Мутант қатлам пайдо бўлди…

Мутант қатлам пайдо бўлди…
52 views
21 October 2017 - 18:01

(Давлат тили байрами табриги ўрнида)

Бизда миллий ғурур тушунчаси ўлиб бормаяптими деган ўй тинчлик бермайди. Дунёвийлашганимиз сари ўзимиздан тобора йироқлашяпмиз.

Бунга яққол мисоллардан бири тил масаласи. 2-3 тилда эркин гаплашамизу, соф ўзбек тилида фикримизни тушунтиролмаймиз.

Ўзбекистон деган давлатда яшаймизу, ишхоналардаги кўпчилик ҳужжатларимизнинг соф ўзбекча муқобили ҳалиям йўқ. Исми ўзбекчаю, муомала воситасида ўзбек тилида гаплашганда ўзини камситилгандек ҳис қилаётган мутант қатлам орамизга суқилиб кириб, ўз чулдираши билан ғашимизга тегмай қўйганига анча бўлган.

Бу мутант қатлам соф бирор тилда гаплашса майли эди, аммо уларнинг муомала воситаси ўзининг назарида шунчалар ғарибки, икки-уч тилнинг сўзлари билан уни “бойитмоқда”. Ва натижада бугун ўз тилида ҳеч қандай бошқа тилни аралаштирмай гапириш тилшунослару, адабиётшуносларга қолган юмушга айланди гўё… Қолаверса телевизорга чиққандагина керак бўладиган экран тили бўлиб қолди…

Хуллас, гапирса гап кўп.

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, яъни ўзбек тили ЎЗБЕКнинг боласи бўлиб майдонга чиқди. Аммо, мана 28 йиллигини нишонлаяпмиз ҳамки, у ҳамон униб-ўсгани йўқ… Ҳамон болалигича қоляпти.

Қачонки халқ ўз тилининг бор жилоларидан фойдаланиб фикрламас, сўзлашмас экан у тил унмайди, ўсмайди…

Э, нималар деяпман! Табрик ҳам шунақа бўладими?..

Нимаям дердим, хуллас, туғилган кунинг муборак, давлат тилим!

Гўзал Рўзиева

facebook.com