Фақирликнинг устунлиги

Фақирликнинг устунлиги
86 views
02 November 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(40)
(давоми)

ФАҚИРЛИКНИНГ УСТУНЛИГИ

Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга фақир мусулмонлардан бир элчи келди. У келиб, “Ё Расулуллоҳ, мен фақирлар тарафидан сенга элчи бўлиб келдим”, деди.

– Ҳам сенга, ҳамда сен тамсил этган Аллоҳнинг суюкли қулларига марҳаболар бўлсин!,- дея қаршилади уни Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Элчи шундай деди:

– Фақирлар дейди-ки, бутун хайирларни бойлар оляпди. Улар ҳажга боришади, биз бораолмаймиз. Улар садақа беришади, биз бераолмаймиз. Фақирлар хасталанганида, бойлар эҳтиёжидан ортганини уларга беришади…

Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга шу жавобни берди:

– Менинг номимдан фақирларга шуни айт. Орангизда ким фақат Аллоҳ ризосини ўйлаб, ўз ҳолига сабр этса, бойларда йўқ бўлган шу учта имтиёзга соҳиб бўлишади:

1.Жаннатда қирмизи рангда бир кўшк бор. Дунёда инсонлар юлдузларга қандай боққан бўлсалар, жаннатликлар ҳам бу кўшкка шундай боқарлар. Бу кўшкка фақат фақир пайғамбарлар, фақир шаҳидлар ва фақир мўминлар кираолади.

2.Фақирлар бойлардан ярим йил олдинроқ жаннатга киришади. Охиратнинг бир йили дунё йили билан беш юз йилдир. Бу муддат ичида фақирлар жаннатда истагани шаклда сафо сурадилар. Зотан, Ҳазрати Сулаймон дунёда ўзига берилган бойлик сабабли жаннатга бошқа пайғамбарлардан қирқ йил сўнгра киражак.

3.Фақир мусулмон самимий бир тил билан “субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса, бой ҳам айни сўзларни айни самимият билан сўйласа ҳам, фақирнинг даражасига чиқаолмайди.

Бошқа хайирли амалларда ҳам фақирларнинг мақоми юксакдир,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Фақирларнинг элчиси дўстлари ёнига бориб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларини уларга нақл этди. Фақирлар бир оғиздан:

– Ё  Робби, ҳолимиздан розимиз,- дейишди.

Имрон бин Муслимдан ривоят этилишича, Абу Зарр ал-Ғифорий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:

“Дўстим Расулуллоҳ менга мен авваллари ҳам амал қилганим шу етти нарсани менга тавсия этди:

1.Йўқсилларни севмоқ, уларга яқинлик кўрсатмоқ.

2.Моддий аҳволи мендан заифроқ бўлганларга боқмоқ, мендан бойроқ бўлганларга боқмаслик.

3.Мен билан қариндошлик алоқаларини кесганлар билан бу алоқаларни кесмаслик.

4.Тез-тез “ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” калималарини зикр этмоқ.

5.Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслик.

6.Аллоҳ учун ҳеч кимнинг танқидига эътибор этмаслик.

7.Аччиқ бўлса ҳам тўғри гапирмоқ”.

Ҳақиқатан ҳам , Абу Зарр ҳазратлари қўлидан ҳассаси тушса ҳеч кимдан “ҳассамни олиб бер”, деб сўрамасди.

Ҳайсамийнинг айтишига кўра, малаклар Аллоҳга: “Ё Робби, дунё кофир қулларингнинг оёқлари остига тўшалган, лекин улар балолардан ҳам узоқдадирлар”, дейишганида, Аллоҳ уларга: “Кофирларнинг чекажаги азоб устидаги пардани олиб ташланглар”, дейди. Парда кўтарилгач, жазоларни кўриб, “дунё неъматлари кофирларга фойда келтирмайди”, дейдилар малаклар.

Шунда  малаклар: “Ё Робби, мўмин қулларинг дунё неъматларидан маҳрум бўлгани (етмагани) каби, улар бир қанча балога ҳам учрамоқдалар”, дейишади.

