“Тўғри, мен Аллоҳнинг қулидурман…”

“Тўғри, мен Аллоҳнинг қулидурман…”
71 views
16 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 212
(давоми)

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ МЎЖИЗА

Онамиз Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилур:

«Мадинада бир нопок, уятсиз хотун бор эди. Бир куни Расулуллоҳ ўтирган эдилар, устиларига у хотун кириб қолди. Олдиларига бир парча қотган гўшт пишириб қўйган эдим, шундан еб ўлтирур эдилар.

Муни кўриб, у хотун:

— Кўринглар бу кишиниким, қул кишилардек таом ейдур, ўлтиришлари ҳам қулларга ўхшайдур, — деб айтди.

Анда Расулуллоҳ:

— Тўғри, мен Аллоҳнинг қулидурман, қуллардек ўлтириб, қулдек таом ейдурман, — дедилар.

Сўнгра ул хотун:

— Менга ҳам бу таомдан беринг, еб кўрай, — деди.

Эб турган гўштларидан бир парчасини бериб эдилар, ул хотун:

— Йўқ, оғзингиздаги чайнаб турган гўштдан сўрайман, — деди.

Оғзиларидаги чала чайналган гўштдан чиқариб унга бердилар эрса, у:

— Ўз қўлингиз билан егизиб қўйинг, — деди.

Ўз қўллари билан унинг оғзига солиб қўйдилар. Буни ютиши билан тавфиқ чироғи унинг кўнглини ёритди. Ўз замонасидаги шарм-ҳаёли, солиҳа хотунлардан бўлди».

(давоми бор)