Кибр

Кибр
121 views
15 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(34)
(давоми)

Кибр

Қаобул Ахборга кўра, кибрлилар Қиёмат куни инсон шаклига кирган тухум доналари ҳолида Маҳшарга келишади. Уларни ҳар ёндан зиллат қуршаб олган ҳолда, ҳар бири Жаҳаннамнинг айри тарафига юборилади. Улар у ерда жаҳаннамликлардан чиққан мағзаваларни ичадилар.

Сўфиён бин Мусирнинг айтганига кўра, бир куни Ҳазрати Алининг ўғли Ҳазрат Ҳусайн (ҳар иккисидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) бир гуруҳ йўқсиллар ёнидан ўтиб кетаётганди. Йўқсиллар бир суякни шилиб, егулик тайёрлашаётганди. Улар Ҳазрат Ҳусайнга “овқатга мархамат қилинг” дейишди.

Ҳазрати Ҳусайн ҳам “Аллоҳ такаббурларни севмас” деярак, уловидан тушиб, йўқсиллар билан бир нарсалар еди. Кейин уларга “мен сизнинг даъватингизга ижобат этдим, энди сизлар ҳам менинг даъватимга ижобат этинг” дея, уларни уйига чақирди.

Уйига бориб, жориясига келажак учун сақланган егуликларингни келтир–чи”, деди…

Абу Ҳуруайрадан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Уч киши борки, Қиёмат куни Аллоҳ улар билан на гаплашади, на–да улар тарафга назар солади, булар шу кишилардир:

1.Кекса зинокор

2.Ёлғончи давлат раҳбари

3.Такаббур фақир” (Бухорий, муслим).

Яна Абу Ҳурайрадан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Менга Жаннатга илк кирадиган уч киши билан Жаҳаннамга илк кирадиган уч киши билдирилди.

Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уч киши шулардир:

1.Шаҳидлар

2.Қулликлари ибодат этишга тўсиқ бўлмаган қуллар

3.Оиласи катта, кучсиз фақирлар.

 Жаҳаннамга биринчи бўлиб кирадиган учта кимса шулардир:

1.Золим давлат раҳбари

2.Молининг закотини бермаган бой

3.Такаббур фақирлар (йўқсиллар)”.

Аллоҳу Таоло, умумий ўлароқ уч кишидан нафрат этади. Аммо нафрат этилганлар орасида яна уч кимса бор–ки, булардан жуда қаттиқроқ нафратланади.

1.Аллоҳ умумий ўлароқ фосиқлардан нафрат қилади. Аммо кекса фосиқлардан жуда қаттиқ нафратланади.

2.Аллоҳ хасислардан умуман нафрат қилади. Аммо бой хасислардан кўпроқ нафратланади.

3.Аллоҳ кибрли инсонлардан умуман нафратланади. Аммо фақир (қашшоқ) такаббурдан кўпроқ нафратланади.

Шунингдек, Аллоҳу Таоло уч тур инсонни умуман севади, фақат уларнинг ичида ҳам учтаси бор–ки, уларни кўпроқ севади:

1.Аллоҳ тақво соҳибларини умуман севади, аммо ёш тақво соҳибини кўпроқ севади.

2.Аллоҳ жўмардларни (сахийларни) умуман севади, аммо фақир (камбағал) жўмардни кўпроқ севади.

3.Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни умуман севади, аммо бой очиқ кўнгиллиларни кўпроқ севар.

Яҳё бин Жуладан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни: “Қалбида зарра қадар кибри бўлган кимса Жаннатга кира олмайди” деди.

Саҳобийлар ундан “Ё, Расулоллоҳ, либосимнинг тозалиги, пойафзалимнинг чиройлилиги, ҳассамнинг учи қайрилгани менга ёқади. Бу кибр ҳисобланадими?” деб сўради.

Пайғамбаримиз саҳобийга: – Аллоҳ гўзалдир, гўзал нарсаларни севар. Қолаверса, Аллоҳ қулига бир неъмат берса, унинг асарини қулида кўришини севгани каби, кўримсиз ва қашшоқ кўринишдан нафрат этади. Кибр (такаббурлик) ҳаққа аҳамият бермаслик, инсонларни хор кўриб, менсимасликдир, – дея жавоб берди.

