Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати битта тош билан бир неча қушни уриб туширмоқчи

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати битта тош билан бир неча қушни уриб туширмоқчи
62 views
05 October 2017 - 20:38

Тошкент шаҳар Юнусобод туман судининг публицист Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) га қарши чиқарган айблов ҳукми мен учун сюрприз бўлди.

Терговни олиб борган МХХ ва унинг раиси Р.Иноятов қандай айблов қўйиш ҳақида узоқ бош қотиришаётганини тахмин этгандим. Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) ни тергов жараёни бошида айтилгани каби ўғирликда айблашса, бунга ҳеч ким ишонмаслигини улар жуда яхши билишарди.

Аммо МХХ олигархларига қарши фош қилувчи мақолалар ёзган Усмон Ҳақназаров эканлигида айблашганда ҳам Усмон Ҳақназаров сўз ва ўз мақолаларини тарқатиш эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланган бўлар ва жараёнга дунё ҳамжамияти қўшилиб, МХХ қўлга олиш учун жуда кўп куч ва маблағ сарф қилган қурбон(Ҳақназар) қўлдан чиқиб кетарди.

Шу ерда кутилмаганда уларнинг мияси ишлашдан тўхтади!..

Уларга Абдуллаев-Ҳақназаровга қарши айблов ўйлаб топиш учун бутун бир ҳафта керак бўлди.

Ва охири ўйлаб топишди.

Йўқ, ўйлаб топишмади, ҳали 1999 йилнинг 16 февралида ёзилган сценарийни кўчириб қўяқолишди.

Миялари шу даражда чириганми буларнинг!?

Улар Абдуллаев (Ҳақназаров)га қарши айблов материалига фантазияларини ишлатиб, бироз қизиқроқ, бироз ишонарлироқ «ҳикоя» ўйлаб топаолишмасмиди?.

МХХнинг 1999 йил 16 феврал кунги фитнаси бугунгидан кўра анча «концептуал» эди: портлашлар, конкрет, тирик мужоҳидлар, Тоҳир, Жума ва уларнинг «шериги» – камтарин камина – Солиҳ бор эди.

Ва эндичи?

Энди уларнинг қўлида, 14 йил давомида Каримов режими ҳақида ёзиб, фош қилиб келган публицист Бобомурод Абдуллаев бор. Ўз оиласини алмисоқдан қолган машинасида таксичилик қилиб боқаётган бир гариб. Бир интеллектуал. Шеърлар ёзиб, ўз матнларига куй басталайдиган серзавқ хаёлпараст, кўнгилларни эритадиган бир овоз билан қўшиқ куйладиган зот!

Ва бугун бу зот Р.Иноятов томонидан давлат тўнтариши ташкилотчиси сифатида тақдим қилинмоқда!

Айблов хулосасида аинан шундай ёзилган: «Абдуллаев Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдариш, республиканинг Биринчи ва Амалдаги президентларидан ҳокимиятни тортиб олиш мақсадида мақолалар тайёрлаган».

Қандай қилиб икки президентни тахтдан ағдариш мумкин, агарда улардан бири аллақачон ўлган бўлса?

Ҳақназаров ўз мақолалари билан Каримов ва унинг тўдасини 13 йил давомида фош қилиб келди, бироқ унинг ўлимидан сўнг унинг ўрнига секин-аста одамларнинг, шу жумладан мухолифат аъзоларининг ҳам ишончига кириб келган инсон ерлашди.

Усмон Ҳақназаров ҳам Каримов режимининг муросасиз душмани сифатида, Ўзбекистоннинг янги раҳбари ҳаракатларига аввалига танқидий, кейинчалик эса тобора ўсиб борган хайриҳоҳлик ичида бўлди.

Ушбу хайриҳоҳлик шу йилнинг ўрталарига келиб шу қадар етилди-ки, Ҳақназаров Мирзиёевни душман саботажидан қўришда муросасиз посбонга айланди.

Саботажнинг лидери бўлган Иноятовни айнан шу нарса ғазаблантирди.

У ўз кадрларига Ҳақназаровни қандай йўл билан бўлса ҳам қўлга олишни буюрди.

Бундай буйруқ ҳақидаги хабарни менга бир ой аввал етказишган эди. Мен Абдуллаев-Ҳақназаровни бу хавф ҳақида огоҳлантирдим, уни Ўзбекистондан олиб чиқишга уриндик, аммо иложи бўлмади.

Биринчидан, унга паспот бўлимидан мамлакатдан чиқиш стикерини беришмади, иккинчидан Бобомурод Абдуллаев ўтган йили хотинини ажрашиш учун маҳкамага берганди, аммо суд ажрашишни рад этди ва Бобомуроднинг мамлакатдан чиқишига тақиқ қўйди. Буни болалари учун алиментдан ажраб қолмаслик учун хотини талаб қилган эди.

Аслида, Иноятовнинг даҳшатли буйруғи ҳақида билган кунимиздан бошлаб, Бобомурод Абдуллаевни очиқчасига таъқиб қила бошлашди. Ва 26 сентябр куни биз кутган нарса содир бўлди…

Иноятов ва демократиянинг бошқа саботажчилари дунё ҳамжамиятини Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаров айбдор эканлигига қандай ишонтирмоқчи, буни вақт кўрсатади.

Мени бошқа бир савол кўпроқ ўйлантиряпти: бу вазиятда Ўзбекистон президенти қандай позицияни эгалламоқчи?

(давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