Ҳеч ёлғон сўзламасмусан?..

Ҳеч ёлғон сўзламасмусан?..
81 views
19 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 213
(давоми)

ЎТТИЗ ЕТТИНЧИ МЎЖИЗА

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ракона ибн Абду Зайдни Макка кўчасида ёлғиз турганини кўрдилар. Бу эрса, Қурайш йигитлари ичида энг кучлик, атоқлик баҳодирлардан эди.

Анга Расулуллоҳ:

— Эй Ракона, энди иймон келтиргали вақтинг бўлгандир. Агар хоҳласанг, пайғамбарлигимга мўжиза кўрсатайин, — дедилар.

Йироқдан бир туп ёғоч кўриниб турмиш эди.

Ракона:

— Андоғ эрса, ўшал кўриниб турган дарахтни чақиргил, шундоғким, тенг ярми ўз ўрнида қолсун, қолган ярми эрса келиб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсун, ана шунда иймон келтиргайман, — деди.

Анда Расулуллоҳ дарахтга қараб ишорат қилдилар. Ярми келиб Расулуллоҳга салом берди. — Ўз ўрнингга қайт, — деб яна ишорат қилдилар эрса, дарахт қайтиб бориб ярмига ёпишди.

Бу мўжизани ривоят қилгувчи саҳоба айтур:

— Ўшал дарахтни кўрдим, ёпишган ўрни узун ип тортиб қўйгандек бўлиб билиниб турибдур.

Бу улуғ мўжизани Ракона кўрди эрса, ул айтди:

— Бу иш сиррини мен била олмадим. Кел энди, икковимиз курашайлик. Агар сен мени йиқитур бўлсанг, бир қўра қўйим бор, унинг ярмини сенга берайин.

Шу билан икковлари курашдилар эрса, Расулуллоҳ унинг белини ушлашлари ҳамон кўтариб ерга урдилар.

Куч-қувватдан бутунлай ажралмиш эди, шарманда бўлиб ўрнидан тургач:

— Эй Муҳаммад, армоним қолмасин, яна бир марта курашайлик, — деди.

Яна курашгач, қўл учлари тегиши билан йиқилиб, нима дейишини билмай, ҳайрон қолиб турди. Сўнгра айтди:

— Эй Муҳаммад, Қурайш мажлисига бориб қолсанг, уларга нима айтурсан?

— Раконани йиқитиб, унинг ярим молини ютиб олдим, дейдурман, — дедилар.

Ракона:

— Йўқ, андоғ айтмагил. Бу иш мен учун қаттиқ номусдур. Ҳадя қилиб берди, дегил, — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Қандоқ ёлғон гапира олурман?

Анда ул:

— Ҳеч ёлғон сўзламасмусан? — деди.

— Албатта сўзламайдурман, — дедилар Расулуллоҳ.

Сўнгра Ракона:

— Энди аниқ билдим, сен Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари экансан, — деб дарҳол иймон келтирди. Разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)