Жиннат сувидан ичган оломон ҳақда

Жиннат сувидан ичган оломон ҳақда
20 views
25 October 2017 - 11:23

Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар)ни МХХ ҳибсга олиб, ўзбек жамоатчилиги ижтимоий саросима кечираётган илк кунларда бир укамиз менга файсбукдан шундай мазмунда хат йўллади: “Ассалому алaйкум ака! “Алвидо капалаклар” деган мақолангиз менга дўстларни танлашда ёрдам берди. Бобомуродни (Ҳақназаров эканлигини) очиқлаганингиз эса, душманни аниқлашда қўл келди. Мен танланган дўстларга таклиф юбордим. Душманларни эса блоклаб ташладим!”

Чиндан ҳам, ижтимоий саҳнада дафъатан пайдо бўлган воқеалар жамиятни дарров иккига ва ёки учга бўлиб ташлайди.

Инсонлар маънавий, сиёсий ва иймоний жиҳатдан дарҳол синфларга ажралaди. Қўпол қилиб айтганда, уларнинг сараги-саракка, пучаги-пучакка чиқади.

Узоқ йиллар давомида инсонлар наздида оддий спорт таҳлилчиси бўлиб юрган бир киши кутилмаганда тоталитар тузумга якка ўзи курашган бир афсонавий шaxс ўлароқ қаршимизда пайдо бўлса, бу кўпларни довдиратиб қўяди. “Бобомурод Абдулла воқеаси” айнан шундай зуҳур этди.

Бу воқеанинг ҳам – бошқа катта воқеалар каби – теварагида пайдо бўлган миш-миш, таxмин ва ғийбат оқинтилари ўша юқорида эслатганимиз синфларга ажралган қатламлардан кела бошлади.

Ҳеч нарсани англамаган бўлса ҳам, ғайрат билан воқеа “таҳлили”га шўнғиган баъзилар Бобомурод Абдулланинг ҳаёти учун эмас, унинг баҳонасидa , ўз душманларига ҳужумни бошлаб юборишди. Бу шайтанат аҳлининг кўпчилиги Бобомурод исмини илк эшитиб турган бўлса-да,”Бобомуродни сотдилар!”, дея фарёд чека бошладилар.

Иккинчи гуруҳ, истибдод даврининг бутун зиллатини яшаган инсонлар ўз сафидан яна бир қурбон бериб, қайғуга ботган ҳолда, қийноққа солинаётган фикрдош биродарини қутқариш учун бир нарсалар қилишга ҳаракат эта бошладилар.

Бу гуруҳларнинг ҳар бирида диндорлар ҳам бор, дунёвийлар ҳам бор, улар эътиқод жиҳатидан эмас,ахлоқий жиҳатидан бир-бирига тўғри келганлари учун бир гуруҳда тўпланганлар.

Диндор ҳам, атеист ҳам бир позицияда туриб ҳаракат қилиши мумкинлигини “Бобомурод воқеаси” яққол кўрсатди. “Бобомуроднинг Ҳақназаров эканини айтиб, уни сотдилар”, дея ҳайқираётганлар бунинг ёрқин мисолидир.

Қизиғи шундаки, бу кимсаларнинг баъзилари ўзларини ҳукуматга мухолиф билиб, гуё “ҳижрат” қилган чаламуллалардир.

Баъзилари сиёсий мухолифман деб сиёсий бошпана олган “дунёвий арбоб”лардир.

Яъни “атеист” ва “диндор” аҳлоқсизлик позициясида бирлашиб, “умум душман”га қарши жуда ҳамжиҳат курашмоқда.

Улар мустабид Каримов даврида нақадар аҳлоқсиз бўлган бўлсалар, бугун Мирзиёев даврида ҳам айни савияда аҳлоқсиздирлар.

Ҳа, Раҳбар ўзгарди, аммо булар ўзгаргани йўқ.

Бугунгача халқни назоратда тутиш, уни исталган тарафга йўналтиришда каримов режимининг энг эффектив қуроли Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) деб талқин қилиб келди кўпчилик, аммо бу тасбит қисман тўғри эди. Агар юқорида тасвирланган шайтанат аҳли МХХ га ёрдам бермаганида эди, МХХ бу қадар кучли бўлаолмасди.

Агар сиёсий онги паст, моддий ва маънавий жиҳатдан фақир бўлган бу ижтимоий қатлам ўрнига, шуурли, сиёсий маданият соҳиби бир жамият бўлсайди, МХХ хатто давлат террори билан ҳам халқнинг иродасини синдираолмасди.

