Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Бобомурод Абдуллаев ишига Мирзиёев аралашсин”

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Бобомурод Абдуллаев ишига Мирзиёев аралашсин”
11 views
14 October 2017 - 16:05

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳимоясига изоҳ ёзган. У амалдорларга қаратилган танқид давлатга қаратилган, дея ҳисобланмаслик кераклигини таъкидлади. Адиб ушбу ишга Президент Мирзиёев аралашиши кераклигини айтди.

Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар босими ортидан Тоштурмадан чиқарилган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Facebook даги саҳифасида журналист Бобомурод Абдуллаев ишига Президент Мирзиёев аралашиши керак, деган.

“Усмон Ҳақназаров” ахборот оламида ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаган. У эркин сўз айтиш ҳуқуқи чекланган ёпиқ жамият мевасидир. Танқидга очиқ, сўз эркинлиги кафолатланган жамиятларда ҳар ким ўз фикрини ўз исми билан қўрқмасдан билдираверади. Бобомурод Абдулла – “Усмон Ҳақназаров” мақолалари учун ҳибс этилишини ҳуқуқ нуқтаи назаридан хато деб биламан”, деб ёзади у.

Адибга кўра, журналист Бобомурод Абдуллаев Конституция берган ҳуқуқидан фойдаланиб айрим амалдорларни ҳамда ўзи қинғир деб билган ишларни ўткир танқид қилиб келган.

Танқидга учраган шахс ёки ташкилот агар журналистнинг фикрини ҳақсиз, ёлғон ё туҳмат деб ҳисобласа, бундай ҳолда энг оқилона йўл – ўз шаъни ҳимояси учун маҳкамага арз қилиши лозим эди.

Маҳкама ишни холис, пухта ўрганиб, иккала томоннинг конституцион ҳуқуқига риоя этган ҳолда ажрим чиқарар эди.

“Бобомурод Абдулла – “Усмон Ҳақназаров” ҳолатида нима бўляпти?

1. Амалдор ўзини халқ хизматидаги бир шахс деб эмас, нақ давлатнинг ўзи деб ҳисоблаяпти.

2. Натижада шахсига ва ишларига қаратилган танқидни “давлатга қарши ҳаракат” деб баҳолаяпти.

3. Танқидга учраган томон ўзини ҳақ деб билса, ҳақлигини қонун йўли билан исботламасдан – маҳкамага мурожаат этмасдан, давлатнинг қудратидан фойдаланиб танқид қилувчини ҳибсга оляпти. Булар хатодир”, – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

“Фитна чиқаришга уриниш” айблови ҳам ҳар томонга тортса бўлаверадиган мавҳум, ҳуқуқ жиҳатидан анча хом моддадир. Қўйиб берса, бунга кўра ҳар қандай танқидни фитнага йўйса бўлаверади. Бунақада амалдорнинг катта жиноятларини кўриб туриб ҳам ғиқ этиб бўлмай қолади. Халқ назорат этиб турмаса амалдор тез айнийди.

Фикрнинг ўзи ҳали фитна эмас. Салбий ҳаракат келтириб чиқарсагина уни фитна деб баҳоласа бўлади. Унгача фикрга қарши фикр билан курашилади”.

Ёзувчи Ўзбекистон Конституциясида ҳамда Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонунда белгиланган сўз эркинлиги ҳурмат қилиниши лозимлигини урғулаган. У Бобомурод Абдулла билан бир қаторда Акром Малик исмли блоггер ҳам озод қилиниши кераклигини айтган.

“Бобомурод Абдулла, шунингдек “Абдуллоҳ Нусрат” тахаллуси билан танқидий мақолалар ёзган Акром Малик тутқунликдан қанча тез озод бўлишса, шунча яхши. Президентимиз бу ишга шахсан аралашишини ва муаммони ижобий ҳал этишини орзу қиламан”.

Спорт журналисти сифатида танилган журналист Бобомурод Абдуллаев “ҳокимиятни босиб олишда гумон қилинмоқда”

Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича, шахсий адвокат олишда журналистга ва унинг рафиқасига МХХ томонидан таҳдид ҳамда босимлар бўлган.

“Уч босқичли инқилоб режаси”

Маҳкама қарорида айтилишича, Абдуллаев бу шахслардан “олинган маълумотлар ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилган ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан Ўзбекистонда инқилоб қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган режа”ни ишлаб чиққан.

Терговнинг даъво қилишича, “Йиғим-терим” (“Жатва”) номи берилган “лойиҳа”га мувофиқ, уч босқичда Ўзбекистоннинг амалдаги конституциявий тузумини ағдариш режаланган.

Унда Ўзбекистон ҳукуматидаги “муҳим” мансабдор шахслар (МХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги) ва кенг халқ оммасини жалб этиш, шунингдек, шаҳар ва вилоят миқёсида (Тошкент, Фарғона, Навоий, Урганч) ҳарбий ҳаракатларни ўтказиш режалангани даъво қилинади.

Суд аниқловига кўра, режага республиканинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг яшаш жойлари схемалари ва суратлари, шунингдек, уларни қўлга олиш учун зарур бўлган одамлар сони ҳамда кетадиган харажатларнинг сметалари ҳам илова қилинган.

Суд Бобомурод Абдуллаев содир этишда гумонланаётган жиноятни “ўта оғир” дея малакалаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими