“Қуръонингизни топширинг ёки жазога юз тутинг”– фаоллар хавотирда

“Қуръонингизни топширинг ёки жазога юз тутинг”– фаоллар хавотирда
46 views
04 October 2017 - 9:00

Би-би-си Ўзбек радиосининг хабар беришича, сўнгги пайтларда Хитойдаги мусулмон уйғурлари “Қуръонингизни топширинг ёки жазога юз тутинг” деган талаб қаршисида қолишган.

Уларга ўзларида бўлган Қуръони Карим нусхалари ва жойнамозларини топшириш, акс-ҳолда “қаттиқ жазога” юз тутишлари айтилган.

Бу ҳақда муҳожиратдаги Жаҳон Уйғурлари Конгрессидан Дилхат Рахитга таяниб, “Эркин Осиё Радиоси”(Radio Free Asia) хабар берган.

“Ҳар бир этник уйғур Ислом дини билан алоқадор неки ашёси бўлса, топшириши шарт, деб кўрилмоқда”, – дея баён қилган бу гуруҳ.

Маълум бўлишича, хитойлик масъулларнинг сўнгги огоҳлиги биргина уйғурлар билан чекланмаган, мамлакатдаги қозоқ ва қирғиз мусулмонларини ҳам кўзда тутган.

Бу каби хабарларни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида муҳожиратдаги уйғур фаолларидан бири ҳам тасдиқлади.

Фаол суҳбат жараёнида мусулмонларга қарши воқеаларнинг бунга ўхшаш ривожидан ўзларининг жиддий хавотир ва ташвишда эканликларини ҳам билдирди.

Аммо хитойлик масъулларнинг нега айни қадамга боришгани сабаби тафсилотлари маълум эмас.

Бошқа томондан, уларнинг сўнгги янгиликка расмий муносабатлари ҳам бирор бир минтақавий ёки Ғарб матбуот воситасида ҳалича бўй кўрсатмаган.

Уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон минтақасининг ерли аҳолиси, йилларки, ўзларига қарши турли камситишлардан шикоят қилиб келадилар.

Сўнгги пайтларда уйғурларга сафар қилишлари учун паспорт бермаслик, турли сиёсий ва маданий чекловлар кучайган.

Хитой шу йил бошида Шинжон Уйғур мухтор ўлкасида янги чекловлар жорий этган, эркакларнинг “ғайритабиий” узун соқол ва хотин-қизларнинг жамоатчилик жойларида ниқобда юришларини тақиқлаган.

Бундан ташқари, маҳаллий аҳолининг Хитой давлат телевидениесини кўришдан бўйин товлашларини ҳам маън этиб қўйган.

Хабарларда янги чекловларнинг “исломий экстремизм”га қарши кампания доирасида амалга оширилгани айтилган.

Янги тартиб мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида жорий этилган.

Ҳар йили Рамазон олдидан Хитой уйғурлар устидан назоратни кучайтиради.

Жумладан, ўтган йил ҳам партия аъзолари, давлат хизматчилари, талаба ва ўқитувчилар рўза тутмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Ундан олдинги йил эса, ҳалол ресторан ва емакхоналарга Рамазон ойида одатдагидек ишлаш ҳақида кўрсатма берилгани хабар қилинган.

Репрессив сиёсат

Муҳожиротдаги уйғур фаоллари Шинжондаги зўравонликлар Хитой ҳукуматининг репрессив сиёсати, жумладан, Ислом динига қарши чекловлар натижаси эканини айтишади.

Расмий Пекин эса, минтақадаги зўравонликларда исломий экстремистларни айблаб келади.

Хитойда уйғурлар дохил 20 миллионга яқин мусулмонлар яшайди.

Шинжоннинг қарийб ярим аҳолиси туркий тилда сўзлашувчи маданий ва этник алоқалари Марказий Осиёга боғлиқ уйғурлардир.

Хитой ҳукумати Шинжонда радикал мусулмонлар томонидан ташкил қилинган уюшган террорчи гуруҳлар борлигини айтиб келади.

Расмий Пекин этник уйғурларга нисбатан тазйиқларини бўлгинчилик, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш билан оқлайди.

Уйғур фаоллари минтақада ҳукуматнинг шафқатсиз бошқарувидан норозиликларини билдиришади.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи ўтган асрнинг 90-йилларида этник зўравонликларга саҳна бўлган.

2009 йилда ҳам ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра, 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган.

Ўша йили Урумчида йирик этник қатлам ҳисобланган мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

2011 йил июлидаги тўқнашувларда 32 киши ҳалок бўлган.

“Аmnesty International” ташкилотига кўра, Хитой ҳукумати бу ҳодисага алоқадорликда 1000 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Қўлга олинганлар эса, асосан мусулмон уйғурлари бўлишган.

ЎХҲ хабарлар бўлими