Биз Каримов режимининг 27 йиллик зулумотида энг катта йўқотишни маънавиятимизда бердик. Кўпчилик маънавиятнинг бу абгор аҳволига сабаб ўлароқ асосан моддий факирликни кўрсатадилар.Бу ҳам бир ёқлама талқин.

Совет даврининг 30 йиллардаги қаҳатчилик ва очлик йилларини эсланг.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин бошланган қаҳатчилик даврини хотирланг. Ўша даврларда ҳам жамият бугунгидай маънавий йўқсиллашмаган эди.

Аёллар орасида беҳаёлик ва фоҳишаликнинг кенг ёйилишини, қариндош уруғ орасидаги меҳр-оқибатнинг озайишини, дўстлик ва шафқат ҳиссининг ўтмаслашганини ва ҳакозо инсонни инсон қилган фазилатларнинг кун сайин йўқолиб бораётганини фақат моддий йўқсиллик билан изоҳлаш бирёқлама изоҳлаш бўларди.

Ҳатто бунга узоқ йиллар давомида ҳукм сураётган давлат террори ва истибдод ҳам ягона сабаб бўлаолмайди.
25 йилдир, нафас олаётганимиз ҳавода бир АБСУРД (ўзбекчасини тополмадим, узр), бир маънисизлик, мантиқсизлик бор.

Одамлар xудди охир замонда тилсимли дарёдан сув ичган сархуш оломон каби нигоҳлари туманли, дуч келганга ҳужум қилиш ҳирси билан яшаяпти.

Ҳужумга учрашингиз учун сиз бировга ҳужум қилган бўлишингиз шарт эмас, йўлда ҳар қандай биттасига дуч келишингиз кифоя, шу заҳоти сизга ташланадилар, сизни парча-парча қиладилар ва яна йўлида давом этадилар!

Яна xудди сизга ухшаган яна биттасини учратгунча тишларини ғижирлатиб йўлида давом этади бу сархуш оломон.

Оломонни тўхтатиб, “у одамни нега ўлдирдингизлар?”, деб сўралса, жавоб бераолмайди, илжаяди, “ҳамма унга ташланди, биз ҳам ташландик”, дейди оломон илжайиб.

“Хўп, бу одамни танирмидингизлар?”, дейилса. “Қаердан таниймиз, аҳмоқмисан?, дейди оломон.

Сиз ҳам ўзингиздан шубҳалана бошлайсиз, ўзингизга “мен ҳақиқатан ҳам аҳмоқман шекилли”, дейсиз ва оломондан узоқлашасиз.

Сиз оломонга аҳмоқ бўлиб кўринмаслик учун ўша тилсимли дарёдан ичишингиз керак.

Сизга АБСУРД – ҳикмат бўлиб кўриниши учун, жиноят – ҳидоят бўлиб кўриниши учун ўша тилсимли сувдан ичишингиз шарт.

Сиз у тилсимли дарёдан ичмагунча ёки ёлғизликка, ёки оломон тарафидан тилка-пора қилинишга маҳкум бўлиб қолаверасиз!

Назаримда, фақат Ўзбекистон эмас, бутун дунё аҳли секин-аста шу икки тоифага ажралаяпти: тилсимли дарёдан сув ичган тоифа ва ичмаган тоифа.

Даҳшат ичида шуни кўриш мумкинки, тилсимли сувдан ичган тараф ичмаган тарафдан кўпроқ ва кучлироқ!

Бугунги технология инсонларнинг шу икки тоифага ажралиш жараёнини янада тезлаштирди.

Айниқса, интернет.

Бу ўргимчак тўри қопламаган бирор макон йўқ дунёда. Интернет дунёда бир ШАЙТОНИЙ ТЕНГЛИК содир этди! Қўрқинчли бир Тенглик!

Интернетга кириб, Дахо билан Аҳмоқ бемалол “бахс”лашадиган бўлди.

Аҳмоқ ҳикмат соҳибига ақл ўргатадиган ва “ақл”ини олмаса, унга танбеҳ берадиган, танбеҳини тингламаса, уни энг ифлос сўзлар билан ҳақорат қиладиган бўлди.

Бу янги ҳолат мўминларга нақадар буюк имтиҳон эканлигини бутун вужудимиз билан ҳис қилиб турибмиз.

