БМТ махсус маърузачиси “Жаслиқ”қа ҳам боради

БМТ махсус маърузачиси “Жаслиқ”қа ҳам боради
37 views
03 October 2017 - 14:53

Би-Би-Си ўзбек радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Ҳуқуқ фаоллари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, Аҳмад Шаҳид қамоқхонага ташрифи чоғида у ердаги маҳбуслар билан учрашиши ҳам мумкин.

Сурат Икромовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу ишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маърузачисига энг аввало ўзлари кўмакчи бўлишади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси кеча – душанба куни 10 кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келган.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга сафарининг илк кунидаёқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Аммо ушбу учрашув тафсилотларига оид расмий хабарлар фақат умумий маълумотлар билан чекланган.

Худди шунинг баробарида, ўзаро тушуниш тамойилларига асосланган конструктив мулоқотни давом эттиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқлангани маълум бўлган.

Таъкидлаш жоиз, бу – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади.

Расмий хабарларга кўра, Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга 10 кунлик сафари чоғида мамлакат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ички ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Конституцион ва Олий суд, Бош прокуратура, Диний ишлар, Хотин-қизлар қўмитаси ва Мусулмонлар бошқармасида учрашувлар ўтказади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Омбудсмани билан ҳам учрашади.

Яна бир учрашув

Сурат Икромовнинг маълум қилишича, БМТ махсус маърузачиси 2 октябрь куни ўзлари дохил ўнга яқин маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳам учрашган.

Суҳбатдошимизга кўра, Тошкентдаги Германия элчихонасида бир соатча давом этган учрашув чоғида Аҳмад Шаҳид фаолларнинг қисқача чиқишлари воситасида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, дин ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазият билан танишган.

Ўз навбатида, БМТ махсус маърузачиси учрашув иштирокчиларига ташрифи кун тартиби билан боғлиқ қисқача маълумот ҳам берган.

Пойтахт Тошкентдан ташқари, яна Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Фарғона водийсига ҳам боришини айтган, аммо бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

Яқин-яқингача Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, дин ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазият бўйича қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида асосий танқид тиғи қаратилган давлатлардан бири бўлиб келган.

Айрим рақамларда Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳкумларнинг сони, йилларки, бир неча мингга нисбат бериб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати эса, мамлакатда бу каби маҳбуслар борлигини ҳамиша инкор қилиб келган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мамлакатга келишига изн бермаган.

Аммо…

Президент Каримовнинг кутилмаган ўлимидан қисқа вақт ўтмай, 2016 йилнинг октябрида БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн шу йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган, шахсан мамлакат янги президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг шу йил сентябрь ойидаги сессияси теграсида икковлоннинг яна мулоқотлар олиб боришганига оид расмий хабарлар олинган.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг бугуни ва истиқболлари юзасидан ҳар икки томондан илиқ ва миннатдорчилик оҳангидаги сўзлар янграган.

Расмий хабарларга кўра, Олий комиссар, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол Ўзбекистон янги президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида қилган илк чиқишида алоҳида тилга олиб ўтган мавзулардан бири бўлган.

Президент Мирзиёевнинг юқори минбардан туриб расман билдиришича, Олий комиссар ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлари билан очиқ мулоқотлари фаоллашган.

Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилган.

Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда. Уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Тошкентдан мустақил инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзлари ва айниқса, диний айбловлар билан қамалган маҳкумларнинг яқинлари БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи натижаларидан умидвор бир кайфиятдалар.

Ўзининг қаттиқ шароитлари билан танилган “Жаслиқ” қамоқхонасида асосан, диний ва сиёсий маҳбуслар сақланади, деб ишонилади.

Бирлашган Миллатларнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси сўнгги бор 2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюрган.

Дебоча ўрнида

Муваққат президент экан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармонни имзолаган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари 2016 йил 21 октябрь кунги фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар беришган.

Айни шу фармонни имзолаши арафасида Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Сенати жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Аммо БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ва журналист Бобомурод Абдуллаевларнинг ҳибсга олинишлари воқеълигидан бир неча кун ўтиб кузатилган.

Ёзувчининг бир неча кунлик ҳибс ортидан қўйиб юборилиши, аммо унинг устидан “дастлабки тергов ишлари ҳануз давом этаётгани”, журналист эса, ҳамон ҳибсхонада қолаётганига оид хабарлар манзарасида амалга ошмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими