Сўз дарди

Сўз дарди
31 views
14 October 2017 - 5:00

 

«ОҚ КЎЙЛАКЛАР» КИТОБИДАН

СЎЗ ДАРДИ

 

«…Қоғоздан мен қўрқиб ўсдим.
Шу боис, тунларим бефайз.
Сен-чи, қўрқмайсанми, дўстим
Тунда, қоғоз билан юзма-юз?

Кўз ёшингга ботириб қалам,
Қўрқинчли эмасми бўзламоқ,
Оқ қоғознинг юзига қараб
Фақат ҳақиқатни сўзламоқ?

Қўрқинчли эмасми, чироқ атрофида
Бадбашара сўзларнинг рақси,
Қоғоз – кўзгу, титрамайсанми
Унда пайдо бўлса ўз аксинг?

Ўлаётган одам лабига
Кўзгу тутган киши каби, ваҳм
Босмайдими, кўзгуни тутсанг
Ҳақиқатнинг лабига сен ҳам?..

Ниҳоят ким дардингдан кулса
Ва сени бу қоғоздан, Сўздан –
Қўрқинчингдан айирмоқ бўлса,
Қўрқинчли эмасми сенга?…»

 

(57)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (43-саҳифа.)

(давоми бор)