“Кўзи ухлоқ кўнгли уйғоқдир…”

“Кўзи ухлоқ кўнгли уйғоқдир…”
49 views
28 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 219
(давоми)

ҚИРҚ УЧИНЧИ МЎЖИЗА

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Бир жойга борурмиз, юргил, — деб қўлимдан тутдилар.

Шу юрганимизча шаҳар ташқарисига чиқдик. Сўнгра мени бир ерга ўлтурғизиб атрофимга хат чиздилар ва:

— Бу хат ичидан зинҳор ташқари чиқмагин, сенинг олдинга турли суратда кишилар келгайлар. Аларга сен гапирмагин ва келгунимча шу даражадан чиқмай ўлтиргил, — дедилар.

Расулуллоҳ кетдилар эрса, айтганларидек, ҳар ёқдан турли хил кишилар келгани туришди. Ҳечбири чизиққа яқинлашмасдан Расулуллоҳ турган жойга боришур эди. Шундоғ бўлибкечанинг охирида Расулуллоҳ у жойдан қайтиб келдилар эрса, тиззамга бош қўйиб, кўзлариуйқуга кетди. Қарасам, оқ либос кийган бир қанча одамлар осмондан тушгали турдилар.

Буларнинг ҳусни-жамолларидан, кийган либосларидан кўз қамашур, ақллар лол бўлур эди. Буларнинг қайсилари Расулуллоҳнинг бош-оёқларига, қайси бирлари эрса оёқ томонларига келишиб ўлтирар эдилар. Сўнгра, ўзаро сўзлаб туриб:

— Бу кишига Худо тарафидан берилган неъмат, ҳеч бир одамга берилмагандур. Мундоғ улуғ даражалик инсон ҳеч қачон кўрилмаган. Уни қаранглар-чи, кўзи ухлоқ кўнгли уйғоқдир. Бунинг мисоли шулдурким, бир подшо энг чиройли бир сарой солмишдир. Унинг ичини ясаб, ҳар турлик неъматлар билан тўлдирмишдур. Сўнгра у подшо элчилар, жарчилар юбориб ёрлиқ қилмишким, ҳеч ким қолмай менинг саройимга кириб улар учун тайёрланган чексиз неъматларимдан хоҳлаганларича есинлар, мен улардан рози бўлурман. Агар жарчилар сўзларига қулоқ солмай меним саройимга келмасалар, уларга қаҳр қилурман, демишдур. Мана бу подшо Аллоҳдур. Ясалмиш нозу-неъматга тўлмиш сарой эрса Аллоҳнинг жаннатидур, халқни чақирмоқ учун юборган элчиси Муҳаммаддур. Ким Муҳаммаднинг сўзига кириб, унинг чақириғини қабул қилмас экан. Тангрининг қаҳрига қолиб абадий азобга йўлиққай, — дедилар.

Сўнгра улар яна кўкка кўтарилиб кўздан ғойиб бўлдилар. Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан уйғониб:

— Эй Ибн Масъуд, булар сўзларини англадингми? Уларнинг кимлар эканини билдингми? Булар эрса Аллоҳдан келган фаришталардурлар, — дедилар».

(давоми бор)