Ҳасандан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким пойафзалини таъмир қилиб, кўйлагини ямаб, Аллоҳ ризоси учун манглайини саждага қўйса, такаббурлик билан ҳеч бир боғлиқ жойи қолмас”.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким дағал газмолдан тикилган кўйлак ва ямалган пойафзалини кийиб, эшагига минса, қўйини ўз қўли билан соғса, хизматкорлари билан емак еса, йўқсиллар билан ўтирибтурса, Аллоҳ унинг шахсида кибрни йўқ этган бўлади”.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Мусо Аллоҳу Таолога “Ё Робби, маҳлуқотнинг ичида энг ёмон кўрганинг ким?” деб сўраганида, Аллоҳ унга “Ё, Мусо, энг ёмон кўрганим тили қўпол, қалби кибрли, иймони заиф, хасис кишилардир” дея жавоб берган.

Урва бин Зубайрга кўра, пастфеъллик (камтарлик) шараф қозонишнинг йўлларидан биридир.

Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, қаноаткорликнинг меваси ҳузур, камтарликнинг меваси  – севгидир.

Айтилишига кўра, Ҳажжожнинг қўшини қўмондонларидан бири бўлган Муҳаллаб бин Абу Суфра ўзининг ипак униформасини кийиб, дабдаба билан керилиб, Мутриф бин Абдуллоҳнинг ёнидан ўтар экан, бу зот қўмондонга: “Эй, Аллоҳнинг қули, бу юриш Аллоҳнинг ва Расулининг нафрат этгани юришдир” деди.

Қўмондон Муҳаллиб эса ундан “мени танийсанми?” деб сўради.

Мутриф унга:

-Ҳа, танийман. Сенинг бошланишинг бир мурдор маний томчиси, сўнгинг жирканч ҳидли бир лош, бу икковининг орасида эса сен бир халта ахлатнинг ҳаммолисан, – деб жавоб берди.

Мутрифнинг бу оғир жавобидан сўнгра Муҳаллаб ҳеч қачон бундай керилиб юрмади.

Аҳли ҳикматдан бир зотнинг фикрига кўра, мўмин Робби билан фахрланади, дини билан шараф туяди. Мунофиқ эса, насли – насаби билан фахрланиб, мол – мулки билан шараф туяди.

Ибн Умардан  (ундан Аллоҳ рози бўлсин)  ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Пастфеъл (камтарин)ларни кўрганингизда уларга нисбатан сизлар ҳам тавозеъ кўрсатинглар. Кибрлиларни кўрсангиз, уларга (сиз ҳам) такаббур бўлинглар. Чунки улар ёнида кибрланишингиз уларнинг кибрини камситади, пастга уради. Шу боис, уларга қарши бу ҳаракатингиз садақадир” (Термизий).

Абу Ҳурайрадан  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким Аллоҳ учун тавозеъ кўрсатса, Аллоҳ уни мутлақо юксалтади” (Муслим).

Ҳазрати Умар  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) дейди: Камтарликнинг боши учратганинг мусулмонга аввал сенинг салом беришинг, мажлисларда орқада ўлтиришинг, тақво соҳиби қилиб танилмоқдан безовта бўлишингдир.

Бил–ки, такаббурлик кофирлар ва фиръавнларнинг феълидир. Камтарлик, тавозеъ эса Пайғамбарлар ва солиҳларнинг феълидир. Чунки Аллоҳу Таоло Қуръони Каримда кофирларни такаббурлик билан васфлантиргандир: “Чунки улар (кофирлар) Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқдир дейилган пайтда, кибрланди ва буюкландилар” (“Ас–сафоат”, сураси 35).

Қорунни, фиръавнни ва Ҳомонни ҳам ҳалок этдик. Ямин бўлсинким, Мусо уларга очиқ далиллар билан келди, аммо улар ер юзида кибрландилар, буюклик қилмоқчи бўлишди. Ҳолбуки, бизнинг ҳукмимиздан ўтиб кета олмасдилар” (“Анкабут” сураси, 39).

Менга қуллик этишга таназзул этмаганлар, хорланиб Жаҳаннамга киражакдир” (“Мўмин” сураси, 60).

Шунинг учун у ерда абадий қолишга Жаҳаннамнинг эшикларидан кирингиз. Кибрланганларнинг жойи нақадар ёмондир” (“Наҳл” сураси, 29).

Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ такаббурларни, катталик қилганларни севмас” (“Наҳл” сураси, 23).

