Туш таъбири…

Туш таъбири…
117 views
23 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 216
(давоми)

ҚИРҚИНЧИ МЎЖИЗА

Каъбул Аҳбор ривоят қилур:

«Бани Исроил қавми ҳақ йўлдан адашиб ўз пайғамбари Ҳазрати Армиё алайҳиссалом насиҳатларини қабул қилмадилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга қаҳр қилиб Бухти Наср деган подшони юборди. Яҳудлар устига ҳисобсиз черик келтирди. Бу эрса, Қуръонда айтилган Бобил шаҳрининг подшоси эди.

Яҳудлар бунга қарши туролмадилар. Фаластин вилоятига босиб кириб Байтул Муқаддасни бузиб, бутунлай хароб қилди. Шаҳар халқини қатлиомга буюрди. Ўлимдан қолганларини асир олиб, Бобилга қараб жўнади. Булар ичида Дониёл пайғамбар ҳам бор эдилар.

Бу ерга келиб бир қанча замон ўтгандан кейин Бухти Наср бир кеча қўрқинчлик туш кўриб уйғонди эрса, ани унутмиш эди. Қўруқчи, сеҳрчиларни йиғиб:

— Бу кеча уйқумда бир туш кўрмиш эдим. Энди сиз шу тушимни топиб, унинг таъбирини айтинг, — деди.

Анда таъбирчилар:

— Эшитмаган тушга қандай таъбир айтгани бўлур?— дедилар. Анда подшоҳнинг ғазаби келиб:

— Бир кунимга ярармикинсизлар деб сизларни тарбият қилмиш эдим. Агар уч кун ичида бунинг таъбирини топмас экансиз, барчангизни ўлдирурман, — деди.

Алар буни англаб, қаттиқ ғамгин бўлдилар. Бу иш уддасидан қандоғ чиқа олгаймиз, деб мотамда қолдилар. Бу воқеанинг хабари шаҳар ичига тарқалди. Шу кунларда эрса, ҳазрати Дониёл зиндонда эдилар.

Ҳаммадан илгари бу хабар зиндонга етган эди. Бир кун Дониёл алайҳиссалом зиндончига:

— Сен бориб подшога етказ, кўрган тушини мен айтиб берурман, ҳам уни таъбир қилурман, — дедилар.

Зиндонбоши бу сўзни Бухти Насрга еткурди эрса, уни дарҳол келтурмакларини буюрмиш. Подшо олдига ҳар ким кирса унга сажда қилур эрди.

Дониёл алайҳиссалом унинг қошига кирганларида бу одатни қилмадилар. Бунинг бу журъатига подшо ажабланиб:

— Бу ишда бир сир бўлғайму? — деб ўйлади. Бошқа кишиларни ташқари чиқариб, сўнгра Дониёлга айтди:

— Киши қилмаган бир иш қилдинг. Нега менга сажда қилмай кирдинг? — деди.

Анда Дониёл алайҳиссалом:

— Меним бир Тангрим бордур, туш таъбир қилмоқ илмини менга ул ўргатмишдир. Агар ундан ўзгага сажда қилур эрсам, бу илмни мендан олиб қўйғайму деб қўрқдим. У чоғда сен кўрган тушни топиб йўруёлмай қолсам, мени ўлдирурсан. Ўзинг ҳам туш таъбирини ўйлаб ғамда қолурсан. Ҳар икковимизга ҳам фойда бўлғай деб, сажда қилмадим, — дедилар.

Бу сўзни англагандан сўнгра Бухти Наср:

— Энди эса меним олдимда сендан ортиқ ишончлик ҳеч киши йўқдур. Шунинг учунким, сен ўз Тангринг буйруғини чинг (қаттиқ) тутмиш киши экансан. Меним қошимда энг яхши кўрилганлар шу сендек кишилардур. Кўрган тушимнинг йўримини билармисан?, — деди.

Анда Дониёл:

— Аллоҳ менга билдирмишдир. Тушингда ҳайкалга ўхшаш катта бир бут кўрдинг. Анинг боши олтиндан, кўкраги кумушдан, қорни мисдан, оёғи темирдан, товони сополдан.

Сен уни кўриб, ҳайрон қолиб қараб турмиш эрдинг, шу орада осмондан гуруллаб бир тош тушиб у бутнинг бошига шундай урдиким, ул парча-парча бўлиб тупроққа аралашиб кетди. Шамол бўлса учиргудек бўлиб, тўзгани турди.

Сўнгра сен у тошга қараб ҳайрон бўлиб туриб эдинг, тош йўғонлашиб ўсишга бошлади, борган сайин йўғонлашиб, ер юзини бутунлай қоплади. Шундоқким ер-кўкда у тошдин бўлак ҳеч бирон нарса сенга кўринмай қолди.

Анда Бухти Наср:

— Тўғри топдинг, худди шундай кўрмиш эдим. Энди айтгил, мунинг таъбири нимадир? — деди.

Дониёл алайҳиссалом:

— Ул бутнинг таъбири ер устидаги подшолардур, уларнинг қайси бирлари олтинга ўхшайдур,қай бирлари кумушдек бўлур. Мис Рум подшоси эрур. Темир Форс Хисравидур. Икки сополтовон икки хотун подшоҳдурким, бири Румга, иккинчиси Форс аҳлига подшо бўлгайлар.

Аммо осмондан тушган тош — бу бир диндурки, бунинг бошига уриб парчалади. У дин охирзамонда араблардан чиқадиган Ислом динидур, уни Расулуллоҳ орқалик Аллоҳ юборур. Бу дин бутун ер устини қоплаб, барча динларни енгиб, ёлғиз ўзи қолғай. Кўрган тушингизнинг таъбири шу бўлғай, — дедилар».

(давоми бор)