Жаҳлни енгмоқ

Жаҳлни енгмоқ
95 views
24 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(37)
(давоми)

ЖАҲЛНИ ЕНГМОҚ

 Абу Саид ал-Худрийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Жаҳл – жаҳаннам оташидан бир чўғдир. Унга тутилганингиз, оёқда турган бўлса – ўтирсин, ўтирган бўлса – ётиб олсин”.

Яна Абу Саид ал-Худрий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) дейди: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай огоҳлантирди:

Жаҳлдан эҳтиёт бўлингиз. Чунки у инсон боласининг ичида ёнган бир оташдир. Қаранг, жаҳли чиққанларнинг қандай кўзлари қизариб, бўйин томирлари қабаради! Сизлардан бирингизнинг жаҳли чиқса, ерга узансин ва вужудини тупроққа теккизсин. Орангизда шундайлар бор-ки, тез жаҳли чиқиб, тез совийди. Бундай феълли одамлар, қаршисидагига тенгдир. Яъни биттаси иккинчисига қасос бўлади. Яна бирови бор, секин жаҳли чиқиб, узоқ совийди. Булар бир-бирига мос, бири иккинчисига қасосдир. Энг яхшиларингиз кеч жаҳли чиқиб, тез совигвнингиздир. Энг ёмонларингиз тез жаҳли чиқиб, узоқ совиганидир”.

Абу Ҳаммат ал-Боҳилийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ким кучи етгунча жаҳлини боса олса, қиёмат куни Аллоҳ унинг қалбини хушнудлик билан тўлдирар”.

Айтилишига кўра, “Инжил”да шундай бир ифода бор экан: “Эй, инсон боласи жаҳлинг чиққанда Мени хотирла-ки, Мен ҳам ғазабланганда сени хотирлайин. Менинг сенга қилганим ёрдамга рози бўл. Чунки Менинг сенга этганим ёрдам сенинг ўзингга қилганинг ёрдамдан хайирлироқдир”.

Ривоятга кўра Умар бин Абдулазиз жахлини чиқарган бир одамга: “Агар мени жахлимни чиқармаган бўлсайдинг, сени мутлақо жазолантирмоқчийдим”, деди. Ва бу сўзи билан Оллоҳнинг шу буйруғини эслаганини айтмоқчи бўлди:

(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини)авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади.  (Ол-и Имрон сураси 134)

Айтилишига кўра, халифа Умар бин Абдулазиз бир сарҳушни кўрди. Уни тутиб, жазолантирмоқ истади, аммо, ўша пайтда бу маст одам уни сўкди. Халифа сўкишни эшитиб, мастни қўйиб юборди. Буни кўрганлар:

-Ё Амирул мўминин, нега у сени сўкса, уни қўйиб юбординг,- дейишди.

-Чунки у менинг жаҳлимни чиқарди. Агар у ҳолда уни жазолантирсайдим, буни жаҳл билан қилган бўлардим. Мен эса ҳеч бир мусулмонни ўз нафсимни қондириш учун калтаклашни истамайман,- деди Халифа Умар бин Абдулазиз.

Ривоят этилишича, Маймун бин Миҳроннинг бир жорияси бир куни унга шўрва келтираётганда, оёғи тойиб кетиб, шўрвани Маймун бин Миҳроннинг устига тўкди. Маймун жориясини урмоқчи бўлганда, жория:

-Хожам, “жаҳлини енгганлар” оятига уйғун ҳаракат қилинг,- деди.

Маймун ҳам:

-Уйғун ҳаракат қилдим,- деди.

-Хожам, у ҳолда оятдаги ўша жумла орқасидан келган “инсонларни кечирарлар”, деган буйруққа ҳам бўйсунингиз!,- деди жория.

-У илоҳий буйруққа ҳам бўйсундим ва сени кечирдим,- деди Маймун бин Миҳрон.

-У ҳолда бу сўнгги жумладан сўнгра келган “Аллоҳ  яхшилик қилганларни севар”, калималарига ҳам риоя этингиз,- деди жория.

