Солижон Абдураҳмонов озод этилди

Солижон Абдураҳмонов озод этилди
64 views
05 October 2017 - 10:40

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Таниқли журналист ва инсон ҳақлари фаоли Солижон Абдураҳмонов Ўзбекистон қамоқхонасидан озодликка чиқарилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича “Эзгулик” жамияти 67 яшар сиёсий тутқуннинг Қашқадарё вилоятида жойлашган “Шайхали” номи билан танилган қамоқхонадан қўйиб юборилгани ҳақида хабар тарқатган.

Солижон Абдураҳмонов 11 йиллик бошқа бир сиёсий тутқун, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Фармонов “Жаслиқ” қамоқхонасидан чиқарилганидан бир кун ўтиб озод этилган.

Солижон Абдураҳмоновни 2008 йил автомобилида наркотик модда топилди деган баҳона билан ҳибс қилишган, унинг ўзи гиёҳванд моддаларни милиция ходимларининг ўзлари ташлаб қўйганини айтиб келган.

Шунга қарамасдан, маҳкама Қорақалпоғистондаги муаммоларни журналист сифатида ёритган ва инсон ҳуқуқлари поймол этилишига қарши курашиб келган фаолни 10 йиллик қамоққа маҳкум этган эди.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчилиги Солижон Абдураҳмонов озодликка чиқарилгани олқишлаб баёнот тарқатган.

Ўз баёнотида АҚШ элчилиги Ўзбекистонда кузатилаётган жамиятни янада очиш ҳаракатлари давом этишига умид билдирган:

“Америка Қўшма Штатлари журналист Солижон Абдурахмоновнинг озод этилишини олқишлайди. Куни-кеча инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг озод этилишидан сўнг кўп ўтмай яна бир узоқ муддатга қамалган виждон тутқунининг озод этилишидир. Жаноб Абдурахмонов 2008 йилда қамалган эди. Қўшма Штатлар ва инсон ҳуқуқи бўйича халқаро ташкилотлар Абдурахмоновнинг журналист сифатида ижтимоий-иқтисодий адолат, коррупция ва инсон ҳуқуқлари масалаларига оид олиб борган салмоқли фаолиятини эътироф этганлар. Умид қиламизки ушбу очиқроқ ёндашув давом этади ва Ўзбекистон ҳукумати журналист ва фаолларга тааллуқли бўлган барча масалаларга Ўзбекистон конституцияси ва ҳуқуқий талабларга мувофиқ равишда ечим топади. Қонун устуворлигини таъминлаш Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларини таъминлашга қаратилган мажбуриятини мустаҳкамлайди. Биз кенг кўламли сиёсий, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари соҳасига оид ислоҳотлар сари олға силжиш давом этишига умид қилиб қоламиз”, дейилади АҚШ элчилиги тарқатган баёнотда.

Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Фармоновларнинг озод этилишлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга сафари пайтига тўғри келган.

Халқаро ташкилотлар охирги 1 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилганини эътироф этадилар.

Ҳукумат мулозимлари сиёсий маҳкумлар мавжудлигини тан олишмаса-да, халқаро миқёсда энг узоқ вақт қамоқда сақланган деб кўрилган сиёсий тутқунлар Самандар Қўқонов ва Муҳаммад Бекжон озодликка чиқарилдилар.

Халқаро ташкилотлар таниқли фаоллар Аъзам Турғунов, Дилмурод Саййидларнинг сохта айбловлар билан қамоқда сақланаётганига ишонадилар ва Ўзбекистон ҳукуматидан уларни ҳам озод этишга чақириб келадилар.

Бир неча кун олдин Президент Мирзиёевнинг янги амнистия ҳужжатини тайёрлашга доир фармойиши эълон қилинди.

Ўзбекистон президентининг ушбу фармойиши сафарги афв диний-сиёсий айбловлар билан қамалган инсонларнинг ҳам озод этилишларига умидларни уйғотган.

ЎХҲ хабарлар бўлими