Раҳмоннинг қулларики, улар ер юзида тавозеъ билан юрарлар, жоҳиллар уларга гап отсалар, “салом” дея жавоб берадилар” (“Фурқон” сураси, 63).

Бошқа тарафдан, Аллоҳу Таоло ўз пайғамбарларига камтарлик, мутавозеъ бўлишни амр этиб, шундай дейди: “Мўминларга қаноатингни тушир”  (“Ҳижр” сураси, 88).

Ва сенга тобе бўлган мўминларга қаноатингни индир” (“Шуаро” сураси, 215).

Аллоҳу Таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни унинг аҳлоқи юзасидан мадҳ этиб, шундай дейди: “Ҳеч шубҳасиз, сен ўрнак бир аҳлоқ устидасан” (“Қалам” сураси, 4).

Маълумки, Пайғамбаримизнинг энг бўртиб кўринган фазилати камтарлик эди, мутавозеълик эди.

У эшакка минарди. Хизматкорларининг даъватларига ижобат этарди, меҳмонга чақирсалар, борарди.

Ривоятга кўра, бир кечаси Халифа Умар бин Абдулазизга бир меҳмон келди. Хуфтон намозидан кейин Халифа бир ёзув ёза бошлади. Аммо қандилнинг ёғи тугаб, сўна бошлади. Халифанинг меҳмони “Ё, Амри–ул Мўминин, туриб, қандилга қуяйинми?” деди. Халифа унга “меҳмонга иш буюрмоқ инсонликка ярашмайди” деди. “Ундай бўлса, хизматкорни уйғотайми?” деди меҳмон. “Йўқ, у энди ухлади” деди Халифа ўзи туриб ёғдонликдан ёғ келтирди ва қандилга ёғ қуйди.

Меҳмон:

-Ё, Амир-ул мўминин, нега бунча захмат этдингиз? – деб сўради.

Халифа:

-Мен ёғга Умар ўлароқ кетдим ва Умар ўлароқ қайтдим. Аллоҳ наздида энг хайирли инсон – камтар инсондир”, – деди Халифа Умар бин Абдулазиз.

Қайс бин Абу Ҳазимнинг айтишига кўра, Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Шомга келганида шаҳардаги олимлар ва шаҳарнинг катталари уни кутиб олишга чиқдилар.

Ҳазрати Умарга “шу салобатли отга мин, сени шундай кўрсинлар” дейишди.

Ҳазрати Умар уларга: “Сиз воқеага бу ердан боқасизлар, ҳолбуки, у ердан (қўли билан кўкни кўрсатиб) боқишингиз керак” деди.

Бошқа бир ривоятда, Халифа Ҳазрати Умар Шомга кирар экан, ўз қули билан туяга навбатлашиб миниб келишаётган эди. Қулнинг туяга миниб, туяни етаклаш навбати Ҳазрати Умарга келганида, йўлда бир дара чиқди. Ҳазрати Умар чориғини ечиб, қўлтиғига олди ва туяни сувдан ўтказиб олди. Ва бу алфозда шаҳарга кириб борди. Уни кутиб олган Шомнинг амири Убайда бин Жарроҳ “Ё, Амир–ул Мўминин, сал нарида сени шаҳарнинг катталари қаршилаш учун кутаяптилар, сени бу ҳолда кўришлари яхши бўлмайди” деди.

Халифа Умар:

-Аллоҳу Таоло бизни Ислом билан азиз қилди. Одамларнинг биз ҳақда нима дейиши ҳеч муҳим эмас!, –деди.

Айтишларига кўра, Салмон Форсий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Мадоин амири экан, бир кун бозорни айланишга чиқди. Унинг ёнидан ўтиб кетаётган шаҳар катталаридан бири Салмон Форсийни ҳаммол деб ўйлаб, “қани, шуларни менинг уйимга олиб бор” деб бир ашёларни кўрсатди. Салмон Форисий унинг юкини кўтариб юра бошлади. Йўлда уни таниганлар: “Аллоҳ амирга яхшилик берсин, юкингни бер, биз ташийлик” дейишди. Аммо Салмон юкини ҳеч кимга бермади.

Буни кўрган юк эгаси “Туф менга шаҳарнинг амирини ҳаммол тутибман!”, деди ва Салмондан узр сўрашга бошлади.