Аллоҳ таоло малакларга “мўминларга бериладиган мукофотлар устидаги пардани олиб ташланглар”, деб буйруқ беради. Парда олиб ташланганида, мўминларга бериладиган неъматларни кўриб, “дунёда учраган балолар мусулмонларга зарар бера олмайди”, дейишади малаклар.

Абу Зарр ал-Ғифорийдан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Мол-мулки кўп бўлганлар энг паст даражададирлар. Фақат мулкидан шунча-шунча садақа берганлар мустасно. Аммо бундайлар жуда оздир”.

Пайғамбаримизнинг “мол-мулки кўп бўлганлар энг паст даражалидирлар”, деганинг маъноси шудир: Бой мўмин жаннатлик бўлса, жаннатнинг энг пастки қатида жойлаштирилади, жаҳаннамлик бўлса ҳам жаҳаннамнинг энг паст қатига туширилади.

Бу ҳукм ташқарисида қолган бойлар ўз бойлигини соғу-сўлига садақа сифатида тарқатадиган бойлардир. Бундайлари жуда оздир.

Ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди: “Шайтон бой одамни туширадиган учта тузоғи бор, бу тузоқлардан биттасига у мутлақо тушади, бу тузоқлар шулардир:

1.Бойлигини кўзига яхши кўрсатиб, закотини беришига тўсиқ бўламан.

2.Молини кераксиз жойларга сарфлатаман.

3.Ҳақсиз, ноҳалол йўллар билан бойлик орттиришга йўналтираман”, дейди шайтон.

Ривоятга кўра Абу Дардо (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Расулуллоҳга пайғамбарлик келганида мен тужжор эдим. Авваллари тижорат билан ибодатни бирликда юритмоқ истадим. Аммо бу икки иш ҳеч бир-бирига тўғри келмади. Шу боис, тижоратни ташлаб, ибодатга йўналдим.

Нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаман-ки, менинг ягона истаганим нарса  масжиднинг эшиги ёнида бир кичик дўконим бўлиб, ҳеч бир намозимни қолдирмасдан ўқиб, айни пайтда кунда 40 динор қозониб, уни Аллоҳ йўлида харжламоқ эди”.

Абу Дардо “нега тижоратни хор кўрдингиз?”, деган саволга “чунки ҳисоби (охиратда) жуда оғирдир”, деб жавоб берганди.

Ривоятга кўра Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Фақирлик дунёда машаққат, охиратда эса бахтиёрликдир. Бойлик дунёда бахтиёрлик, охиратда машаққатдир”.

Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ҳар кимнинг бир санъати ва хусусияти бор. Менинг санъатим ва хусусиятим – фақирлик ва жиҳоддир. Бу икки нарсани севган киши, мени севган кишидир. Бу икки нарсадан нафрат этган киши мендан нафрат этган кишидир”.

Мусулмон бой бўлса ҳам, фақирликни ва фақирларни севиши лозим. Чунки фақирларни севмак Пайғамбаримизни севмакдир.

Зотан Аллоҳ таоло шундай буюради:

“ Сиз ўзингизни эртаю-кеч Парвардигорларининг юзини-ризолигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти  дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф 28)

“Ўзингни Роббингнинг ризосини истаб, унга ёлворадиганлар билан бирга тут” оятининг нозил бўлишининг сабаби шудир:  Бир куни бир қабила бошлиғи бўлган Уяйна бин Ҳиссан Фирозий Пайғамбаримизни кўришга келганди. Бу пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнида Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабаший каби йўқсил саҳобийлар бор эди. Уларнинг либослари эски, бунинг устига ҳаммалари терлаган эдилар.

Қабила бошлиғи Уяйна Пайғамбаримизга: “Биз шарафли инсонлармиз, биз ҳузурингга кирганимизда у одамларни чиқариб юбор, чунки уларнинг ҳидидан ноҳуш бўламиз. Биз билан алоҳида кўриш”, деди.

Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга йўқсил мусулмонларни ташқарига чиқаришга ҳаракат қилмасликка амр этиб, “ўзингни эртаю-кеч Роббингни ризосини истаб ёлворганлар билан бирга тут”, деди.

Бу амр қиёмат кунига қадар келажак бўлган бутун мусулмонларни ичига олади.

Ҳасандан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Қиёмат куни бир қул Аллоҳнинг ҳузурига келтирилиб, Аллоҳ таолога – худди дунёда бир киши ўз дўстидан узр тилагани каби – у қулдан узр сўраб шундай дейди: “Буюклигим ва улуғлигим ҳаққи, сени пастга уриш учун сени дунё неъматларидан маҳрум қилмадим. Аксинча, сенга тайёрлаганим каромат ва устунликлар сабабли сени дунёда шундай яшатдим. Ё, қулим, шу оломоннинг ичига кир ва қара, фақат менинг ризомни қозониш учун сени ким едирди ва ичирди? Уни топиб кел, у кимсани сен учун кечираман”.

У кун инсонлар ўзидан чиққан терга ботиб, бўғилажаклар. Бу оломоннинг ичида ўша одам ўзига яхшилик этган одамларни топиб, тўғридан-тўғри жаннатга етаклайди”.

Ҳасандан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни “фақирларга яхши муносабатда бўлингиз, уларга ёрдам этинг, чунки улар имтиёзли инсонлардир”, деди.

Саҳобийлар “уларнинг имтиёзи надир?”, деб сўрашди.

Пайғамбаримиз шундай деди: “Қиёмат куни уларга шундай дейилажак: сизга ким бир парча нон, бир ютум сув ва ёки кийим берган бўлса, унинг қўлидан тутиб, тўғри жаннатга олиб боринг”.

Фақирларнинг шу беш каромати , шу беш устунлиги бор:

1.Фақирнинг намоз ва садақа каби ибодатлардан оладиган савоби бойларнинг айни ибодатлар учун оладиган савобидан анча кўпдир.

2.Фақир бир нарсани истаса-ю, аммо қўлга кирита олмаса, бу сабабдан дафтарига савоб ёзилади.

3.Фақир жаннатга бойлардан олдинроқ киради.

4.Фақирнинг охиратдаги ҳисоби бойникидан осонроқ кечади.

5.Фақирлар бойлардан озроқ пушаймон бўлишади.

Фақирларнинг бу устунликлари ҳадислар билан собитдир.

Зайд бин Асламдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни “баъзан бир сариқ лиралик садақа юз минг сариқ лиралик садақадан устундир”, деди.

Саҳобийлар “бу қандай бўлиши мумкин?”,деб сўрашганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Масалан, бир бой одам ўз бойлигидан 100 минг сариқ лира ажратиб беради, бошқа бир киши, чўнтагида фақат икки сариқ лира бўлгани ҳолда, унинг биттасини кўнгил ҳушлиги ила садақа қилиб беради. Бу ҳолатда бир лира берган киши 100 минг берган кишидан устун бўлади”, деди.

Ҳасандан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра – бир куни саҳобийлардан бири Пайғамбаримиздан “агар биз бир нарса истаб, истаган нарсамизни ола олмасак, бунинг учун ажр қозонамизми?”, деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга “бу сабабли ажр қозонмасангиз нима сабабли қозонасиз?”, деб жавоб берди.

Даҳқок дейди-ки: “ким бозорда кезар экан, бир нарса олишни истаса, аммо бу орзусини фақат Аллоҳ ризоси учун жиловласа, у 100 минг лираси бўлиб, ҳаммасини Аллоҳ йўлида харжлаган кишидан ҳам каттароқ ажр олади”.

Фақирларнинг устун бўлганига энг аниқ далил Аллоҳнинг шу буйруғидир:

(Эй мўминлар), намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангизлар”. (Нур 56)

Яъни, намозни қилинг, фақирларга уларнинг ҳақлари бўлган закотни беринг. Бу ерда Аллоҳ таоло фақирларнинг ҳақи билан Ўз ҳаққини бирга зикр этмоқда.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни “Жаннатнинг ҳукмдорлари кимлардир, сизга айтайми?”, деди.

“Айт, ё Расулуллоҳ”, дейишди саҳобийлар.

– Жаннатнинг ҳукмдорлари дунёнинг кўпгина неъматларидан тотиб кўрмаган, хўжайинларининг эшиклари олдларида очилмаган мазлум бечоралардир. Улар нафаслари очликдан ҳидланиб ўладилар аммо улар бир мавзуда Аллоҳ номига онт ичсалар Аллоҳ уларни ҳақли чиқарар,- деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

Ибн Аббоснинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтишига кўра, бойга ҳурмат кўрсатиб, фақирни ҳор кўрган кимса лаънатга учрагандир.

Абу Дардо (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Бой биродарларимизга ҳақсизлик қиляпсизлар. Ахир, улар еса, бизлар ҳам еяпмиз. Улар ичса, биз ҳам ичяпмиз. Улар кийинса, биз ҳам кийиняпмиз. Қўлларидаги ортиқча мулкка улар боқса, биз ҳам боқяпмиз. Аммо улар ҳисобга тортилажаклар, биз эса ҳисоблашувдан озодмиз”.

Машҳур зоҳид Хотами Той дейди: “шу тўрт нарсага риоя қилмасдан шу тўрт нарсани иддао этган киши ёлғончидир:

1.Ҳаромлардан қочмай туриб, Аллоҳни севганини иддао этган кимса.

2.Молини Аллоҳнинг амрига кўра харжламасдан “жаннатни севаман” деган кимса.

3.Суннатга риоя қилмай туриб, “Пайғамбаримизни севаман” деган киши.

4.Фақир ва йўқсиллар билан ўтириб-турмаган ҳолда, юксак даражаларга эришмоқ истаганини иддао этган киши.

Аҳли ҳикматдан бир зотнинг айтишича, шу тўрт ёмонликни қилган кимса хайирлар (яхшилик)нинг ҳаммасидан маҳрум бўлади:

1.Қўли остидаги ишлаганларга ва ўзидан заифларга ҳақсизлик этган кимса.

2.Ота-онасига осий бўлган кимса.

3.Йўқсилларга йўқсил бўлгани учун ҳақорат этган кимса.

4.Ҳеч кими йўқ, ёлғиз инсонларни ва бегоналарни хўрлаган кимса.

Ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Аллоҳ таоло менга бойлик тўплашни, тужжор бўлишни амр этмади. У менга “Роббингга  ҳамд этиб, Уни нуқсон сифатлардан узоқ тут ва сажда қилганлардан бўл, ўлгунча Роббингга ибодат қил”, дея амр этди”.

Абу Саид ал-Худрий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: Эй, инсонлар, қийинчилик ва муҳтожлик сизларни ҳалол бўлмаган ризқ ахтаришга мажбур қилмасин. Чунки мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Аллоҳим, менинг жонимни фақир ўлароқ ол, бой сифатда олма, қиёмат куни мени йўқсиллар орасида ҳашр эт (тирилтир)”, деб дуо этганини эшитдим. Бадбахтларнинг энг бадбахти – дунё фақирлиги билан охират азобини ўзида мужассамлаштирган кимсадир”.

Ривоятга кўра, Қодисия жанги пайтида қўлга киритилган ғаниматларнинг бир бўлими Ҳазрати Умарга (Аллоҳ ундан рози бўлсин) берилганда, у ғаниматларга қараб йиғлади. Буни кўрган Абдураҳмон бин Авф(ундан Аллоҳ рози бўлсин) “Ё Амирул мўминин, бугун севинч ва бахтиёрлик кунидир, сен нега йиғлайсан?”, деб сўради.

– Тўғри айтдинг, аммо бойлик ва ғанимат кимнинг қўлига тушса, ўша миллат орасига кин ва душманлик ҳам киргандир,- деб жавоб берди Ҳазрати Умар.

