хуфёна тарзда ҳибсга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни мамлакат конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда. Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, якшанба куни Абдуллаев устидан ёпиқ маҳкама бўлиб ўтган. Ана шу маҳкамада журналистга 20 йиллик қамоқ жазосини кўзда тутувчи 159-модда бўйича айблов эълон қилинган.

Абдуллаев Тошкентдаги Гвардейский, деб ном чиқарган Миллий Хавфсизлик Хизматининг ертўласида ҳибсда ушлаб турилибди.

Дастлаб Абдуллаев Юнусобод туманида юз берган ўғирлик жиноятида гумон қилинувчи сифатида кўрилаётгани айтилганди.

Лекин, Сурат Икромовнинг “Озодлик” радиосига айтишича, журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-модда 4-банди бўйича айбланаётганини аниқлаганлар.

-Ҳокимиятни босиб олиш ва Ўзбекистон Конституция тузумини ағдариш учун фитна уюштиришда абланмоқда ва бунинг учун 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Лекин, Бобомуродга нима учун бундай айблов қўйилаётгани номаълум, – деди Сурат Икромов.

Айни пайтда 3 октябр куни Туркиянинг Станбул шаҳрида матбуот анжумани пайти Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилди.

-Унинг мақолалари Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида эълон қилинди. Сўнгги 14 йил давмоида у Усмон Ҳақназаров таҳаллуси билан мақолалар бериб келди ва биз уларни сайтимизда чоп этиб келдик, – деди Муҳаммад Солиҳ.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида Ўзбекистондаги тузум ва Президент Каримов оиласини фош этишга қаратилган мақолалар 2003 йилдан буён эълон қилиб келинган.

Ҳақназаров номи остида интернетда эълон қилинган туркум мақолалар катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Муҳаммад Солиҳ Истанбулдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси ҳам Абдуллаев бўйича баёнот берди.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматини зудликда журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга, унинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз фикрини ирод қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга, очиқ судловни таъминлашга ва унинг олдига адвокати ҳамда яқинларининг киришига рухсат беришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

44 ёшли Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган.

У 2000 йил бошида “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими