RSF: Қамалган журналист тақдири Мирзиёев ҳукумати учун имтиҳондир

RSF: Қамалган журналист тақдири Мирзиёев ҳукумати учун имтиҳондир
47 views
28 October 2017 - 13:00

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти (RSF – Reporters sans frontiers) Ўзбекистон ҳукуматидан бир ой аввал конституциявий тузумни ағдариш айблови билан ҳисбга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирган. Абдуллаев бир ойдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида ҳибсда қолмоқда ва у бу давр ичида яқинлари ва адвокатига кўрсатилмади. Абдуллаев 10 йилдан 20 йилгача муддатларга қамалиши мумкин.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти 27 октябр куни эълон қилган баёнотида Бобомурод Абдуллаевнинг тақдири Ўзбекистоннинг аввалги қаттол раҳбари Ислом Каримовникидан кескин фарқ қилувчи сиёсат йўлини тутган Шавкат Мирзиёевнинг янги ҳукумати учун бир имтиҳон бўлиши айтилади.

“Сабаби Бобомурод Абдуллаев Мирзиёев президентлиги даврида қамалган илк журналистдир”, – дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баёнотида.

Ташкилот Бобомурод Абдуллаев қийноқларга солинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

“Ўзбекистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга ва унинг хавфсизлиги ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқларини кафолатлашга чақирамиз”, – деди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Йоҳан Биҳр.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев “Фарғона ру” нашри мухбири бўлган ва спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган журналистдир.

У 27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устхонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича йўқолиб қолган.

Орадан бир кун ўтиб, унинг Тошкентдаги “Гвардейский” номи билан билинган Миллий Хавфсизлик хизматининг изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан “Усмон Ҳақназар”имзоси остида “амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи” мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда “инқилоб қилиш”га уринишда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг оиласига ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиши лозим бўлган адвокатига у билан учрашишига руҳсат берилмади.

Бундан аввал Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқаро Пен клуб, Human Rights Watch ташкилотлари ҳам Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққанди.

Amnesty International журналист ҳаёти хавф остида деган баёнот эълон қилган.

Бобомурод Абдуллаев Тошкентда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида ўтказилган “Марказий Осиёда очиқ журналистика” халқаро конференцияси арафасида ҳибсга олинди.

Чегарабилмас мухбирлар ташкилоти “Президент Мирзиёев ислоҳотлари пайдо қилган умидлар силсиласида Бобомурод Абдуллаевнинг кейинги тақдири имтихон бўлади”, дея билдирди.

ЎХҲ хабарлар бўлими