-Хўп, сенга яхшилик қилиб, шу онда сени Аллоҳ ризоси учун озод этдим,- деди Маймун бин Миҳрон.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Шу уч ҳислатга соҳиб бўлмаган кимса иймоннинг лаззатини билмайди:

1.Жоҳилнинг жоҳиллигини вазминлик билан қаршилайдиган нозиклик.

2.Ҳаромлардан қочишини таъминлай оладиган бир тақво.

3.Одамлар билан яхши яшашни таъминловчи бир хушфеъллик.

Айтилишига кўра, бир одамнинг бир оти бўлиб, бир куни уйига келса, отнинг учта оёғида турганини кўрибди. Одам хизматкорга “отни ким бу ҳолга келтирди?”, деб сўрабди. Ҳизматкор “мен” дебди. Одам “нечун”, деб сўраса, хизматкор “сени хафа қилишни истадим”, дебди. Шунда хизматкор қулнинг соҳиби шундай дебди:

– Муҳаққақ, у малъун шайтонни мен ҳам хафа қиламан – сени озод қилдим, кетавер, от ҳам сеники бўлсин!”.

Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади: “Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир”. (Шўро 43)

Аллоҳ таоло яна бир оятида шундай буюради:  “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат 34)

Бошқа тарафдан Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳимни ҳалиймлиги билан мақтаб, шундай дейди:

“…зотан, Иброҳим ҳалийм, кўнгилчан ва ибодатли кишидир”. (Худ 75)

 Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига сабр ва хушфеълликни амр этиб, шундай дейди:

“У ҳолда сен ҳам азим соҳиби пайғамбарлар каби сабр эт…” (Аҳқоф 35)

Ҳасан Басрий  “улар-ки, жоҳиллар уларга гап отса, “салом дерлар” оятини тафсир этиб, “улар назокат билан жавоб берадилар, жоҳиллар қаршисида ҳам адоб-назокатдан айрилмаслар”, деди.

     Ваҳб бин Мунаббиҳдан нақл этилишча Бани Исроилда бир обид ўтганди. Шайтон уни йўлдан оздирмоқ истади, аммо эплай олмади.

     Бир куни обид йўлга чиқди, шайтон ҳам унга йўлдош бўлиб олди. Ва унга шаҳват ва жаҳл қуролларини ишлатди, аммо муваффақ бўлмади.

      Кейин обидга қўрқув воситасида таъсир қилмоқчи бўлди ва тоғдан устига катта харсанг юмалатди. Аммо обид Аллоҳни зикр қилди, тош ундан дарҳол узоқлашди.

       Сўнгра шайтон арслон ва қоплон шаклига кириб, обидни қўрқитмоқчи бўлди, аммо обид Аллоҳни зикр этиб, бунга эътибор ҳам бермади.

       Шунда шайтон илон бўлиб обиднинг вужудига чирмашди, аммо обид намозини давом эттирди, пинагини ҳам бузмади. Намоздан сўнра шайтон обидга “сенга шундай- шундай қилдим, аммо сен ҳеч таьсирланмадинг, энди сен билан дўст бўлишни истайман, энди сени ҳеч йўлдан оздиришга уринмайман”, деди.

      Обид унга “йўқ, сенинг дўстлигинг менга лозим эмас. Зотан, мени қўрқитганингда ҳам, сендан қўрқмагандим”, деди. Шунда шайтон: “Хўп, инсон болаларини қандай йўлдан оздирганимни билмоқ истайсанми?”, деб сўради.

“Ҳа, буни айт”, деди обид.

“Мен инсонларни шу учта йўл билан оздираман: хасислик, жаҳл ва сархушлик (мастлик). Одам хасис бўлса, унга молини оз кўрсатиб, молиявий вазифаларини бажо келтиришга тўсқинлик қиламан. Айни пайтда хасис одам бошқаларининг молга кўз тика бошлайди. Агар одам жаҳлдор бўлса, уни болалар ўйнаган бир тўп каби, у ёқ бу ёққа сакратиб тураман.У дуоси билан ўликларни тирилтирадиган бўлса ҳам ундан умидимни кесмайман, чунки у ҳар қилган яхши амалини ўз жаҳли билан йиқиб тураверади.