Салмон эса унга:

-Қани, йўл кўрсат, кетайлик, – деди.

Улар уйига етиб боришганда, ўша одам:

-Энди ҳеч кимга юк ташитмайман!, – деди.

Айтилишига кўра, Аммор бин Ёсир  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) Куфа шаҳрининг амири экан, бир куни ҳайвонига ем олиш учун бозорга борди ва бир оз йўнғичқа олди. Йўнғичқани орқалаб, уйига олиб борди.

Яна айтилишига кўра, Ҳазрати Умар Абу Ҳурайрани  (ҳар иккаласидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) Баҳрайнга амир тайин этганида, Абу Ҳурайра эшакда шаҳарга кирди ва йўлда “амирга йўл беринг, амирга йўл беринг”, дея ўзига йўл очиб, шаҳарга кира билди.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримизнинг саҳобийлари камтарликни ўзларига бир тамойил қилиб олганларди. Шу боисдан, улар ҳам инсонлар наздида, ҳам малаклар, ҳамда Аллоҳ наздида азиз бўлдилар.

Абу Ҳурайрадан  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳ садақа бергани учун мулки озайган ва ўзига ҳақсизлик этганни кечирган одамнинг иззатини оширади”.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни Ҳазрати Ойшанинг  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) уйида эди. У тиз устида ўтириб, емак еяётганди. Шу пайт эркак–хотин демасдан, ҳаммага гапираверадиган бир хотин кириб қолди ва Пайғамбаримизнинг тиз чўкиб, овқатланаётганини кўриб:

-Шунга боқинг, қул каби ўтирибди!, – деб қолди.

Пайғамбаримиз ҳам у хотинга:

-Мен бир қулман. Қул каби ўтираман, қул каби емак ейман. Кел, сен ҳам е!, – деди.

-Йўқ, емайман. Мен фақат сен ўз қўлинг билан едирсанг ейман, – деди хотин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом хотинга ўз қўли билан едира бошлади. Аммо хотин бу сафар “Йўқ, емайман. Оғзингдагидан берсанг ейман”, деди.

Пайғамбаримиз унга қаттиқ бир гўшт парчасини оғзидан чиқариб берди. Хотин у гўштни оғзига солган заҳоти уялиб, ерга йиқилди. Бу воқеадан кейин хотин то ўлгунча, ҳеч бундай енгилтаклик қилмади.

Ҳасандан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ер юзининг калитлари менга берилганда, қулпайғамбар ва қирол–пайғамбарликдан биттасини танлаш таклиф этилди. Жаброилнинг ишорати билан мен қул–пайғамбар бўлишни танладим. Қиёмат куни мозорининг тупроғи илк ёриладиган ва илк шафоат этадиган мен бўламан”.

Ибн Масъудга кўра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ким Аллоҳ қўрқусини ва камтарликни танласа, Қиёмат куни Аллоҳ унинг даражасини юксалтиради.

Аксинча, ким кибрланса, Қиёмат куни Аллоҳ уни тубан ва залил қилади. Қатоданинг айтишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким шу уч нарсадан  кибр, хиёнат, қарздан  – ҳоли бўлган ҳолда дунёдан кўз юмса, Жаннатга киради”.

Абдуллоҳ бин Абу Жаъфарнинг айтишига кўра, бир кун Ҳазрати Али  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) бозордан олти сариқ лирага иккита содда кўйлак сотиб олиб, қулига “Ё, Асвад, булардан истаганингни танла” деди. Қул кўйлакларнинг яхшисини танлади. Ҳазрати Али ҳам иккинчисини кийди. Аммо бу кўйлакнинг енглари узун келди ва Ҳазрати Али уларни тарзи (тикувчи)га қирқтирди.

Жума куни Ҳазрати Алининг бу енги қирқилган кўйлагидан ипларнинг осилиб турганини кўрган эдик.

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳу Таоло “Азомат  кўйлагим, Кибриё  – чакмонимдир. Ким булардан биттаси тўғрисида менга ўчакишса, уни Жаҳаннамга ташлайман”, дейди” (Бухорий).

Яъни “Азомат” ва “Кибриё” худди Қуръонда зикр этилган “Азиз”, “Жаббор”, “Мутакаббир” сифатлари каби, Аллоҳнинг сифатларидир. Бу сифатлар қаршисида кибрланмак қулга ярашмайди.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси