Киевда ҳибсга олинган Ўзбекистонлик журналист тиббий ёрдамга муҳтож

Киевда ҳибсга олинган Ўзбекистонлик журналист тиббий ёрдамга муҳтож
18 views
05 October 2017 - 10:50

Киевда ҳибсга олинган журналист Нарзулло Охунжоновнинг саломатлиги жиддий ёмонлашган. Унинг адвокати Алексей Фёдоров журналистга зудлик билан малакали тиббий ёрдам зарурлиги юзасидан ариза киритган. Кўз касаллигидан азият чекиб келган Охунжоновнинг саломатлиги сўнгги воқеалар ортидан кескин зўриққани, кўзи кўришдан деярли тўхтагани айтилмоқда. Адвокат 9-октябрга белгиланган апелляция судида журналистнинг озод этилишига умид билдирмоқда.

Азалдан катаракта хасталиги билан оғриган журналистда ҳибс билан боғлиқ сўнгги воқеалар зўриқиш ҳосил қилгани, унинг кўзи кўришдан деярлитўхтагани айтилмоқда.

“Охунжонов ёрдамга муҳтож, айниқса, тиббий ёрдамга. Мен яқинда у билан гаплашдим, учрашдим, ҳибс ва сўнгги ҳодисалар билан боғлиқ зўриқишлардан сўнг саломатлиги янада ёмонлашган, ҳозирга келиб унинг ўнг кўзи кўришдан тўхтаган. Мен зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш ва шифохонага ётқизилишини талаб қилиб ариза киритдим”, -дейди адвокат Алексей Фёдоров.

Ўзбекистон талабига кўра Интерпол қидирувига берилган журналист Нарзулло Охунжонов 20-сентябр куни Киевдаги аэропортда, Туркиядан учиб келганида ушланган эди. 25-сентябр куни ўтган маҳкама журналистни 40 кун давомида ҳибсда ушлаш ҳақида қарор чиқарди.

Журналистнинг адвокати суд қайта кўрилишини сўраб шикоят аризаси киритган, Охунжонов иши юзасидан апелляция суди 9-октябрга белгиланган.

Алексей Фёдоровга кўра, Ўзбекистон томони журналист Нарзулло Охунжоновни сиёсий мотивларга кўра таъқибга олаётгани далиллар билан исботланган, апелляция маҳкамаси буни инобатга олиши керак.

“Ўзбекистон журналистга нисбатан 2009-йилда содир бўлган товламачилик бўйича жиноий иш очилганини даъво қилмоқда. Бу жиноий иш орадан тўрт йил ўтиб 2013-йилда очилган, 2014-йилга келиб эса кимнингдир аризасига кўра қидирувга берилган. Бу жуда кулгили, иш сиёсий сабабларга кўра ташкил қилингани кўриниб турибди. Охунжонов ўз сиёсий позицияси, журналистлик фаолияти учун таъқибга олинмоқда”, – дейди у.

29-сентябр куни қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Нарзулло Охунжонов иши бўйича баёнот тарқатди.

Украина ҳукуматидан журналистни Ўзбекистонга топширмаслик, уни озод этиш сўралган бу баёнотда Нарзулло Охунжонов ватанида танқидий чиқишлари учун тазйиққа учрагани, журналист ва унинг оиласи зудлик билан бошпанага муҳтожлиги айтилади.

Нарзулло Охинжонов Туркиядан Киевга беш фарзанди билан бирга учиб келган эди. Унинг ўзи аэропортда ҳибс қилиниши ортидан турмуш ўртоғи Шамсия Худойназарова беш фарзанди билан ёрдамга муҳтож қолди.

Унинг оиласига Украинадаги қрим татарлар жамоаси, ҳуқуқ ташкилотлари томонидан ёрдам кўрсатилди, айни пайтда Охунжоновлар оиласи Украина миграция хизматига бошпана ҳақидаги аризасини топширган.

Нарзулло Охунжоновнинг иши бўйича апелляция суди 9-октябр куни Киевда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Манба: Америка Овози