Агар инсон сархуш (маст) бўлса, уни мен қўйни ўтлатган каби ўтлатиб, истаганим куйга соламан, истаганим ёмонликни қилдираман”, деди шайтон.

Ривоят этилишига кўра, шайтон бир куни Ҳазрати Мусога келиб, сен Аллоҳ тарафидан пайғамбар қилиб юборилган ва тўғридан-тўғри У билан гаплашиш шарафига эга бўлган кишисан. Мен ҳам Аллоҳнинг махлуқотидан бириман. Роббимга тавба этмоқ истайман. Унга айт, тавбамни қабул этсин”, деди.

Ҳазрати Мусо бундан севинди ва дарҳол (обдаст) таҳорат олди, намоз қилди ва сўнгра Раббига “Аллоҳим, шайтон сенинг махлуқотингдан биридир, Сендан тавбасини қабул этишингни сўраяпти. Унинг тавбасини қабул эт!”, деди.

Шунда Ҳазрати Мусонинг қулоғига “Ё, Мусо, у тавба этмас”, деган сас келди. Лекин Мусо яна “Ё, Робби, у тавбасини қабул этишингни сўраяпти”, деди.

Аллоҳ Таоло ваҳий йўли билан Ҳазрати Мусонинг дуосини қабул этганини билдирди ва унга “энди шайтонга сўйла, Одамнинг мозорига сажда қилсин, мен ҳам унинг тавбасини қабул этайин”, деди.

Бу ваҳийдан севинган Мусо дарҳол шайтонга бўлган гапни айтди. Аммо шайтон жаҳлдан кўкларга сакради ва мисилсиз бир кибр ила: “Мен унга тириклигида сажда этмадим, унинг ўлигига сажда қиламанми?”, деди.

Сўнгра Ҳазрати Мусога қараб: “Ё, Мусо, мен билан Раббим орасида шафоатчи бўлганинг сабабли устимда ҳаққинг бор. Бу сабабли, сенга учта ўгит берайин, шу уч ҳолат мени эсла:

1.Жаҳлинг чиқса мени хотирла чунки мен бу пайтда худди вужудингда айланган қон каби юрагингда айланиб турган бўламан.

2.душман билан қаршилашганинг он (жабҳада) мени хотирла, чунки мен бу ҳолатда инсонга бола-чақасини, хотинини, мол-мулкини ёдига тушираман, ки у урушдан қочсин.

3.Зинҳор номаҳрам хотинлар билан (юзма-юз) ёлғиз ўтирма, чунки мен ҳар иккингизни ҳам йўлдан оздириш учун, бир унга, бир сенга бориб, тўр тўқийман”, деди шайтон.

Ривоятга кўра, Луқмони Ҳаким ўғлига берган ўгитлардан биттасида шундай деди:

–  Ўғлим, уч нарса бор-ки, шу учта ҳолатда маълум бўлади:

1.Ҳушфеъл ва одобли инсон жаҳли чиққанда билинади.

2.Мард инсон фақат жанг майдонида билинади.

3.Қариндош фақат муҳтожликда билинади.

Тобеиндан бир кишини биттаси юзига мақтаганда ўша тобеиндан бўлган зот “Эй, Аллоҳнинг қули, менинг нимамни мақтайсан? Ёки мени жаҳлим чиққанда босиқ, вазмин турганимни кўрдингми?”, деб сўради. “Йўқ”, деб жавоб берди уни мақтаган одам. “Ёки мени йўлчиликда синаб кўриб, менинг хушфеъл эканимга гувоҳ бўлдингми?”, деб сўради Тобииндан бўлган зот. “Йўқ”, деди яна одам. “Ёки менга бир омонат топшириб, менинг ишончли одам эканимга шоҳид бўлдингми?”, деди тобииндан бўлган киши. “Йўқ”, деди одам. Шунда ўша зот:

– Демак, инсон бу учта вазиятда синалмаган бир кишини мақтамаслиги керак. Ва шу учта феъл эса, жаннатликларнинг феълидир, бу фақат карам соҳибларида бўлади.

