Ким у – бизнинг қаҳрамонимиз!?

Ким у – бизнинг қаҳрамонимиз!?
121 views
24 October 2017 - 22:07

КИМ У – БИЗНИНГ ҚАҲРАМОНИМИЗ!?
(Интернет-лайк мунозаралари ғалатилиги ҳақида)

Узоқ йиллик касбим, “Бир қатор ёзувсиз кун йўқ!” – деган оғриқли фикр билан оқ вараққа садоқат туфайли, лайк тўпловчи интернет тортишувларига ишонишга ўрганмаганман. Барибир, асрлар оша етиб келган, қадимий бўлса ҳам матнларга, қўл ёзмаларга кўпроқ ишонаман. Масалан, буюк соҳибқирон ўз қиличи кучи билан кўндирган Боязид ва Амир Темур тортишуви, ёки ўтган 19 асрнинг Гогол ва Белинский баҳс-мунозараси.

Агарда сўз, кекса онаси президент Ш.М.Мирзиёевга мурожаат қилиб, остонасида кўз ёш тўкаётган зиндонга тешланган Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаров ҳақида бўлмаганда эди, интернетдаги Даниил Кислов ва Муҳаммад Солиҳ ўртасидаги мунозарани четлаб ўтган бўлардим. Айникса, зиндоннинг бу янги маҳбуси иши ўша, давлат манфаатларидан кўра инсоният шахсининг эркинлиги ва устунлиги ҳақида юқори минбарлардан туриб айтилган президент баёнотларининг самимийлигини, аниқлайдиган лакмус қоғози бўлмаганида!

Даниил Кислов ўзининг “Фарғона.ру” сайтида, шу йилнинг айнан 18 октябри, Тошкентда “Марказий Осиёда очиқ журналистика” – ЕХҲТ мажлиси очилиш кунида яна бир бор публицист-таҳлилчи Абдуллаев томонидан ёзилган барча мақолаларнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилганини шубҳа остига олди.

Бу билан мажлис қатнашчилари бошини айлантириб, беихтиёр “зиндончи”ларга ёрдам бериб юборди.

Гўёки, Абдуллаев – “Фарғона”нинг эски муаллифларидан бўлиб, “мулоҳазали, босиқ” тондаги мақолалар ёзганмиш.

Шахсан, Кисловнинг психолингвистик тадқиқоти шуни кўрсатган.

Ҳақназаров номи остида ёзадиган кимса эса ўз фикрини “жиззакилик ва қўпол” ифода қилар, бу эса “босиқ ва интеллигент” Абдуллаевга мутлақо ёт эмиш.

Замонавий, техник ривожланган зиндончилар арсеналида шундай психолингвистик хийлалари борки, улар нафақат овоз оҳангидан, балки ёзилган илк сўзларданоқ матнни расшифровка қилиб, унинг муаллифини аниқлаш қобилиятига эгаликлари Кисловга маълумми йўқми, билмайман.

Бобомуроднинг-Усмоннинг сўз маҳорати шунда эди. У ўз мақолалари оҳанг ва услубини ўзгартираолар ва “Фарғона” учун спорт ҳақида босиқ ва бироз фарқли услубда ёзар эди. Усмон Ҳақназаровга айланганида эса ўз таҳлилини, ўзини ҳимоя қилиш учун эҳтиросли, ватанида бўлаётган ўзбошимчаликлардан ғазабланиб ёзарди. Аммо, афсуски, у ўзини хавфдан ҳимоя қилаолмади!

Публицистика тарихида бундай мисоллар жуда кўп, битта муаллиф, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўйлаб топилган исм остида яшириниб, конспирация мақсадида одатий ёзув услубини ўзгартиришга мажбур бўлади. Адабиётда бунга мисол бор: бир муаллифнинг буюк санъат асари услубига мослашиб олиши, бу адабий аллюзия дейилади. Масалан, бир немис ёзувчиси Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ” романининг давомини ёзган, адабиётшунослар эса буни узоқ вақт давомида Томас Манн қўл ёзмасининг йўқолган қисми деб ҳисоблашган.

Кисловнинг Абдуллаев-Ҳақназаров муаллифлигига бўлган ишончсизлиги асосан унинг Муҳаммад Солиҳ шахсига бўлган ишончсизлиги билан боғлиқ. Гўёки, бу ишда ўз манфаатлари, парда орти келишувлар, нозик ҳисоб-китоблари бўлган сиёсатчига ишониб бўладими, дегандек.

Бундан ташқари, Кислов Солиҳнинг Абдуллаев-Ҳақназаров муаллифлигини нега эълон қилганлигини тушунмаслигини айтиб, бу билан беихтиёр зиндончиларнинг тегирмонига сув қуйгандек бўлган.

Менимча эса, Солиҳ публицист исмини, Абдуллаев-Ҳақназаров бир неча кун зиндонда қолиб кетгандан кейин очиқлади. Яна шу муҳими-ки – оддий спорт журналисти, бир “Фарғонару” вебсайти муаллифини ҳибсга олинса, уни химоя қилиб, нари борса, спорт журналистлари ассоцияцияси чиққан бўларди.

Аммо бугунги Ўзбекистон яраларини мардона очиб ташлаган публицист озодликдан маҳрум қилинса бу умуман бошқа иш! Кўплаб нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Россия Пен-клуби ташкилоти баёнотларининг резонанси мана шу хусусият натижасида пайдо бўлди!

Такрорлайман – Абдуллаев-Ҳақназаров иши, унинг тақдири – юзлаб, минглаб инсонларнинг тинчланиши ва хурсандчилигига сабаб бўлиб, она кўз ёшларини тўхтатадими ёки йўқми – бу ишнинг натижаси Ўзбекистон ҳукуматининг асл ниятини аниқлайди.

Биз эса, ҳали ҳам уларнинг самимийликларига ишонишда давом этмоқдамиз…

Темур Пўлатов

facebook.com

Русчадан ЎХҲ таҳририяти таржимаси