Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айблов – “катта сиёсий иш”

Бобомурод Абдуллаевга қўйилган айблов – “катта сиёсий иш”
34 views
07 October 2017 - 12:28

Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши ортидан кузатилаётган илк йирик сиёсий иш – Бобомурод Абдуллаев билан боғлиқ тергов-суриштирув жараёни, дейди масала билан таниш шарҳловчилар, Шавкат Мирзиёев давридаги сиёсий ислоҳотлар чегарасини белгилаб бериши мумкин.

Миллий Хавфсизлик Хизмати журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан юритаётган тергов ҳаракатида асосий диққатни мухолифат томонидан янги ҳокимиятни куч билан ағдариш ссенарийси тузилганига қаратмоқда. Бу айбловларни инкор этаётган мухолифат Мирзиёевнинг адолатидан умид қилмоқда.

Бобомурод Абдуллаев айбномаси Мирзёёв давридаги илк сиёсий иш сифатида қайд этилмоқда. Бу жиноий ишнинг қандай якунланиши ҳокимият алмашишидан сўнг ислоҳотлар илинжида турган мухолифатга йўлланган жавоб бўлиши билан бирга, янги ҳокимият ваъда қилган сиёсий ислоҳотлар кўлами қандай бўлишини ҳам очиқлайди.

Ҳозирча эса журналист Бобомурод Абдуллаев юзасидан мавжуд дастлабки тергов хулосаси бу жиноий ишнинг қамрови суриштирув давомида жиддий кенгайиши, тақиқланган сиёсий мухолифатнинг янги рўйхати тасдиқланиши мумкинлигидан дарак бермоқда.

МХХ томонидан юритилаётган бу жиноий иш ҳақидаги дастлабки маълумотлар рўйхати аввалида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати турганини кўрсатади. Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ижод қилиб келган Бобомурод Абдуллаев ҳукуматни ағдаришни мақсад қилган мухолиф ҳаракатнинг функсионери сифатида тақдим этилган.

Дастлабки тергов хулосасига кўра, Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида фаолият юритган Бобомурод Абдуллаев дохил гуруҳ аъзолари ҳукуматни эгаллаш учун қўзғолон уюштиришни ҳам режалашган, жумладан, Тошкент, Фарғона, Навоий ва Урганч каби йирик шаҳарларда.

Ҳукуматни эгаллаш мақсадида тузилган ссенарий “Жатва”, яъни “Ўрим” деб номланган, дастлабки тергов бу режа айнан қайси ҳукуматга, Каримовгами ёки Мирзиёев ҳукуматига қаратилган бўлганми, аниқлаштирмайди.

Тафсилотларини олиш имконсиз қолаётган бу жиноий ишда Бобомурод Абдуллаев, Ўзбекистон халқ ҳаракари раиси Муҳаммад Солиҳдан ташқари яна икки киши – Равшанбек Салаев ва Шавкатжон Оллоёровларнинг исм-шарифлари келтирилган. Хавфсизлик идораларига яқин деб кўрсатилган бу шахсларнинг ҳам ҳибсга олинганини тахмин қилиш мумкин.

Бобомурод Абдуллаев 27-сентабр куни изсиз йўқолиши ортидан бир неча кун ўтиб МХХ изоляторидан топилди. Аввал ўғирликда гумон қилинган журналист кейинчалик давлатга нисбатан фитнада, ҳукуматни ағдариш ҳаракатида айбланаётгани маълум бўлди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch 5-октабр куни журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича баёнот тарқатди? асоссиз сиёсий айбловлар остида ҳибс қилинган журналистни дарҳол, шарциз озод қилишга чақирди.

Маҳаллий кузатувчилар ҳам Бобомурод Абдуллаев ишини Мирзиёев давридаги дастлабки йирик сиёсий иш эканлигини таъкидлашмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов Абдуллаевнинг иши бир неча гуруҳ ва ташкилотларни ўз ичига тортиши мумкин бўлган йирик сиёсий ишдан дарак бераётганини таъкидлар экан, бу айбловларни тасдиқлаш ҳукумат учун осон бўлмаслигини айтади.

“Ҳозирча фақат шу дастлабки айблов ва Усмон Ҳақназаров эканлиги ҳақидаги умумий гаплар. Фақат айблов хулосасини қўлга олгандан кейин бу ҳақда аниқ гапириш мумкин бўлади. Лекин бу ўта жиддий айбловларни исботлаш ҳукумат учун осон кечмайди”, – дейди Икромов.

Дастлабки тергов хулосасида келтирилган ягона ташкилот ҳозирча мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати, унинг раиси Муҳаммад Солиҳ. Усмон Ҳақназаров номи остида мақолалар чоп этган Бобомурод Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ кўрсатмаларига кўра иш юритган.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи бу айбловларни инкор қилади, буни узоқ йиллар МХХ фаолиятини фош қилиб келган журналистдан шахсан Иноятов олаётган ўч деб баҳолайди. Мухолифатчига кўра, бу сиёсий иш уюштирилишига президент алоқадорлигини тахмин қилиш қийин, ислоҳотлар ваъда қилаётган Мирзиёевга нисбатан умид ҳали сўнмаган.

“Бобомурод Мирзиёевга нисбатан қилинаётган саботаж қурбони бўлди. Усмон Ҳақназарнинг қамоққа олиниши Мирзиёев ҳукуматига, давлатимизга нисбатан катта зарба. Буни ҳурматли Мирзиёев яхши тушуниши керак ва шунга яраша ҳаракат қилиши керак, яъни Мирзиёев учун адолатни кўрсатиш вақти келди. Ватанпарвар бу инсоннинг қамоқдан қутилиши учун ҳукуматимиз аниқ одим отиши керак”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

МХХ тергов изоляторида сақланаётган Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи “Усмон Ҳақназаров” эканлигини тан олган ёки олмагани номаълум, у билан алоқа имконсиз. Турмуш ўртоғи Катя Балхибоева Бобомуроднинг иши ҳақида маълумот беришдан бош тортган.

Манба: Америка Овози