Журналист Бобомурод Абдуллаев Мирзиёев ва Иноятов ўртасидаги зиддият қурбоними?

Журналист Бобомурод Абдуллаев Мирзиёев ва Иноятов ўртасидаги зиддият қурбоними?
54 views
03 October 2017 - 19:31

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) қамоғидаги журналист Бобомурод Абдуллаев узоқ йиллардан буён ўз мақолалари билан жамоатчиликда шов-шув уйғотиб келган аноним муаллиф Усмон Ҳақназаровдир, дея эълон қилди.

Мухолифатчига кўра, Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти қамоқда хавф остида қолаётгани учун бугун шундай иқрор билан чиқишга мажбур бўлган.

27-сентябр куни ҳибсга олинган, Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан фитна уюштиришда айбланаётган журналист Абдуллаев Усмон Ҳақназаров номи остида ёзилган мақолалар муаллифлигида ҳам гумон қилинаётгани норасмий манбалар томонидан таъкидлаб келинаётган эди.

Муҳаммад Солиҳ дейдики, унинг бундай баёнот билан чиқишига Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар сабаб бўлган.

“Бобомурод Абдулло бугун Усмон Ҳақназаров бўлганлиги учун ҳам қийноққа тутилмоқда.  Биз буни бугун билдиришни лозим топдик.  Чунки, инсонлар Бобомуроднинг нега қамалганини, нега бу оғир қийноқларга тутилаётганини билиши керак. Бу қийноқлар шунинг учун қилиняптики, Усмон Ҳақназаров 14 йил давомида аввал Каримов режимини, бугун эса Иноятов салтанатини ағдар-тўнтар қилаётган эди. Бугун шунинг ўчни олишяпти, буни Иноятов қиляпти, мен бунга Мирзиёев дахлдорлиги ҳақида тахмин қилмайман. Аммо бу Мирзиёев ташаббусларига урилган жиддий зарбадир, чунки унга нисбатан илиқ кайфиятлар энди бошланаётган эди, мустақил журналистларни қамаш, қийноқлар қўллаш бу сиёсатга жиддий шикаст етказади”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Jurnalist Bobomurod Abdullayev

Журналист Бобомурод Абдуллаев

Дастлаб 2003-йилларда пайдо бўлган ва мақолалари жамоатчиликда мунозара уйғотган Усмон Ҳақназаровнинг кимлиги ҳозиргача номаълум қолаётган эди.

Унинг мақолаларининг аксарияти ҳукуматдаги зиддиятлар, шунингдек МХХ фаолиятига доир эди.  Ўзбекистонда ҳокимият алмашгандан сўнг Ҳақназаров мақолаларининг аксарияти янги президент Шавкат Мирзиёев ва МХХ раҳбари Рустам Иноятов ўртасида бораётган ҳокимият кураши ҳақида эди.

Муҳаммад Солиҳга кўра, сўнгги пайтда Бобомурод Абдуллаев ўзига нисбатан кузатув кучайганини сезган, аммо чиқиш визасидан маҳрум қилинган Бобомуродни ташқарига олиб чиқишнинг имконияти бўлмаган.

“Бизда ҳам уни устидан назорат кучайтирилгани ҳақида маълумот бор эди. Ичкаридан Усмон Ҳақназаровнинг изидан қаттиқ тушишган, мамлакатдан қочсин, деган хабар келди. Аммо бунинг имконияти бўлмади, чунки орқасидан доим одам юрган эди. Бундан ташқари унга чиқиш визаси ҳам берилмаётган эди. Уйида ҳам, ташқарида ҳам доим кузатув остида бўлди. Шунинг учун афсуски, уни чиқаришнинг иложи бўлмади”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

MXX rahbari Rustam Inoyatov

МХХ раҳбари Рустам Иноятов

Айни пайтда ММХга қарашли тергов изоляторида сақланаётган Бобомурод Абдуллаевни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаш ҳақида суд қарори чиққан.

Журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддасини 4-бандига биноан ҳукуматга қарши фитна уюштириш, тузумни ағдаришга уриниш ҳаракатларини кўзда тутувчи бу модда 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.

“Ҳаром мол еган, кўзини ҳаром ёғ босган одамларни танқид қилиш, улар учун фитнадир.  Халқни ҳимоя қилиш, халқнинг манфаати учун ўз ҳаётини ўртага қўйиш, бу улар учун бир жиноятдир.  Улардан бошқа яна нимани кутиш мумкин”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Muhammad Solih, O'zbekiston Xalq harakati raisi

Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси

“Мени ҳам айнан шу моддалар билан айблашган эди, фитна тайёрлашда.  Аммо кейин нима бўлди, бизга нисбатан кўрсатма берган Зайниддин Асқаров буларнинг ҳаммаси ИИВ, МХХ томонидан тайёрланган фитна эканлигини айтди.  Шунинг учун ҳам уни қамоқда ўлдиришди.  Яъни уларнинг услуби ҳали ўзгаргани йўқ, бунга қарши курашиш учун ҳатто бугунги давлат раҳбари ҳам иккиланиб ёки ёлғизланиб қоляпти.  Шунинг учун биз Мирзиёев ташаббусларини дастаклаш керак деб келамиз”, – дейди мухолифатчи.

2- октабр куни 30 га яқин инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган Фуқоровий бирдамлик платформаси журналист Бобомурод Абдуллаев зудлик билан озод қилиниши сўралган баёнот тарқатди.

Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам қўшилишган бу баёнотда ЙХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича Тошкентда режаланган халқаро конференсия олдидан журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қамоққа олиниши ўта хавотирли воқеа дея баҳоланади,  Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан журналистни озод қилишга чақирилади.

Манба: Америка Овози