Гуё, Дажжол диний китобларда тасвирланган классик қиёфасида эмас, балки шу ушлаб бўлмас интернет саҳифаларида бош кўрсатаётган бир Глобал Маҳлуқ сифатида зоҳир бўлмоқда.

Бу Охир Замон белгиларини бошқа жойдан ахтараётган биродарларимизга бир эслатма холос.

Раббимиз бизнинг авлодни бир тарихий бурилиш даврида яратди ва – вояга етар етмас сиёсий пўртиналар қучоғига отди.

Қалбимизга ватан ишқини солди ва унинг озодлиги учун, қўлимизда ҳеч нарса бўлмаса ҳам, курашишга азм берди…

Ва бизни узун бир муддатга имтиҳон майдонига ҳайдади!

Xудди Мусо алайҳиссаломнинг кавмига келган 40 йиллик ибтилоси бизнинг қавмга ҳам юборилдими, дея туйларимиз хурпаяди бу 27 йиллик зулм сахросига қараб!

Биласиз, Мусо(а.с)нинг қавми Фиравндан қутилиб, қутлуғ тупроқларга кириш учун ўз жонини тикишдан қўрқди.

Оллоҳу Таоло бу қўрқоқлиги учун уларни роппа-роса 40 йил сахрода дарбадар кезишга маҳкум этгди. Бу 40 йилда янги бир авлод етишиб чиқиб, фақат уларгина Оллоҳ амр этган тупроқларга кириш жасоратини кўрсатди.

Наҳотки, биз ҳам янги авлод келиб бизни ватан тупроқларига киритишини кутиб ўтиришга маҳкум бўлсак?

Бу фикрни ҳазм қилиш 27 йилдир Ўзбекистондан узоқда сарсон кезаётган авлод учун жуда қийин!

Бу можорода хавфли бўлган тараф ватан тупроқларини ҳали ҳам эгаллаб ўтирган куфр сарқитлари эмас, балки имтиҳон сахросида дарбадар кезаётган қавм ичидаги иймони заиф, йўлбошчиси бир он узоқлашса, дарҳол Оллоҳни унутиб, олтиндан бузоқ ясаб олиб, унга топина бошлайдиган гуруҳ – кофир ҳукмдордан хавфлироқ душмандир.

Бу гуруҳ ҳам ўзларини мазлум деб билади, аммо мазлумларнинг тагига сув қуйиб, куфрнинг рамзи бўлган олтин бузоқ ясаб, унга мадҳиялар ўқийди ва топинади.

Бизнинг мисолимизда бу гуруҳ Оврупо ва Шимолий Американинг турли минтақаларида сочилиб кетганига қарамай, қабих ишларини ажабланарли бир шаклда ҳамжиҳатлик (синхрон) билан адо этишаяпти.

Бу ҳолат бир Турк шоирининг “Агар тўғри инсонлар ҳам аблахлар каби ғайратли бўлишса эди, дунё бошқача бўларди”, деган важиз иборасини эсга солади.

Ўша эслатганимиз “тилсимли дарё”дан сув ичган сархуш оломон “жаннатни гарантия қилдим”, деб нафсига қул бўлган жоҳил “динчи”лар ва ўзларини “дунёвий” деб атаб, динимизга ҳужум қилаётган калтабинлар қоришмасидир.

Улар ташқаридан караганда эътиқод нуқтаи назаридан бир-бирига зид, аммо амал тарафидан айни истиқоматда ҳаракат қилаётганларнинг оломонидир.

Бу оломон халкимизнинг бошига тушаётган бутун кулфатларни озиқлантириб турадиган бир куч (энергия) манбаидир.Бу оломон халқ номидан гапиришга мойил, керак бўлса, ўзини халқ ўрнига қўйишдан ҳам чекинмайдиган андишасиз бир маҳлукотдир.

Хуллас,Ўзбекистонда раҳбар ўзгарди, бу оломон ўзгармади.
Ўзбекистонда раҳбар ўзгарди, жамият ўзгармади.
Ўзбекистонда раҳбар ўзгарди, режим ўзгармади.
Ўзбекистонда раҳбар ўзгарди, аммо биз ўзгармадик.

Аллоху Таоло ўзининг Китобидаги “РАД” сурасининг 11-оятида “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”. дея буюради,

Эски ҳақиқатга яна бир бор қайтамиз: раҳбарни ўзгартириш етмас экан, ишни ўзимиздан бошлашимиз керак!

Муҳамамд Солиҳ