Тошкентда таниқли блоггер Ҳаёт Хон Насриддинов қўлга олинди

Тошкентда таниқли блоггер Ҳаёт Хон Насриддинов қўлга олинди
60 views
06 November 2017 - 16:34

“Озодик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва иқтисод фанидан дарс берган ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов МХХ томонидан ҳибсга олинган. Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, блоггер 20 октябр куни ҳибсга олинган ва айни пайтда, МХХнинг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Таниқли журналист Алексей Волосевич ўзининг Asiaterra.info Интернет нашрида хабар қилишича, 20 окятбрга яқин ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов (Ҳаётхон Ғайратович Насриддинов) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан қўлга олинган.

– Бу ҳақда менга ўзини Насриддиновнинг танишларимиз, деб таништирган кишилар хабар берди. Уларнинг айтишича, блоггер шу кунда МХХнинг Гвардейский кўчасидаги ҳибсхонасида сақланаяпти, дейишди. Ҳибс сабаблари – номаълум. Бундан ташқари, уни адвокатдан ўз ихтиёри билан воз кечган, деб айтишибди, МХХдагилар. Яқинлари хавотирда, – дейди журналист Волосевич.

Журналистнинг айтишича, Насриддиновнинг Тошкентда яшаётган оиласи матбуот билан алоқага чиқишни истмаётир. Волосевич бунинг сабаби оилага МХХ томонидан босим ўтказаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Ҳозир Россияда ишлаётган асли фарғоналик журналист, Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Данил Кисловнинг айтишича, Ҳаёт Хон Насриддинов 10 йилга яқин унинг нашрига мақолалар ёзган.

Данил Кисловга кўра, ҳибсга олинганига қарийб 15 кун бўлишига қарамай, блоггернинг нега ушланганига оид бирор маълумот йўқ.

– Унга қандай айблов қўйилганини ҳанузгача билмаймиз ва энг аянчлиси ҳам шу. Қарийб 16 кундан бери уни “инкоммуникадо” режими – яқинлари ва адвокат билан алоқадан узилган ҳолда сақлашмоқда. Унинг оиласи бизнинг агентлик билан алоқага чиқишга рози бўлмади, – деди Данил Кислов.

Ҳаёт Хон Насриддинов Фарғона.ру нашри учун ўз исми билан 15тага яқин жиддий таҳлилий мақолалар ёзган. “Уни журналист, деб ҳисоблайман”, дея баҳо берган Данил Кисловга кўра, 47 яшар Насриддинов асли тошкентлик иқтисодчидир.

Кисловга кўра, журналист иқтисод фани бўйича олий таълим олган. Кейинчалик Япония ва Жанубий Кореяда малака оширган, адашмасам, у ерларда ҳам олий таълим олишни давом эттирган. У иқтисод фанлари номзоди, банк иши бўйича 30тадан ортиқ илмий мақола муаллифи. Сўнгги йилларда Тошкентдаги 94-сонли мактабда дарс бераётган эди.

– Мен уни режимнинг танқидчиси, демаган бўлардим, аксинча у ҳукуматга мойил автор эди. Аммо, унда иқтисодий-сиёсий таҳлил кучли эди. Мақолалар 2013-2016 йилларда ёзилган. У дунёқараши кенг бўлган, зиёли, илмли журналист эди. У бизнинг агентликда ишламаган, аммо биз учун мақолалар ёзган. Шунингдек, 2005 йилларда у Ўзбекистонда тузилган “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг аъзоси ҳам бўлган ва бу ҳаракатлар бостирилган кезда, қисқа муддат ҳибс қилингач, Ўзбекистонни маълум муддат тарк этишга мажбур ҳам бўлган. 2011-йилларда, адашмасам, яна Тошкентга қайтган ва шундан сўнг мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди, – дейди Данил Кислов.

Бундан ташқари, Ҳаёт Хон Насриддинов “Озодлик” радиоси рус хизмати – Радио Свободага ҳам 30 дан ортиқ мақолалар ёзган. Унинг сўнгги мақоласи 2012 йилда чоп этилган. Ўз мақолаларда у Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий-иқтисодий ҳаётига оид актуал мавзуларни кўтарган, таҳлил қилган.

ЎХҲ хабаралар бўлими