1.Сенга ҳақсизлик этганни кечириш.

2.Сенга бермаганга бериш.

3.Сенга ёмонлик қилганга яхшилик қилиш.

“Марҳаматли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”.(Аъроф  199)

Ривоятга кўра, юқоридаги оят нозил бўлганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаброилдан унинг изоҳини сўради. Жаброил эса “Олими мутлоқ бўлган Аллоҳдан сўрайин”, деди. У Аллоҳдан сўраб қайтгач, шундай деб жавоб берди: “Ё, Муҳаммад, Аллоҳ сенга нисбатан вазифаларини бажармаган қариндошларингнинг ҳақларини унутмасликни, сенга бермаганга беришни ва сенга ҳақсизлик этганни кечиришни буюрди”, деди.

Абу Ҳурайрадан – Аллоҳ ундан рози бўлсин – ривоят этилишича, бир одам Абу Бакрни ҳақорат этди. У ерда Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам бор эди. На Абу Бакр, на-да Пайғамбаримиз унга бир гап айтмади. Аммо одам сўзини тугатганда Абу Бакр унга бир нарсалар деди.

Шунда Пайғамбаримиз ўрнидан туриб у ердан узоқлашди. Абу Бакр унинг орқасидан югуриб борди ва “Ё, Расулуллоҳ, одам мени сўкди, мен жим турдим. Аммо мен унга гапиргандим, сен ўрнингдан туриб кетдинг, бунинг сабаби нима?, деб сўради Абу Бакр.

Пайғамбаримиз бу саволга:

– Сен жим турар экан, одамга сенинг номингдан малак жавоб бераётганди. Аммо сен гапира бошлаганингда малак кетди ва шайтон келиб ўтирди. Мен ҳам шайтон келган жойда ўтиргим келмади,- деб жавоб берди.

Шу уч нарса ҳақиқатдир:

1.Ҳар қандай киши фақат Аллоҳ ризоси учун ўзига қарши қилинган ҳақсизликни авф этса, Аллоҳ унинг шарафини орттиради.

2.Ҳар қандай бир киши янада кўпроқ мол-мулк тўпламоқ учун тиланчилик қилса, Аллоҳ унинг молини озайтиради.

3.Ҳар қандай киши Аллоҳ ризосини қозонмоқ учун садақа берса, Аллоҳ унинг молини ортиради.

Ибн Аббосдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

–  Ҳар нарсанинг бир шарафи бор. Мажлисларнинг энг шарафлиси қатнашчиларнинг қиблага қараб ўтирганидир. Бу вазиятда бемалол ўтириб, суҳбат қилишинг мумкин.

–  Ухлаб, таҳоратини бузган кишининг орқасида туриб номоз қилманг.

–  Намоз қилаётган бўлсангиз ҳам чаён ва илонни ўлдиринг.

–  Рухсатсиз бировнинг мактубига қараган кимса, оташга қараган кабидир.

–  Инсонларнинг энг устуни бўлмоқ истаган киши Оллоҳдан қўрқсин”.

Ҳазрати Исо бир кун Исроил ўғилларига хитоб қилиб, шундай деди:  “Эй, Исроил ўғиллари, жоҳилларнинг ёнида ҳикматдан сўз очманг. Акс ҳолда, уларга зулм этган бўласизлар. Ҳикматни унга аҳил бўлган кишилардан яширманг, акс ҳолда, уларга зулм қилган бўласиз.

Золимга зулм билан қаршилик берманг. Акс ҳолда, Роббингиз наздидаги устунлигингиз бекор қилинади.

Эй, Исроил ўғиллари, масалалар учга бўлинади: уларнинг бир қисмининг тўғрилиги очиқ ва аниқдир, буни қабул этингиз. Иккинчи қисмининг эгрилиги аниқ бўлгандир, улардан қочинглар. Учинчи қисмнинг тўғрилиги ва эгрилиги тортишмалидир. Бу масалалар бўйича Аллоҳга ва унинг Расулига мурожаат қилингиз.

Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, дунёдан юз ўгирмак шу тўрт нарса билан амалга оширилади.

1.Аллоҳнинг дунё ва охират билан алоқали ваъдаларга инонмоқ.

2.Инсонларнинг мақтови билан танқидини бир хил кўрмоқ..

3.Ихлос билан амал ишламоқ.

4.Ҳақсизлик этганларни кечирмоқ, қўл остида ишлаганларга жаҳли чиқмаслик, хушфеъл ва сабрли бўлмоқ..

Ривоят этилишига кўра, бир одам Абу Дардога “Менга бир нечта ўгит бер-ки Аллоҳ ҳузурида менга фойда берсин”, деди.

Абу Дардо шундай деди: “Сенга шундай ўгитлар берай-ки, уларга амал қилган киши Аллоҳ қатида юксак даражалар билан мукофотлантирилади: Ҳалол бўлмаган битта ҳам луқма емагин. Аллоҳдан фақат кунлик ризқ иста. Ўзингни ёмон бил. Номусингни Аллоҳга ҳавола эт. Биттаси сени сўкса ва ёки қўпол гапирса, “номусимни Аллоҳга ҳавола этдим”, дегин. Ёмонлик қилсанг, дарҳол Аллоҳдан авф тила”.

Ривоят этилишига кўра, Уҳуд жангги пайтида Пайғамбаримизнинг тиши синди. Бундан таъсирланган саҳобийлар “Ё Расулуллоҳ, сени бу ҳолга солганларга баддуо этсанг-чи!”, дейишди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деб жавоб берди:

“Мен лаънат ёғдирувчи қилиб эмас, дуо этувчи ва раҳмат ўлароқ юборилдим. Аллоҳим, шу қавмимни тўғри йўлга йўналтир. Чунки улар билмайдилар (Бухорий).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна шундай дейди: “Ким мусулмонларнинг номус ва шарафига тил узатишдан ўзини сақласа, қиёмат куни Аллоҳ унинг ҳатоларини кечиради. Ким жаҳлини енгса, қиёмат куни Аллоҳ уни ғазабидан муоф (ташқарида) тутади”.

Мужоҳиднинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни кимнинг кучлироқ эканини аниқлаш учун тош кўтариб, мусобақа қилаётган бир гуруҳнинг ёнидан ўтиб бораётиб, улардан:

–  Бу недир?,- деб сўради.

–  Кучлиларни аниқлаш мусобақаси,- дейишди одамлар

– Сизга бу мусобақада биринчи бўлгандан ҳам кучлироқ ким эканлигини айтайми?,- деб сўради Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

–  Айт ё расулуллоҳ,- дейишди.

– Мусулмон биродари билан орасида хафагарчилик бўлса ҳам, ўз шайтони ва қарши тараф шайтонини енгиб, биродарининг ёнига бориб, у билан гаплашган инсондир,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Яҳё бин Муознинг айтишига кўра, зулм кўрган кимса зулм қилганга баддуо этса, Пайғамбаримизни бошқа пайғамбарлар орасида ҳижолат қилган, ва шайтонни ва кофирларни севинтирган бўлади. Ўзига ҳақсизлик қилган кишини кечирган одам эса, шайтонни, кофирларни ҳафа қилган ва Пайғамбаримизни бошқа пайғамбарлар орасида севинтирган бўлади.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Қиёмат куни “мукофотлари Аллоҳга ҳавола этилганлар қаерда?”, деган бир овоз эшитилади. Бу даъватни эшитиб, ўзларига ҳақсизлик этганларни авф этганлар оёққа қалқиб, тўғридан-тўғри жаннатга қараб юрадилар”.

Аҳмад бин Қайс “инсонлик надир?”, деган саволга шундай жавоб берган экан: “Ҳокимиятда экан камтар бўлмоқ, кучли экан, кечирмоқ. Миннат қилмасдан яхшилик қилмоқдир”.

Атийядан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Мўминлар, етакласа етаклаганнинг орқасидан кетган, бир тош устида ҳам чўкиш буюрилса, чўкадиган ювош ва юмшоқ табиатли туя каби бўладилар”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси