Ўзбек ёзувчиси Каримов ҳайкалига қарши чиқди

Ўзбек ёзувчиси Каримов ҳайкалига қарши чиқди
21 views
30 October 2017 - 18:56

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Москвада яшаб ижод қилаётган атоқли ўзбек ёзувчиси Темур Пўлатов Россия пойтахтида мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президентига ёдгорлик ўрнатилишига қарши чиққан.

Бу ҳақда ёзувчининг ўзи душанба куни Фэйсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянинга йўллаган мурожаатида Темур Пўлатов Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатиш қарорининг қанчалик мантиқий эканини савол остига олади.

“Сергей Семёнович, мен сиздан сўрамоқчиман: Каримовга ёдгорлик ўрнатишдан Москва ва бутун Россия давлатига қандай манфаат бор?”, деб ёзади Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Темур Пўлатов.

Мурожаатнинг давомида у “Қайси иши учун? Андижон учунми?. Эҳтимол, миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидадир Россиянинг манфаати?” деган саволларни қўяди.

“Бир сиз эмас, ҳуқуқ-тартиботчилар ҳам арзон ойлик учун россияликларнинг жойини олиб қўяётган дардисарлар ҳақида кўп гапиришди. Абортга қарши чиқаётган Бутун Россия патриархи Кирилл “туғинглар, бу Россияни меҳнат муҳожирларидан қутқаради!” деб айтди.

Албатта, ҳеч ким мигрантлар деган бу “бош оғриғи”ни Каримов яратгани ҳақида лом-мим демайди”, – деб ёзади рус тилида ижод қиладиган атоқли ўзбек ёзувчиси.

Ўтган жума Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги фармойишни имзолаган.

Ёдгорлик “Большая Полянка” кўчасидаги 39-уйнинг 1-иншооти ва 1-Казачий кўчасидаги 13-уй ўртасидаги хиёбонда ўрнатилади.

Хиёбон Ўзбекистон консуллик бўлими яқинида жойлашган.

‘Йўқотилган авлод’

Темур Пўлатовга кўра, Каримовнинг ўз бошқарувининг биринчи йилларидаёқ ўртага ташлаган “Ўзбекистон-келажаги буюк давлат!” деган шиори “марксча-ленинча бошқа шиорлар қатори уйдирма бўлиб” чиққан.

“Ўзбекистон мустақил бўлганидан кўп ўтмай, иш излаганлар оқими бошқа давлатлар, жумладан Россияга оқишни бошлади. Истибдодга чидамаган бошқа минглаб турли касб эгалари, мутахассислар мамлакатни тарк этишди”, – деб ёзади у.

Темур Пўлатов
Темур Пўлатовга кўра, ўз халқини дангаса деб атаган одамга ҳайкал қўйиб бўлмайди

Ёзувчининг фикрича, Каримов йилига мамлакат ғазнасини миллиардлаб долларлар билан тўлдираётган мигрантларга раҳмат айтиши керак эди.

“Бунинг ўрнига уларни “дангасалар” деб атади”, – дея давом этади адиб.

Темур Пўлатовнинг фикрича, “Ўзбекистон халқининг бир ўлкадан иккинчи бир ўлкага бу каби стихияли кўчиши ҳатто Туркистон Чор Россияси томонидан мустамлака қилинган вақт ҳам кузатилмаган”.

Расмий хабарнинг ёдгорлик мажмуаси Каримовнинг рафиқаси Татъяна Каримова ҳамда қизи Лола Каримова-Тиллаевалар таъсис этган жамғарма томонидан молияланиши ҳақидаги қисмига эътибор қаратган ёзувчи президентнинг оила-аъзолари номи билан боғланган миллиардларни хотирлайди.

“Президент оиласининг таржимаи ҳоли, хусусан, ҳозирда судга тортилиш арафасида турган тўнғич қизи Гулноранинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган миллиардлаб долларлари…

…Яқинда хорижлик журналистлар томонидан келиб чиқиши аниқланган Лоланинг миллиардлари ҳам шубҳа ва саволларни туғдиради: Россидаги ўзбеклар ишлаб топган пуллар ҳам унинг жамғармасига кетмаганмикан? Шундай экан, ўзининг меҳнаткаш халқини ишёқмас ва дангаса деб атаган одамнинг ҳайкалига қараб ўзбек мигрантлари ҳаёт учун шафқатсиз курашда ўзларини Ўзбекистоннинг яна бир йўқотилган авлоди деб ҳис қилмасмиканлар?”.

Ёзувчи ўзининг Фэйсбукдаги постига Каримовнинг Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи ўнгида бунёд этилган ҳайкали суратларини ҳам илова қилган.

Аввалроқ ёзувчи МХХ ҳибсхонасида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевни ҳимоя қилиб чиққанди.

Ислом КаримовИслом Каримовнинг Оқсарой ўнгидаги ҳайкали

У Рус Пен-марказининг ўзбек журналистини озод этиш ҳақидаги баёноти ташаббускорларидан бўлган.

Темур Пўлатов 1939 йилда Бухорода таваллуд топган.

“Ўзбекфильм” киностудиясида бош муҳаррир вазифасида ишлаган.

1991 йил сентябрида СССР Ёзувчилар Уюшмаси раҳбарлигига сайланган.

Адибнинг “Бўлак манзилгоҳлар”, “Душан қайсарнинг кўрган-кечирганлари”, “Бухоро хонадонининг кечмишлари”, “Мулк”, “Кунда-шунда”, “Ғойибнинг иккинчи сафари”, “Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам”, “Тарозий тошбақаси”, “Сузаётган Овроосиё” сингари асарлари адабиёт ихлосмандлари кўнглидан жой олган.

Москвада чоп этилган “Темур Пўлатов насрининг мифопоэтикаси” китобида жумладан шундай дейилади: “Пўлатовнинг қаҳрамони мавжудликнинг асосий саволларига жавоб излаб доимо саргардонлик Йўлида. Уйсиз, оиласиз, саҳрода, шаҳар оломони орасида, денгизда, барча кундалик фаровонликдан воз кечган ҳолда у ўзи ва дунё орасидаги уйғунликни қидиради”.

Темур Пўлатов асарлари араб, булғор, гуржи, инглиз, корейс, можар, монгол, олмон, поляк, серб, словак, урду, француз, форс, хитой, чех, япон тилларига таржима қилинган.

ЎҲҲ хабарлар бўлими