HRW: Ўзгаришлар систематик, ислоҳотлар чуқур бўлсин

HRW: Ўзгаришлар систематик, ислоҳотлар чуқур бўлсин
32 views
26 October 2017 - 9:42

Ню-Йоркда асосланган “Human Rights Watch” (HRW) таҳлилича, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев шу кунгача инсон ҳуқуқлари бобида қатор ижобий қадамлар ташлади. Энди, дея ундамоқда ташкилот, бу ўзгаришларни систематик ислоҳотларга ва давомий жараёнларга айлантириш керак.

Ётти йил олдин мамлакатни босим остида тарк этган HRW бу ёз Ўзбекистонга таклиф қилинди. Икки етакчи мутахассис республикада бир неча кун ўтказиб, ҳукумат идоралари, парламент аъзолари, ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, собиқ сиёсий маҳбуслар билан кўришди.

HRW 18 йил панжара ортида ўтирган журналист Муҳаммад Бекжон ҳақида видео ҳам тақдим этди. Бекжон 2017 йилнинг февралида эркинликка чиққан эди.

“Ижобий ўзгаришлар давом этади, деган гапларни эшитаяпмиз. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари эъзозланиши, фуқароларнинг эркинликлар топталмаслиги учун замин яратиш томон қадам ташлайверади, деган умиддамиз”, – дейди Стив Свердлов, HRWнинг Марказий Осиё бўйича бош эксперти ва айнан Ўзбекистондаги шароитни ўрганиб келадиган мутахассис.

Унинг қайд этишича, реал ўзгаришлар тизимни янгилашни талаб қилади. Бу қийин, дея тан олади у, лекин сиёсий ирода етарли бўлса, давлат олдинга силжийверади.

Мирзиёев маъмурияти, дея чақирмоқда HRW, халқаро мажбуриятларга риоя қилишни янги даврдаги асосий сиёсий йўналиш сифатида белгилаши керак. Давлатни танқид қилиш жиноят эмас, дея тан олиши лозим.

Ҳуқуқ фаоллари бўладими, журналист, санъаткор ёки тақводор, уларнинг танқидий фикр-қарашлари таҳдид эмас, демократик ва ошкора жамият қуриш сари йўл сифатида қабул қилиниши лозим, дея таъкидлайди HRW.

Ташкилот Ўзбекистонда расмийлар, фуқаро жамияти аъзолари, собиқ маҳбуслар ва уларнинг яқинлари ҳамда оддий фуқаролар билан мулоқот қилиб, шундай хулоса қилмоқдаки, янги раҳбар келиши билан эркинлик шабадаси эса бошлаган.

Қора рўйхатдаги одамлар чиқарилди. 15 га яқин сиёсий маҳбус озод этилди. Матбуот ва сўз эркинлиги учун озгина бўлса ҳам замин яратилди. Пахта теримига ўқитувчи, ўқувчи, талаба ва тиббий ходимларни жалб этиш ман қилинди.

Бироқ Ўзбекистонда тузум ҳали ҳам кўп жиҳатдан авторитар. Қийноқлар, сиёсий сабабларга кўра қамаш ва мажбурий меҳнат сингари муаммолар ҳал этилиши керак.

Систематик ўзгаришлар йўлида HRW, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, ўз тавсияларини бермоқда.

Аввало Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг жазо муддатини атайлаб узайтиришга барҳам берилсин. Матбуот эркинлиги учун йўл кенгроқ очилсин. Нозик сиёсий масалаларни кўтариб чиқадиган ноҳукумат ташкилотлар қонунан фаолият юрита олсин. Фуқаролар четга чиқиши учун алоҳида рухсатнома олиш талаби дарҳол бекор қилинсин.

HRW минглаб инсонлар танқидий қарашлари учун қамоқда ўтирганини эслатиб, улардан айримларининг исм-шарифларини келтиради:

Ҳуқуқ фаоллари: Меҳриниссо Ҳамдамова, Зулҳумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов ва Фахриддин Тиллаев.

Журналистлар: Бобомурод Абдуллаев, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов, ва Дилмурод Саидов.

Тақводорлар: Арамаис Авакян, Руҳиддин Фахриддинов, Собир Ҳамидкариев, Нодирбек Юсупов, Дилором Абдуқодирова ва Равшан Қосимов.

Мухолифатчи: Қудратбек Расулов.

Манба: Америка Овози