Бобомурод Абдулла олдига адвокат киритиш ҳаракати самарасиз қолмоқда

Бобомурод Абдулла олдига адвокат киритиш ҳаракати самарасиз қолмоқда
53 views
04 November 2017 - 12:41
2 ноябр куни, Бобомурод Абдулланинг олдига қўйилмаётган адвокат Муножот Парпиева шикоятини Бош прокурор ўринбосари Алишер Мирасилов 10-15 кун ичида кўриб чиқишини билдирди. Бобомурод Абдулла терговида қатнашишга изн ололмагач, у МХХ терговчиларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан арз қилишга мажбур бўлди.

Орада жамоатчилик фаоллари журналистга бошқа ҳимоячи излашди. 1 ноябр куни адвокат Тўлқин Арифжонов МХХ терговчиси Александр Веселовга ҳибсда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳимоясига ордер топширди.

«Парпиева ҳали анча ёш, буниси анча катта ва тажрибали» дея таърифлади ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов журналистнинг янги адвокатини. Гуруҳ терговчиси Веселев адвокат Арифжоновни 3-4 кун ичида терговга чақиришни ваъда қилган.

Илгари Парпиева ҳам МХХ бошқармаси подполковниги Нодир Тўрақуловга, кейин эса гуруҳ терговчиси Александр Веселовга бир неча бор мурожаат қилган, гуруҳ терговчиси Веселев тергов қилинаётган журналист олдига Парпиевани 31 октябр куни киритишни ваъда қилган, бироқ у терговга киритилмаганди.

Бу орада, «давлат тўнтариши»да айбланаётган журналистнинг онаси Мадаминова Гавхаржон давлат ҳимоячиси Ш. М. Шариповга пул ҳам тўлади.

Бобомурод Абдуллаев тергови бир йилга чўзилиши мумкин

«3 ой кўрилиши керак экан, бир ойи ўтди. Лекин агар иш чўзиладиган бўлса бир йилгача қонун бўйича тергов ишларини олиб боришимиз мумкин дейишди» деди Икромов «Элтуз» мухбирига гуруҳ терговчиларига таяниб. Бундан ташқари, у ишдаги фигурантлар сони кўпаяётгани, ишнинг кенгайтирилаётганидан ҳавотирини билдирди.

Жумладан, Туркияда яшаётган «Эрк» партияси фаоли Ислом Холбой, шунингдек унинг ўғли ва синглисига қарши қарши жиноий иш очилганини таъкидлади у.

Ҳуқуқ фаолининг фикрича, бу ҳаракатлар мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни айбдор қилиш учун бўлаяпти.

«Муҳаммад Солиҳ оқланиши мумкин, бунинг олдини олиш учун қилинган бўлиши мумкин. 1999 йилги портлашлар сценарийси ҳам шундай тайёрланган эди. Энди булар янги президент олдида ўзларини кўрсатишмоқчи» деди Икромов.

Журналист Бобомурод Абдуллаев иши юзасидан бир МХХ ходими ҳам ҳибсга олинган, унга нисбатан «давлат сирини ошкор қилиш» айби қўйилмоқда.

Бир йил олдин ҳибсга олинган 27 ёшли Акром Маликов ҳам Бобомурод Абдуллаевга нисбатан очилган тергов иши фигурантига айланган. У интернетда Абдуллоҳ Нусрат номи билан мақолалар ёзиб келган эди.

Олдинроқ журналист Бобомурод Абдуллаевга маълумот етказганликда айбланиб бир боғбон ва яна бир ресторан бош менежернинг ҳам тергов қилинаётгани билдирилган эди.

«Элтуз» журналист Бобомурод Абдуллаевга қарши ишнинг боришини суриштиришда давом этади.

Манба: Eltuz.com