Эҳтирос. Узун амал

Эҳтирос. Узун амал
34 views
30 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(39)
(давоми)

ЭҲТИРОС. УЗУН АМАЛ

Абу Жоъднинг билдиришига кўра, Абу Дардо (ундан Аллоҳ рози бўлсин) бир куни жамоатга шундай хитоб қилди:

“Сизга нима бўлди ўзи? Орангиздан олимлар кўчиб кетишди (вафот этишди), аммо жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса ўрганмадилар.

Аллоҳнинг кафил бўлгани нарсаларнинг орқасидан хирс билан чопиб, ўзингизга топширилган вазифаларни бажаришга киришмайсизлар.

Бир отбоқар от сурувидаги хаста отларни қандай таниса, мен ҳам сизларнинг ичингиздаги ёмонларни шундай ажрата оламан. Сизларнинг ёмонларингиз – закотни истамай берганлар, намозга “тезроқ қочсак” деган ният билан келганлар, Қуръонни  амрларига бўйсунишни унутиб – бепарволик билан тинглаганлар ва озод этилган қулларини қўйиб юбормаган мухтарислар (ҳирслилар)дир”.

Ҳирс – бириси танқид қилинган, иккинчиси қилинмаган – икки қисмга ажралади.

Ҳирснинг танқид қилинган қисми – Аллоҳнинг амрларини бажаришга тўсиқ бўлган, бой бўлиб, мақтаниш учун мол-мулк тўплаш ҳирсидир.

Танқид қилинмаган, аммо тарк этилса яхши деб топилган ҳирс – бу мол-мулк учун Аллоҳнинг амрларини топташдан чекинган, кибрланиш мақсади бўлмаган ҳирсдир.

Ҳирснинг бу иккинчи қисми ўзларида зоҳир бўлган саҳобийлар мол бириктирганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом буни тақиқламаган эди.

Лекин ҳирснинг бу туридан ҳам қутулишнинг яхши бўлажаги саҳобий Абу Дардо Ҳазратларининг юқорида келтирилган сўзларидан кўриниб турибди.

Бир куни Ҳазрати Ҳафса отаси Ҳазрати Умарга: “Аллоҳ сенга мўл хайир, кенг ризқ берди, кўпроқ еб, устингдагидан чиройлироқ бир либос кийсанг бўлмайдими?”, деди.

Ҳазрати Умар қизига:

– Сенга берадиганим жавобни баҳоламоқ учун сени ҳакам тутаман,- деди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонида Пайғамбарнинг ва ўзининг қандай яшаганини тафсилотли бир шаклда ҳикоя қилиб берди.

Бу ҳикояни эшитиб, Ҳазрати Ҳафса йиғлай бошлади.

Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деди:

– Менинг икки дўстим бор эди, улар муайян бир йўлни танладилар. Агар мен улар юрган йўлдан юрмасам, бошқа бир йўлга чиққан бўламан. Валлоҳи, мен уларнинг машаққатли ҳаёт тарзларига уйғун яшамоқчиман, ки уларнинг эришажаги саодатга эришайин!”

Масруқ бир марта Ҳазрати Оишага “Эй, волидамиз, Расулуллоҳ уйда экан, энг кўп қайси сўзни сўйларди?”, деб сўради.

Ҳазрати Оиша “Уйда экан, унинг энг кўп айтадиган гапи шу эди: “Инсон боласининг икки водий тўла олтини бўлса, учинчисини истайди. Инсон боласининг қорнини фақат тупроқ тўйдиради. Аллоҳ тавба этганнинг тавбасини қабул этади. Аллоҳ бу молни инсонларга намоз қилсинлар, рўза тутсинлар, деб бергандир. (Бухорий)

Анас бин Моликнинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Инсон боласининг ҳар нарсаси қарийди, аммо орзуси ва эҳтироси ҳеч қаримайди”.

Ривоятга кўра, Ҳазрати Али (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Сиз учун энг қўрққаним икки нарса – эҳтирос билан нафс орзуларига бўйсунишингиздир. Чунки эҳтиросларга берилмоқ охиратни унуттиради. Нафсга бўйсунмоқ ҳам тўғри йўлдан чиқаради”.

Бир куни Абу Дардо Хамусда жамоатга қараб, шундай хитоб қилди:

– Ичида ўтираолмайдиган уйлар бино қилишдан, амалга ошираолмайдиганингиз эҳтиросларга тутқун бўлишдан, еяолмайдиганингиз қадар бойлик тўплашдан уялмайсизларми?

Сиздан аввал келиб кетганлар ҳам жуда мустаҳкам уйлар тиклагандилар, кўп мол-мулк тўплагандилар, аммо уларнинг уйлари мозористон, тўплаган моллари чанг-тўзон бўлди”.

