“Ҳақназаров” бўлиш жиноят эмас – шарафдир

“Ҳақназаров” бўлиш жиноят эмас – шарафдир
18 views
18 October 2017 - 14:51

“Фарғона.ру” ахборот порталининг бош муҳаррири Даниил Кислов ўз сайтида мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақида яхши бир мақола (http://www.fergananews.com/articles/9593) чоп қилибди. У ўқувчиларга журналистни батафсил “таништириб”, яхши иш қилди.

Шубҳасиз, бундай “таништириш” Оврўпа хавфсизлик ва ҳамдўстлик ташкилотининг “Ўрта Осиёда очиқ журналистика” конференцияси фонида ва журналистни адолатли маҳкамасиз ва адвокатсиз мана 20 кундир ушлаб туришган “эски зиндон” фонида жуда ҳам зарур эди.

Маълумки, 27 сентябр куни Бобомурод Абдуллаевни МХХ тезкор ходимлари ўғирлаб кетишди ва 2 кун давомида унинг қаерда эканлигини ҳеч ким билмади.

Журналистнинг йўқолиб қолганлиги ҳақидаги хабар матбуотга сизгандан сўнг, МХХ журналистнинг қаерда эканлигини билдиришга мажбур бўлди. Ва 30 сентябр куни журналистнинг 14 йил давомида Ўзбекистоннинг коррупцион ҳукуматини фош этиб келган аноним муаллиф Усмон Ҳақназаров сифатида дастлабки “ажрим”ини чиқаришди.

Даниил Кислов ўз мақоласида шундай деб ёзади: “Бобомурод ҳар доим мулоҳазали, танқидий, аммо босиқ мақолалар ёзарди. Шу сабабдан мен унинг “Усмон Ҳақназаров” исми остида ёзилган ва Интернетда нашр қилинган кўплаб мақолалар муаллифи эканлигига ишонмайман”.

Ва шундай давом этади: “Шунингдек мен тергов версиясини тасдиқлаган мухолиф Муҳаммад Солиҳга ҳам мутлақо ишонмаган бўлардим. Бу инсонга бўлган ҳурматимга қарамай, Солиҳ – сиёсатчидир, сиёсатчиларнинг эса ҳар доим ақлида бир ўз ўйлаганлари бор: стратегия, тактика, парда орти келишувлар, нозик ҳисоб-китоб…”

Камина ҳеч кимни Б.Абдуллаев бу У.Ҳақназаров эканлиги ҳақидаги сўзларимга ишонишга чақирмадим. Мен фақат мен билган ҳақиқатни ифода этдим. Муҳими бу эмас. Бу ҳақда Бобомуроднинг ўзи гувоҳлик бериш имкониятига эга бўлганида гаплашамиз.

Муҳими, Кислов ўз мақоласининг сўнггида ёзган шу жумладир: “Аммо, Ҳақназаровнинг ўзини маҳкамага тортишга ҳам бир асос йўқ. Унинг мақолаларида жиззакилик, фантазия, ҳукуматга хунук ташҳис қўйиш ва текшириш мумкин бўлмаган маълумотлар бор. Аммо унда ҳеч қандай давлат сири, инқилобни тарғиб қилиш ва конституциявий тузимни ағдаришга бўлган чақириқлар йўқ”.

Худди шундай, Ҳақназаровни маҳкамага тортиш учун ҳеч қандай асос йўқ!

Ҳа, унинг мақолаларида, ҳар қандай журналистда бўлганидек, ҳаттоки “Фарғона.ру” журналистларида ҳам бўлганидек, “жиззакилик, фантазия, ҳукуматга хунук ташҳис қўйиш…” бўлиши мумкин, аммо “ҳеч қандай давлат сири, инқилобни тарғиб қилиш ва конституциявий тузимни ағдаришга бўлган чақириқлар йўқ”.

ҲА, ҲЕЧ ҚАНДАЙ ДАВЛАТ СИРИ, ИНҚИЛОБНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ ВА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ТУЗИМНИ АҒДАРИШГА БЎЛГАН ЧАҚИРИҚЛАР ЙЎҚ!

Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олиш, агарда у юз маротаба ҲАҚНАЗАРОВ бўлса ҳам, қонуний бўлиши мумкин эмас! Айнан мана шу сабабли Бобомуроднинг Ҳақназаров эканлигини жамоатчиликка билдиришга шошилдим!

Бобомурод Абдуллаев айнан “Усмон Ҳақназаров” номи билан танқидий мақолалар ёзгани учун ҳам зиндонга ташланди, спорт тадбирларини шарҳлагани учун эмас!

Бизники каби ёпиқ жамиятда ва бизники каби давлатда, энг хавфли касб – бу журналистликдир. Энг ҳимоясиз инсон эса – журналистдир.

Бобомурод Абдуллаев-Ҳақназаров бу йўлга барча хавф-хатарни идрок этган ҳолда кирди.

У, шубҳасиз, кўпчилик учун замонамизнинг қаҳрамонидир.

“Ҳақназаров” образидан уялишнинг, қисиниб, қимтинишнинг кераги йўқ.

Бизнинг жамиятимизда Ҳақназаров бўлиш жиноят эмас, шарафдир!

Биз ҳам Оврўпа хавфсизлик ва ҳамдўстлик ташкилотининг вакили Арлем Дезирни ўзбек ҳукуматидан Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровни дарҳол озод қилишини талаб қилишга чақирамиз.

Муҳаммад Солиҳ

 

P.S. Баъзи фаҳмсиз ёки тубан ниятли кимсалар “М.Солих Бобомурод Абдуллани “Ҳақназаров” эълон килиб, уни сотди”, дея каминага лой чапламоқдалар.

Аслида, Бобомуродни “Ҳақназаров” деб эълон қилмасайдим, уни ҳақиқатан сотган бўлардим.

Ва бу билан унга қарши “оддий бир ўғри” (илк кун шундай эълон қилишди), бир “кўча безориси” дея ҳукм чиқариб, дейлик 1 йилга қамашларига ва қамоқда уйдирма бир “жанжал”да ўлдиришларига ёрдам этган бўлардим.

Мен унинг оддий бир спорт мухбири эмас, бахайбат коррупция машинасига ва давлат террорига қарши кураш тарихидаги муҳим бир фигура эканини жамоатчиликка вақтида етказаолмаганимда мен ўзимни ҳеч қачон кечирмасдим.