Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди

Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
60 views
16 October 2017 - 12:45

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Якшанба кунги президент сайловида асли Ўш вилоятилик, амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг “Социал Демократлар партияси”дан бўлган Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонган.

Шу соатларда имконли бўлган маълумотларга кўра, президент Атамбаев “дастаклаган”и иддао қилинган бу номзод сайловчилар овозининг ярмидан кўпини қўлга киритиб бўлган.

Қирғизистонда амалда бўлган сайлов қонунчилигига мувофиқ, бунча сондаги овоз ўша номзодни ғолиб, деб эълон қилиш учун кифоя қилади, иккинчи босқич сайловларни чақиришга ҳожат қолдирмайди.

Сайловда унинг асосий рақиби сифатида кўрилган ва жамоатчиликка Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев дастаклагани айтилган мухолиф номзод Ўмурбек Бабанов эса, 30 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплаган.

Кузатувчи ва таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бу – Қирғизистон учун тарихий сайлов бўлган.

Мамлакатда 1991 йилдан буён қудрат алмашинуви сайлов орқали, тинч йўл билан амалга ошишига замин пайдо бўлган.

Қирғизистоннинг бундан аввалги икки президенти оммавий намойишлар орқали ҳокимиятдан четлатилган.

Мамлакатда 2010 йилдан буён амал қилиб келаётган конституцияга мувофиқ, президентларнинг ваколати 6 йиллик муҳлат билан чекланган.

2011 йилги сайловда президент этиб сайланган Алмазбек Атамбаев ҳам муддати тугагач, бирор бир йўл билан ўз курсисида қолиш нияти йўқлигини ҳали бундан анча аввал баён қилган.

Аммо якшанба кунги сайловга Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги даҳанаки жанг ўз соясини солмай қолмаган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев қозоғистонлик ҳамкасбини мамлакати ички ишлари ва сайловига аралашишда айблаб чиққан.

Қозоғистон расмийлари Ўмурбек Бабановни янги президент сифатида кўриш истагида эканликларини даъво қилган, унинг бу иддаоларини ҳам нефть корчалони бўлган Ўмурбек Бабанов ва ҳам расмий Остона кескин рад этиб чиққан.

Қирғизистон раҳбарининг бу баёнотига жавобан, Қозоғистон ўзаро чегарадаги ўтиб-қайтиш тартибини кучайтирган, бунинг натижасида назорат-ўтиш пунктларида одамлар ва транспорт воситаларининг узундан-узоқ навбати вужудга келган.

ЎХҲ хабарлар бўлими