Бу китобни ўқиб кўринглар-чи…

Бу китобни ўқиб кўринглар-чи…
85 views
22 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 215
(давоми)

ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Мутриф ибн Молик ривоят қилур:

— «Ҳазрат Умарнинг халифалик даврларида Ислом ғозийлари билан чиқиб, Эронистонда Тастар шаҳрини фатҳ қилдик. Ўлжага тушган молларнинг ҳисоби йўқ эди. Булар ичидан бир сандиқ чиқди. Очиб қарасак, эскидан унинг ичида бир китоб бор экан. Биз билан ҳамроҳ юрган Наим номлик бир насоро киши у китобни кўриб, менга сотгил деб сўради эрса, сандиқни сотиб, китобни унга ҳадя қилиб бердим.

Сўнгра орадан бир мунча замон ўтиб Ҳазрати Муовия замонида Қуддуси шарифга келдим. Бир куни шаҳар кўчасида, бундан кўп йиллар илгари Тастар шаҳрида китоб ҳадя қилган кишига йўлиқиб, уни танидим. Кўришгандан сўнгра:

— Эй Наим, ҳали ҳам ўз динингда эрурмисан? — деб сўрадим.

— Йўқ! Алҳамдуллиллоҳ, Ислом динини қабул қилдим, — деди.

Сўнгра у билан Дамашқ шаҳрига кирмоқчи бўлдик. Каъбул Аҳбор ҳам бизга қўшилиб, учовимиз Дамашққа келдик. Бу киши эрса шу замоннинг улуғ олимларидан эди. Буни англаб яҳуд, насоро олимларидан бир қанчалари унинг зиёратига келдилар. Тастар шаҳридан топилган китоб Наимнинг қўлида эди. Бу китоб эрса ўтган пайғамбарлардан қолган ва Эронистонда нусхаси сақланганликдан асли нусхаси бузилмаган эди. Буни билиб Каъбул Аҳбор:

— Бу китобни ўқиб кўринглар-чи, — деб уларнинг қўлига берди эрса, бир оз ўқигандан сўнгра ўқигувчининг ранги ўзгариб, ўқишни тўхтатди.

Анда Наимнинг ғазаби келиб:

— Бу китоб эрса, хиёнат қўли тегмаган, оятлари ўзгармаган қадимги китоб экандур. Агар охирига етгунча ўқимас эрсанг, мендан соғ қутила олмайсан, — деди.

У ҳам ночор бўлиб ўқиган эрди, бу оят чиқди: «Ва ман ябтағи ғойрол Исломи динан фалан юқбала, минҳу ва ҳува фил охирати минал хосирина».

Яъни, «Ким Ислом динидан бошқа динни тутса, ҳеч қачон қабул қилинмайдур. Ул киши охиратда зиён кўргувчилардан, бўлур».

Бу сўз эрса, бутун Шом халқига тарқалди. Кейинги Таврот, Инжил китобларини бузиб, динга хиёнат қилганлари барчага маълум бўлди. Йўқ эрса, Расулуллоҳнинг сифатлари илоҳий китобларнинг барчасида ёзилмиш эди.

Шу иш сабаб бўлиб, бир кун ичида Шом шаҳрининг яҳуд, насоро олимларидан қирқ икки киши иймон келтирдилар. Шу куни мусулмонлар учун байрам кунларидек суюнчлик бўлди. Ҳазрати Муовия томонидан буларга ҳадялар юборилди.

(давоми бор)