Ривоят этилишига кўра, Ҳазрати Али бир куни Ҳазрати Умарга (ҳар иккаласидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) шундай деди:

– Дўстинг (Пайғамбаримиз) билан учрашмоқчи бўлсанг, кўйлагинг ва чориғинг ямоқли бўлсин, эҳтироссиз бўл ва ҳеч қачон тўйиб емагин!

Абу Усмон Наҳди (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Ҳазрати Умарнинг кўйлагида ўн иккита ямоқ кўрдим”.

Ривоят этилишига кўра, бир марта Ҳазрати Али дағал газмолдан тикилган бир кўйлакда бозорга чиқди ва уни кўрганлар: “Ё, амирул мўминин, бошқа гўзалроқ бир кўйлагинг йўқмиди?, деб сўрашди.

– Бунақаси қалбнинг ҳоли билан уйғунроқдир. Бу қиёфат солиҳларнинг кўринишига яқиндир, мусулмонларга ўрнак бўлиш учун қулайроқдир,- деб жавоб берди Ҳазрати Али.

Аҳли ҳикматдан бир зотга кўра, энг бошда келадиган гуноҳлар ҳасад, эҳтирос ва кибрдир. Кибрлиликнинг илк ўрнаги шайтондир. У одамга сажда қилмасдан, Аллоҳнинг лаънатига учради.

Эҳтироснинг илк ўрнаги Ҳазрати Одамда кўринди. У Аллоҳ тарафидан таъқиқланган мевани еб, эҳтиросга енгилди.

Ҳасаднинг илк ўрнаги Ҳазрати Одамнинг ўғли Қобилдир. У биродари Ҳобилга ҳасад қилиб, уни ўлдирди ва жаҳаннамликлардан бўлди.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Одам алайҳиссалом ўғли ҳазрати Шисга шу беш нарсани васият этган:

1.Фарзандларингга дунёга боғланмасликларини ўгит бер. Чунки мен фоний бўлмаган жаннатга боғланганим ҳолда, Аллоҳ бунга ҳам рози бўлмади, мени у ердан чиқарди.

2.Фарзандларинг ўз хотинларининг орзу-ҳавасларига бўйсунмасин. Чунки мен хотинимнинг орзусига қулоқ солиб, таъқиқланган мевани едим ва пушаймон бўлдим.

3.Фарзандларингга қилаётган ҳар бир ишининг оқибатини ўйлашларини тайинла. Чунки мен қилганим ишнинг оқибатини ўйласайдим, бошимга бу фалокатлар тушмасди.

4.Виждонингизни безовта қилган нарсалардан узоқ туринглар. Мен ўша таъқиқланган мевадан еркан, виждоним безовта бўлди, аммо мен ейишда давом этдим ва пушаймон бўлдим.

5.Ҳар мавзуда бир-бирингиз билан маслаҳатлашинг. Агар мен таъқиқланган мевани ейишдан олдин малаклар билан маслаҳатлашсайдим, бошимга бу балолар келмасди.

Шақиқий Балҳи дейди: Тўрт минг важизадан тўрт юз донасини танладим. Ундан қирқтасини танладим. Қирқтадан шу тўрттасини танладим:

1.Хотинга кўнгил берма. Чунки у бугун сеники бўлса, эртага бошқаники бўлади.

2.Дунё молига кўнгил берма. Бу ҳам бугун сеники бўлса, эртага бошқаники бўлади.

3.Виждонингни безовта қилган нарсадан узоқ тур. Чунки мўминнинг қалби жонли бир гувоҳ кабидир, шубҳали вазиятларда безовта бўлади.

4.Натижасини ва оқибатини ўйлаб-ҳисобламасдан, ҳеч бир иш қилма.

Абдуллоҳ бин Умардан  (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Дунёда бир бегона ёки бир йўловчи каби бўл ва ўзингни ўликлардан ҳисобла”.

Мужоҳид дейди: Абдуллоҳ бин Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) менга шундай деган эди: “Тонгга етганингда нафсингга оқшомдан сўз очма, оқшомга етсанг нафсингга эртадан сўз очма.

Ўлимдан олдин-ҳаётингнинг, касалланмасдан олдин-соғлигингнинг қадрини бил. Чунки эртага исмингнинг ким бўлажагини билаолмайсан”.

Ким эҳтиросларини ва узун мақсадли амалларини жиловласа, Аллоҳ таоло унга шу тўртта имтиёзни беради:

1.Аллоҳ унинг ибодат этиш кучини орттиради. Чунки инсон яқинда ўлажагини билса, ноҳуш нарсаларга эътибор қилмай, ўзини ибодатга беради.

2.Дардлари озаяди. Чунки инсон яқинда ўлажагини билса, дардларни писанд қилмайди.

3.Оз нарсага қаноат қилади. Чунки инсон яқинда ўлажагини билса, дунёдан кўп нарса истамайди, ақли охиратда бўлади.

4.Қалби нурли бўлади. Чунки қалбнинг нурли бўлишига шу тўрт нарса сабабчи бўлади:

1.Оч қорин. 2. Солиҳ дўст. 3. Ишланган гуноҳларни унутмаслик. 4. Узун мақсадли амалларни жиловламоқ.

Чунки узун мақсадли амаллар билан машғул бўлган инсонни Аллоҳ таоло шу тўрт нарса билан жазолантиради:

1.Ибодатда танбаллик. 2. Дунёвий дардларнинг кўпайиши. 3. Бойлик тўплаш ҳирси. 4. Қалбнинг қорайиши.

Қалбнинг қорайиши эса, ўз навбатида, шу тўрт нарсага олиб келади: 1. Тўқ меъда (қорин). 2. Ёмон ошна. 3. Ишланган гуноҳларни унутиш. 4. Узун мақсадли амалларга тутилмоқ.

Бунга кўра, мусулмон ўзини узун мақсадли амалларга бағишламаслиги керак. Чунки мўмин ўзининг қайси нафасда, қайси одимда ўлишини билмайди.

Зотан Аллоҳ таоло:

“Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билгувчи ва огоҳдир”. (Луқмон 34)

“Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, муқаддам ҳам қила олмайдилар”. (Наҳл 61)

Демак, мусулмон ўлимни тез-тез эслаб туриши керак. Шунда мўмин шу олти нарсага соҳиб бўлади:

1.Охират ҳақида ўзига йўл кўрсатувчи илм.

2.Аллоҳга ибодат борасида уни қўллаб-қувватловчи дўст.

3.Душманни таниб ундан сақланмоқ.

4.Аллоҳнинг оятларидан ибрат олмоқ.

5.Қиёмат куни даво қилмаслиги учун ҳеч кимга ҳақсизлик қилмаслик.

6.Қиёмат куни шарманда бўлмаслик учун ўлимга тайёрланмоқ.

Ҳасан Басрийдан (Аллоҳ ундан рози  бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун саҳобийларидан:

– Жаннатга киришни истайсизларми?,- деб сўради.

– Албатта истаймиз, Ё Расулуллоҳ,- деб жавоб беришди саҳобийлар.

– Ундай бўлса, узун мақсадли амаллардан қочинг ва Аллоҳдан чинакамига уялинг!,-деди Расулуллоҳ а.с.

– Биз ҳаммамиз Аллоҳдан уяламиз,- дедилар саҳобийлар.

– Сизники ҳақиқий маънода Аллоҳдан уялиш эмас. Ҳақиқий маънода уялган бўлишингиз учун, мозористонни ва баданингизнинг чиришини эсда тутишингиз керак. Охират устунлигини орзу этган киши дунё зийнатидан воз кечиши лозим. Ана шунда қул ҳақиқий маънода Аллоҳдан уялган ва Унинг дўстлигига муяссар бўлган бўлади,- деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Ҳасан Басрийга кўра “Таврот”да  шу беш жумла ҳам бор:

1.Бойлик – қаноатдадир.

2.Саломат – узлатга чекинишдадир.

3.Ҳуррият – ҳаддан ошиқ орзуларга берилмасликдадир.

4.Севги – қарши тарафдан ҳеч нарса кутмасликдадир.

5.Узун йилларнинг бахтиёрлиги бир неча кунлик сабрга боғлиқдир.

Урва бин Зубайрдан ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳазрати Оишага (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деган:

“Ё, Оиша, агар охиратда мен билан бирга бўлмоқ истасанг, бир йўлчининг озиғи қадар дунёлик билан қаноатланишинг керак. Зинҳор бойлар билан ўтириб-турма, ямоқсиз киймаган либосингни эскига чиқарма”.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дуо этган:

“Ё Рабби, мени севган кўзитўқлилик, энг зарурий кун кечириш манбаи ила қаноатланиш туйғусини насиб айла. Мендан нафрат этганга кўп мол-мулк бер”.

Ҳасан бин Алидан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

Дунёга рағбат дард ва қайғуни кўпайтиради. Дунёга лоқайдлик эса қалбни ҳам, вужудни ҳам ҳузурга қовуштиради. Сиз ҳақда қўрққаним нарса фақирлик (йўқсиллик) эмас, аксинча бойликдир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна шундай деди:

“Бу умматнинг бошланғичдаги саодати дунёни писанд қилмай, қатъий бир иймонга таянган бўлса, унинг сўнг замонлардаги заволи хасислик ва узун мақсадли амаллар сабабли бўлажакдир”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси