Ичимлик суви учун тўловларнинг олдиндан тўланиши норозиликларга сабаб бўлди

Ичимлик суви учун тўловларнинг олдиндан тўланиши норозиликларга сабаб бўлди
20 views
17 November 2017 - 15:00

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ичимлик суви учун тўловларнинг олдиндан тўланиши интернет фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлган. Хабар остига изоҳ қолдирган ўзбекистонликлар ушбу чора халқни ўйлаб қилинмаганини билдиришди.

Президент Мирзиёевнинг фармонига кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда сув таъминоти 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолатда истеъмолчининг сув таъминоти узиб қўйилади.

Қайта уламоқчи бўлган истеъмолчилар таъминот гуруҳидан келиб чиқиб қарийб 300 минг сўм (37 доллар) дан 1,5 миллион сўм (185 доллар)гача жарима тўлашига тўғри келади.

Фикр билдирувчиларни тўловдаги номутаносиблик ажаблантирган.

“Ундай бўлса аввал иш ҳақини ҳам 100 % олдиндан тўлайдиган қилиш керакмасмикан?!”, дейди Хикмат Зиядуллаев.

Умиджон Шукуров Ўзбекистон бошқа маҳсулотларнинг ҳам нархи ошаётганини, бироқ маош кўтарилмаётганини айтади.

“Худога шукур олдиндан ҳамма тўловни қиламиз. Аммо ойликни кўтариш масаласини ким ҳал қилади. Доллар, бензин, цемент, шакар. Ҳаммаси кўтарилмоқда. Праваниям алмаштириш мажбурий пулга, суғурта, ишончнома, ҳаммаси пул, ойликдан дарак йўқ кўтарилишга. Ким буларга жавоб беради? Қарс деган товуш икки қўлдан чиқиши керак. Сал инсофли бўлинглар”.

Айримлар жамиятда ислоҳотлар олиб боряпти, деб янги ҳукуматни мақтаганлар қаерга йўқолиб қолди, деб киноя қилган.

“Одамларга қандай қилиб яшашни маслаҳат берасиз? Арзимас чақага эртаю кеч ишлаётган халққа ичингиз ачимайдими? Ҳамма нарсанинг нархини оширишмоқда. Нимага одамларнинг маошини ҳам мана шундай суъратда кўтаришмаяпти, имтиёз беришмаяпти, нафақа беришмаяпти? Одамлар қандай яшасин?”, дейди Nadira Masharipova.

Миллий бойликлар қаерга кетаяпти?

Farruh Samadov халқдан тушаётган солиқлар ва миллий бойликлар нима учун халқнинг фаровонлиги учун хизмат қилмаётганини сўрайди.

“Энг муҳими давлат бой булсин. Халк давлат учун 2-чи сортдаги одамлар. Қаерга кетябди шунча пуллар? Даромад солиғи, Ер солиғи, мулк солиғи, жарима пуллари, табиий ресурслар: газ, уран,руда (экспорт). Транспорт соҳасидан тушадиган даромадларчи?( УзАвтоСаноат). Ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни экспорт нархидан ўзимизга 1,5 баробар қиммат сотишади. Ўзини халқини устидан кулиш дегани эмасми бу? Ойликлар вақтида берилмаса, қандай қилиб, оддий одам олдиндан ҳақ тўлаши мумкин?”, дейди у.

Umida Bovanova сувга олдиндан пул ундиришни айрим ташкилотларда бошланганини айтади.

“Октябрни ойлигини ҳали олмадик. Тўлов учун лекин олдиндан сувга қўл қўйиб бердик”.

“Емаган сомсага қандай қилиб пул тўлаш мумкин? Қиззик-ку бу ёғи. Бир йўла терисини шилинглар одамларни” дея одамларнинг чорасизлигини изҳор қилган Нелли Абдуллаева.

Фикр қолдирувчиларнинг бир қисми Ўзбекистонда сув таъминоти қониқарли эмаслигини, ҳукумат пул ундириш билан бирга хизматни ҳам жойига қўйиши кераклигига эътибор қаратган.

“Сув пулини олдиндан ундириш ўрнига бу ёғини қойил-мақом қилиб қўйинглар. Олдин Юнусобода 13-кварталда авария деб тўрт кун отопления ва иссик сув бўлгани йўқ. Кеча отопления беришди. Батареяни ушласанг совуқ, ундан кўра ушлаб кўрган қўлимни исиғи яхшироқ. Иссиқ сувни бир соат очиб қўйдим иссиқ бўлгани йўқ. Иссик сув 1 ойдан бери шу аҳвол яна сизлар олдиндан пул ундиришни хоҳлаяпсизлар. Бу ёғига нима дейсилар?”, дейди Каромат Бакиев.

“Агар сув бекаму кўст берилса олдиндан тўлашга халқ рози бўлади. Лекин сифатли хизматка сифатли ҳақ тўланади. Сув таъминоти 1% ҳам эмас, насос бузилса ҳалқ пул йиғиб таъмирлайди. Ҳокимият ёки сув хўжалигидаглар ҳатто хорманглар ҳам демайди”, деб ёзади Dadabek Abdurahmonov.

Кимдир бундай тартибга рози бўлишдан бошқа чораси йўқлигини ёзган бўлса, яна кимдир Ўзбекистондан чиқиб кетишлик бу каби муаммоларга ечим бўлиши мумкинлигини айтган.

Шухрат Хамидуллаев бу нарса янгилик эмаслигини ёзган.

“Салонгаям пул тўлаб қўйиб шахсий мошинангизни ойлаб кутасиз-ку шунга ўхшаган нарсада бу ҳам. Фақат энди бу ишларнинг кўламини кенгайтиришяпти”.

ЎХҲ хабарлар бўлими