Ёлғончи

Ёлғончи
31 views
31 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 221
(давоми)

ҚИРҚ БЕШИНЧИ МЎЖИЗА

Абу Ҳурайра ривоят қилур:

«Садақа, закотга келган бир қанча хурмо йиғилмиш эди. Расулуллоҳ мени унга қоровул қилиб қўйдилар. Қараб ўлтирсам, кечаси бир киши келиб, хурмодан ўғирлагани турди. Уни ушлаб олиб, Расулуллоҳга келтирмоқчи бўлдим.

— Муҳтожлигимдан бу ишни қилдим, энди иккинчи қилмайман, — деб кўп ёлворди.

Раҳмим келиб, қўйиб юбордим. Эрталаб Расулуллоҳ қошларига келдим эрса, саломдин сўнгра:

— Эй Абу Ҳурайра, бу кеча тутмиш асиринг қани, уни нима қилдинг? — дедилар.

Худо ҳаққи, ўзимдан бошқа бу ишни ҳеч ким билмаган эди.

— Отам-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, у кўп ёлворди, иккинчи қилмасга аҳд қилгач, раҳмим келиб қўйвордим, — дедим.

Анда Расулуллоҳ:

— Ул ёлғон айтадур, бу кеча яна келгусидур, — дедилар.

Муни англаб ўлтирдим. Расулуллоҳ айтқонларидек у яна келди. Уни тутиб олиб келдим, кўп ялинди, иккинчи қилмасга аҳд бериб қўлимдан яна бўшанди.

Эрталаб Расулуллоҳ олдиларига келдим. Мени кўргач:

— Эй Абу Ҳурайра, у ёлғончи сени алдаб, бу гал ҳам қутилиб кетибдур. Қараб тургил, бу кеча яна келур, — дедилар.

Ани пойлаб ўлтириб, яна ушлаб олдим.

— Энди сени Расулуллоҳ олдиға олиб боргайман, бошқа ҳеч иложи йўқдур, — деб қаттиқ турдим эрса, ул айтди:

— Мени бўшатур эрсанг, сенга бир нарса ўргатайким, ундан кўп фойда кўргайсан.

— Қани айтгил-чи, кўрайин, — дедим.

— Ҳар кечаси ётар чоғингда «Оятал курси»ни бир йўла ўқир бўлсанг, тонг отгунча бир фаришта сени сақлар. Шайтонни сенга яқинлаштирмагай, — деди.

Уни бўшатиб юбориб, Расулуллоҳ ҳузурига келдим эрса, уни сўрадилар.

Анинг айтган сўзини айтиб эдим:

— У ёлғончидур, лекин «Оятал курси» тўғрисида тўғри сўзламишдур, у шайтон эрди, — дедилар».

(давоми бор)