Интиқор (Қорабозорчилик)

Интиқор (Қорабозорчилик)
33 views
18 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(35)
(давоми)

Интиқор
(Қорабозорчилик)

Муаммар бин Абдуллоҳ Адавийдан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Фақат гуноҳкорлар интиқор (қорабозорчилик) қилиши мумкин” деган.

Ибн Умардан  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким бир озиқовқат моддасини қимматроқ сотиш учун қирқ кун сотмай турса, у киши Аллоҳдан, Аллоҳ ундан узоқдир”.

Ҳазрати Умардан  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Халққа сотиш мақсадида бир ердан бошқа ерга озиқ моддаси келтирган кишининг ризқи очилади. Аммо қўлидаги озиқовқат маҳсулотини қимматроққа сотиш учун асраган кимса лаънатга учрайди” (Термизий).

Шобийнинг айтишига кўра, бир киши ўғлини бир ишга қўйишни истар эди. Бу масалада Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан маслаҳат сўради. Пайғамбаримиз унга шундай деди:

-Ўғлингни заҳирачининг, қассобнинг, кафан сотувчисининг ёнига берма. Заҳирачининг ёнига берма, чунки ўғлинг ҳар қандай бир егулик маҳсулотини қирқ кун яшириб, кейин Аллоҳ ҳузурига чиққанидан, зино этиб ёки ичкилик ичиб, чиққани афзалроқдир.

-Қассобнинг ёнига берма, чунки ҳайвон бўғизлайвериб, қалбидаги шафқат туғусини йўқотади.

-Кафан сотувчисига берма, чунки бу сотувчи умматим ҳақида ўлим тилайди”.

Интиқор (қорабозорчилик) бир тужжорнинг яшаётган еридан сотиб олган озиқ маҳсулотини  – ўша ер халқининг бу маҳсулотга муҳтожлигига қарамай  – сотмасдан, сақлаб қўйишидир.

Бу динимизда таъқиқлангандир.

Аксинча, бошқа бир ердан сотиб олиб келгани озиқ–овқат маҳсулотини сақлаш ва сотмаслик интиқор (қорабозорчилик) ҳисобланмайди. Аммо бундай маҳсулотга халқда эҳтиёж бўлса, уни сотиш яхшидир.

Қорабозорчи тужжорга келсак, аввал уни яширган маҳсулотни сотишга мажбур қилиш лозим. Агар шунда ҳам молини сотишни истамаса, у таъзир йўли билан жазолантирилади, таъзиб этилади. Аммо ундан молини бозордаги баҳодан арзон сотиш талаб қилинмайди. Унга “қўлингдаги молни бошқа тужжорларнинг сотгани баҳода сот”, дейилади.

Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен нарх қўя олмайман, нарх қўйиш салоҳияти Аллоҳга махсусдир” деган.

Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна шундай деган: “Қимматчилик билан арзончилик Аллоҳнинг лашкарларидан икки лашкардир. Бу лашкарлардан биттасини исми “Қўрқув” (рақобат), иккинчисининг исми “Орзу” (рағбат)дир. Аллоҳ бир матохни арзонлаштирмоқ истаса, у мол соҳиблари юрагига қўрқув солади ва улар молни тезроқ қўлидан чиқаришга уринадилар ва бу шаклда мол арзонлайди.

Аллоҳ бир молни қимматлаштирмоқ истаса у мол соҳиблари қалбига орзу солади ва улар молларини қўлларидан чиқармай турадилар”.

Айтилишига кўра, Бани Исроилда бир обид бир қум йиғини ёнидан ўтиб кетаётганда хаёлидан “кошки, шу қум тепаси ун бўлсайди, Исроил ўғиллари шу қаҳатчилик йилида қорнини тўйдирса”, деган фикр ўтди.

Шунда Аллоҳу Таоло ўша даврнинг пайғамбарига шундай ваҳий индирди: “Фалончига айт, ўша қум тепаси ун бўлиб, уни фақирларга тарқатса оладиган савоб унга ёзилади”.

Айтилишига кўра, бир киши Абдуллоҳ бин Аббосга  (Аллоҳ ундан рози бўлсин) келиб, “менга қандай ўгит берасан?” деб сўради.

Абдуллоҳ унга: “сенга шу олти нарсани ўгит бераман деди:

1.Аллоҳнинг сенга кафолат бергани нарсаларда қатъий ишончинг бўлсин.

2.Фарз ибодатларини вақтида қил.

3.Давомли тарзда Аллоҳни зикр эт.

4.Инсонларга ҳасад қилган шайтонга бўйсунма.

5.Дунёни ислоҳ қилишга уринма. Чунки бу охиратингнинг йиқилишига йўл очади.

6.Мусулмонларга қарши ҳам замон хайрихоҳ (хайирсевар) бўл”, деди.

 

Айтилишига кўра, саодатнинг аломатлари шу ўн хислатдир:

1.Инсон дунёга лоқайд, охиратга нисбатан ҳассос бўлмоғи керак.

2.Инсон асос ташвиши – ибодат ва Қуръон ўқимоқ бўлиши лозим.

3.Керак бўлмаган жойда оз гапириши лозим.

4.Беш вақт намозни давомли қилиши керак.

5.Ҳаромнинг кўпидан ҳам, озидан ҳам қочиши керак.

6.Солиҳ инсонлар билан кўришиб, суҳбатлашмоқ керак.

7.Мутавозеъ бўлиш лозим, кибрли бўлмаслик керак.

8.Жўмард (сахий) ва хайирсевар бўлмоқ лозим.

9.Аллоҳнинг яратгани бутун маҳлуқотга мархамат билан ёндашмоқ лозим.

10.Ўлимни доим эсда тутиш керак.

 

Ва аксинча, бадбахтлик аломатлари шу ўн бир нарсадир:

1.Бойлик тўплаш эҳтиросига берилмоқ.

2.Нафс орзулари ва дунё севгисини асос мақсадга айлантирмоқ.

3.Қўпол ва кўп гапирмоқ.

4.Намозга аҳамият бермаслик.

5.Ҳаром ва шубҳали нарсаларни еб, ёмон одамлар билан кўришиб, гаплашмоқ.

6.Ёмон феълли бўлмоқ.

7.Такаббур, ўзини севган бўлмоқ.

8.Бошқаларга фойда тегишини истамаслик.

9.Мусулмонларга етарли мархамат кўрсатмаслик.

10Хасис бўлмоқ.

11.Ўлимни эсламаслик.

 

Яъни инсон ўлимни унутмаса, мусулмонларга нисбатан мархаматли бўлади.

Ривоятга кўра, бир замонлар бир зоҳид яшаб ўтганди. Унинг уйида озгина буғдойи бор эди. Зоҳид буғдойини сотишга мажбур бўлди. Аммо бир муддат сўнгра ўзи буғдой сотиб олишга мажбур бўлди. Унга “ўз буғдойингни сотмай, сақласанг бўларди –ку”, деганларга зоҳид “халқнинг чеккан машаққатига шерик бўлмоқ истадим, шу боис буғдойни сотдим”, деди.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси