Усмон Ҳақназаров ким?

Усмон Ҳақназаров ким?
26 views
05 October 2017 - 12:01

У қўлида қалам билан қабоҳат асосига барпо этилган Каримов режимига қарши мунтазам курашиб келди. Орқага бир қадам чекинмади, миллат манфаати ва мамлакат тараққиёти йўлида собит турди. Жаҳолатга маърифатни, зулмга адолатни юзма-юз қўйди. Диктатор Каримов ва унинг оиласи, шу оила атрофидаги жиноят тизимларининг гизли ва ошкора қилмишларини фош қилишдан чарчамади. Мунофиқлик ва риёга қурилган тузумнинг башарасига чапланган ниқобни йиртиб, илму жоду қилинган жамиятни ҳушига келтириш учун кўп куйиб-пишди. Халқининг жони омон қолиши учун, ўзининг бошини ўн тўрт йил жаллод кундасига қўйиб яшади. Диктаторнинг кирдикорларини ишончли далил ва исботлар билан фош қилди. У ёзган мақолалардаги воқеа-ҳодисаларнинг аксари сиёҳи қуримай, баъзилари вақт ўтиши билан мантиқий тасдиғини топди.

У бутун дунёда тирик афсонага айланди. Кимдир уни, МХХ ичидаги зулмга қарши тузилган яширин бир гуруҳ деса, кимдир уни, диктатор атрофидаги кимсаларга яқин манба деб гумон қилди. Омадсизлар, “…ҳаммасини Солиҳ ўзи ёзяпди”, дея аюҳаннос солдилар. “Йўқ, у эмас” дейилса, “Сен биласанми, мен” дея, овозларини баландлатдилар.

У афсона ҳам, МХХ ичида ташкил топган бир гуруҳ ҳам эмасди. У Каримов зулм машинасининг ғилдираклари остида эзилган, қамоқхоналарга отилган, туҳматлар билан ўлдирилганларнинг ота-оналарининг, ўғил-қизлари, жуфти ҳалолларининг дамини ичига ютиб ҳайқирган овози, мазлумларнинг хорликларга қарши жаранглаган акс-садоси эди. У ўзбекнинг Қодирий, Фитрат, Беҳбудий, Дукчи Эшон, Мадаминбек сингари қаҳрамон ўғли Усмон Ҳақназар – Бобомурод Абдулла эди.

Бобомурод билан биз охирги марта бундан икки йиллар олдин, Тошкентга борганимда учрашгандик.  У билан деярли уч ой бирга бўлдим. Ўша кунларда ҳам унинг бошида хавф-хатар булутлари кезиб юрарди. МХХдаги Рустам Иноятовга яқин кўрилган махсус бир гуруҳ, уни ўн икки йилдан буён излаш билан овора эди. Улар Бобомуродни топиш учун бир неча хориж мамлакатларининг хавфсизлик хизматлари билан ҳам ҳамкорлик қилаётган эдилар. Ҳар ҳолда, МХХда ишлайдиган бир ишончли манба бу ҳақда менга  сўйлаган эди. У, менинг Муҳаммад Солиҳ билан яқин алоқаларимни билса ҳам, Усмон Ҳақназаров билан яқин таниш эканлигимни, ҳар кун кўришиб туришимни хаёлига ҳам келтирмасди.

Орқасидан овлаётганларни пистирмада туриб, очиқ-аён кўриб турган Бобомуроддан ҳам бу каби гап-сўзларни бир неча маротаба эшитган эдим.

Манба, бир куни Тошкентдан зудлик билан чиқиб кетишимни, бўлмаса, яқин кунларда бошимга кулфат тушуши мумкинлигини етказди. Мен ўзимдан ҳам кўра Бобомуроднинг тақдиридан кўпроқ таҳликада эдим. Шунинг учун уни қандай бўлмасин, ўзим билан олиб чиқиб кетишга кўндириш учун қўлимдан келганини қилдим. Унинг Ўзбекистонни тарк этгиси йўқ эди. Унинг “Мен ўлимдан қўрқмайман, тирик жон борки, бир кун ўлади. Қўрқувим, қўлга тушсам, бу одамхўрлар менга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқларни қўллайдилар. Мен қийноқлардан қўрқаман”, деган сўзлари ҳозир ҳам қулоқларим остида жаранглаяпди.

Мен етиб келганимдан кейин, Муҳаммад Солиҳга Бобомуроднинг ҳаёти хавф остида эканлигини тушунтирдим. Шундан сўнгра, бироз муддат кечиб, уни келишга кўндиришди ҳам. Учоққа чипта ҳам юборишди. Аммо, у барибир келмади…

Мен йигирма кунлар бурун у билан охирги марта тилпонда сўзлашдим. У, орқасидан кузатаётганларини, таҳлика таборо кучайиб бораётганини айтди. Мен яна, дарҳол унга Ўзбекистондан чиқиб кетиши зарурлигини уқтиришга ҳаракат қилдим. У президентга қаттиқ ишониб қолганди. “Ушлашса ҳам, узоққа чўзилмайди. Мирзиёев жамиятни тубдан ўзгартиряпди. Сиз, буни таасаввур ҳам қилолмайсиз” деди. “Ўзбекистонда жамиятни ўзгартишга битта одамнинг кучи етмайди. Ҳар нарсани ҳаракатга келтирувчи қатлам бўлмиш зиёлилар, донг қотиб ухлаб ётипди” десам, “Зотан, шаҳидликдан ҳам шарафли бир унвон бормикан” дея, кулиб қўйди…

Ислом ХОЛБОЙ