Ибн Аббосдан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ҳар умматга маҳсус бир фитна сабаби бўлади, менинг умматимнинг фитна сабаби – бойликдир”.

Абдуллоҳ бин Умардан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳнинг энг яхши кўргани инсонлар – фақирлардир. У энг севган Пайғамбарларини фақирликка сабр эттиргандир”.

Ҳасан Басрийнинг айтишига кўра, Аллоҳ таоло Ҳазрати Мусога “шу онда Мен яхши кўрган қулим ўляпди. Унинг ёнига бор, ўлигини юв, кафанга ўраб, тупроққа кўм”,дея амр этди.

Аллоҳнинг амри бўйича, Ҳазрати Мусо бу одамни бой маҳаллалардан ахтарди, топаолмади. Сўнгра харобаларда ахтарди. У ерда ҳам топаолмай қайтаётганда, бир гуруҳ ғишт қуювчиларга дуч келди. Улардан “бу ерда бугун ўлган биттаси борми?”, деб сўради. Ғишт қуювчилардан бири: “Ҳув, анави харобада бир ҳастани кўргандим, балки сен ўшани ахтараяпсан”, деди. Ҳазрати Мусо “ҳа”, деди ва у кўрсатган хароба томон юрди.

Харобада кимсасиз бир одам ётарди. Боши остига бир ғишт қўйганди.

Ҳазрати Мусо “шифо бўлсин”, деб унга уфлаган эди, боши ғиштдан ерга тушди.

Шунда Ҳазрати Мусо оёққа туриб, кўз ёшлари билан Аллоҳга илтижо қилиб: “Ё, Робби, бу одамнинг Сенинг энг суюкли қулларингдан бири эканини айтдинг, ҳолбуки, бу одам ҳаста, ёнида унга қарайдиган киши ҳам йўқ”, деди.

Аллоҳ таоло унга ваҳий йўли билан: “Ё Мусо, мен қулимни севсам, уни дунёдан тамоман маҳрум қиламан”, деди.

Уббод бин Касирнинг Ҳасан Басрийга таяниб, айтишига кўра, шайтон дунёда илк босилган тангани қўлига олиб, олдига қўйди ва “сени ким севса, у менинг қулимдир”, деди.

Ваҳб бин Мунаббиҳнинг айтишига кўра, “бир куни шайтон инсон шаклига кириб, Ҳазрати Сулаймон (а.с.)нинг ёнига борди. Ҳазрати Сулаймон унга: “қани, айтчи, Исонинг умматига нима қилмоқчисан?”, деб сўради.

“Уларни Аллоҳ ўрнига икки илоҳ танлашга чақираман”, деди шайтон.

“Хўп, Муҳаммаднинг умматига нима қиласан?”, деб сўради Ҳазрати Сулаймон.

“Уларни олтин ва кумуш тангаларга даъват этаман. Улар олтин ва кумушни “ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдан ҳам кўпроқ севажаклар”, деди шайтон.

Буни эшитиб, Ҳазрати Сулаймон “сенинг шаррингдан Аллоҳга сиғинаман”, деди.

Буни айтган заҳот шайтон кўздан ғоиб бўлди”.

Ибн Аббосдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Жаброил (а.с.) Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга экан, Пайғамбаримизга: “Бир оз сўнгра бир малак келади. У ер юзига биринчи марта тушяпти, фақат сенинг учун келяпти”, деди. Ва шу онда айтилган малак келди, пайғамбаримизга салом берди. Пайғамбаримиз унинг саломини олди. Малак:

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло бутун ҳазиналарнинг калитларини бир томонга, охиратдаги савобларни эса, иккинчи томонга қўйиб, сендан биттасини танлашни истаяпти,- деди.

– Бу сен санаган мукофотлардан охиратдагисини танладим,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Бажиддан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деди:

“Макка водийси менга олтин ва кумуш ўлароқ тақдим этилди. Аммо мен “Ё Робби, бир кун тўйиб овқат ейин, бир кун оч қолайин. Тўйганимда Сенга ҳамд этиб, оч қолганимда Сенга ёлворайин”, дедим.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси